23.11.2022

ОЛИЙ ФАЗИЛАТЛИ ХУЛҚ

Бизлар бугунги кунда бир-биримизга ёмонлик қилиб қўйсак, кечирасиз деб айтишга ҳам ботина олмаймиз. Аслида, узр сўраш юқори савиядаги маданият ҳамда олий фазилатли хулқлардандир. Қолаверса, Ислом динида, ирқий камситиш ёки миллат ажратиш, инсон зотини таҳқирлаш қораланган. Инсон қайси миллат ва ирқдан бўлмасин, унга нисбатан камситиш – маънавий қашшоқликдир! Ислом тарихидан маълумки, Абу Зарр разияллоҳу анҳу билан Билол ибн Рабоҳ разияллоҳу анҳу ўрталарида бироз келишмовчилик бўлиб, аччиқланган Абу Зарр разияллоҳу анҳу Билол ибн Рабоҳга: “Эй қора хотиннинг ўғли, мени босиб олдинг!” – дегандилар, Билол ғазаб қилган ҳолда ўрниларидан туриб: “Аллоҳга қасам, мен бу ишни Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламга айтаман”, – дедилар.  Бу хабар етказилганида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламнинг юзлари ўзгариб кетди ва: Эй Абу Зарр! Онасини айбладингизми? Сизда жоҳилият одатлари бор экан”, – дедилар.  Абу Зарр йиғладилар ва: “Эй Аллоҳнинг расули, менга истиғфор айтинг” дедиларда, масжиддан йиғлаган ҳолда чиқиб кетдилар.  Кейин Билолнинг олдига келиб, юзларини тупроққа қўйдилар-да: “Аллоҳга қасам, то оёғинг билан юзимни эзғиламагунингча, бошимни кўтармайман. Сен олижаноб кишисан, мен эса – пасткашман”, – дедилар.  Билол ҳам йиғлаб унга яқинлашдилар-да, унинг юзидан ўпдилар. Сўнгра: "Аллоҳга қасамки, Аллоҳ учун бир марта бўлса ҳам сажда қилган юзни оёғим билан босмайман”, дедилар. Кейин икковлари ўринларидан туриб, бир-бирларини қучоқлаб, йиғида давом этишди. Дўстлик ва биродарчиликка путур етказадиган масалалардан бири – турли масалаларда ихтилоф қилиш, бехуда тортишувларга киришишдир.Бир устоз ўз шогирдларидан сўради: - Одамлар ўзаро жанжаллашганида нима учун бақириб гапирадилар? - Чунки улар ўз тинчларини йўқотадилар, безовта бўладилар, - деди шогирдлардан Бирикмади   - Лекин ёнгинасида турган одамга бақириб гапириш нима учун керак?  Ахир шивирлаб гапирса ҳам эшитадику? - сўради яна устоз.Шогирдлар турли хилдаги жавобларни бердилар. Шунда устоз деди  - Одамлар ўзаро жанжаллашганида уларнинг қалблари бир-биридан узоқлашиб кетади. Хулоса ислом дини инсонларни доимо бир-бирлари билан яхши муомалада бўлишга буюрар экан, уларнинг муомалалари беғараз бўлиши учун ўзаро муносабатлари ҳам самимий бўлиши лозимлигини таъкидлайди. Аллоҳ таоло барчаларимизни Ўзининг розилиги йўлида дўстлашувчи солиҳ бандаларидан қилсин!

 

Сариосиё туман Имом Низомиддин Сангардакий 

жоме масжиди имом хатиби Обиджон Исмоилов.

Izoh qoldirish

Izohlar