22.11.2022

ЁЛҒОН АХБОРОТ

Ҳозирги глобаллашув даврида энг асосий муаммога айланган иллатлардан бири – ёлғон ахборотдир. Айниқса, ижтимоий тармоқларда турли асоссиз маълумотларни тарқатиш, турли бўҳтонлар ва уйдирмаларни асоссиз равишда урчитиш ҳолатлари учрамоқда. Айрим соддадил мусулмонлар мана шундай уйдирмаларга ишониб, ёлғон ва бўҳтонга шерик бўлиб, бир қанча вақтларини зое ва беҳуда сарфламоқдалар. Энг ачинарлиси бунинг оқибатида инсонларнинг обрў ва шаънлари топталмоқда, мусулмон инсон номига номаъқул гаплар айтилмоқда, таъна тошлари отилмоқда, шариатимизда қайтарилган улкан бузуқликларга йўл очилмоқда. Ваҳоланки, ёлғончиликнинг нақадар жирканч эканини Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай деганлар: “Агар банда ёлғон гапирса, ёлғони бадбўйлигидан фаришта ундан бир мил нарига узоқлашади” (Имом Муслим ривоятлари). Ўтган улуғларимизнинг ҳаётларини кўздан кечирадиган бўлсак, улар вақтларини ҳеч исроф қилмасдан дунё ва охират фойдаси учун сарфлаганларини кўрамиз. Улуғларимиздан Абулвафо Ибн Ақил ҳазратлари айтадилар: “Тилим гапиришдан, кўзим китоб мутолаасидан қолган тақдирда ҳам, умримнинг бир лаҳзасини беҳуда ўтказишимни ўзимга муносиб деб билмайман. Дам олиш учун ётган пайтимда ҳам фикримни ишлатиб, ёнбошлаган ҳолимда хотирамдаги нарсаларни хатга тушуришни ўйлайман”. Абу Саид ал-Худрий разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Боқий қолувчи солиҳ амалларни кўпайтиринглар!” Шунда, нима у эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўралди. У Зот алайҳиссалом: “Улар такбир, яъни “Аллоҳу акбар”, таҳлил, яъни “Ла илаҳа иллаллоҳу, Муҳаммадур расулуллоҳ”,  ҳамд, яъни “Алҳамду лиллоҳ” ва ҳавқала, яъни “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” деб жавоб берганлар” (Имом Аҳмад ривоятлари). 

Луқмони Ҳакимдан: “Бундай олий фазилатларга қандай эришдингиз?” – деб сўрашибди. У зот: “Рост сўзлаш, омонатдорлик ва фойдасиз ишларни тарк этиш билан эришдим”, дея жавоб берган эканлар. Ибн Умар разияллоҳу анҳу айтанлар: “Кечга етсанг, тонгни кутма, тонгга етсанг кеч бўлишини кутма. Соғлигингда касаллик учун, ҳаётингда ўлиминг учун насиба ол (яъни, соғлик ва ҳаётингдан унумли фойдалан)” (Имом Бухорий ривоятлари).

Хулоса шуки, мўмин-мусулмон киши вақтини аҳли аёли ва фарзандларининг илм-маърифатини ошириш йўлида ҳам банд қилиши ҳам зарурдир. Чунки киши доимий равишда ўзини устида ишлаб, илмини ошириб бориши билан биргаликда қўл остидаги аёли ва фарзандларига билганларини ўргатиши керак. Аллоҳ таоло барчамизни боқий қолувчи солиҳ амалларни адо этишга муваффақ қилсин!

 

Обиджон Исмоилов - Сариосиё туман "Имом 

Низомиддин Сангардакий"жоме масжиди имом хатиби

Izoh qoldirish

Izohlar