ҲАЛОЛЛИК - ИККИ ДУНЁ САОДАТИ
Аллоҳ таолога шукурлар бӯлсинким, халқимиз учун нима ҳалолу нима ҳаром экани азалдан маълум бўлган ва бугунги кунги ҳаётимизда ҳам мўмин мусулмонларимиз оғзидан ҳам "Ҳалолингдан бергин илоҳим, ҳаромдан Ўзинг сақлагин " каби иборалар тез тез эшитилиб туради.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундаӣ марҳамат қилади:
“Эй, имон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бӯлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”
(Бақара сураси 172-оят).
Шундай экан, меҳнатимиз, касб-у коримиз, таомимиз ҳалоллик асосида бўлиши ва поклик мезонида ўлчанишлиги керак .
Саҳобаи киромлардан Саъд ибн Аби Ваққос разияллоҳу анҳу Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўзларини ҳаққиларига Аллоҳ таолодан дуо сўраб беришларини сўраб: Менинг дуоим ижобат бўлиши учун дуо қилинг, эй Аллоҳнинг Расули, дедилар. Шунда Расулаллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига айтдиларки: Луқманг, яъни ейдиган овқатинг ҳалолдан бўлсин, шунда дуоинг шаксиз ижобат бўлади.
Ҳалол меҳнат қилиш фазилати ҳақидаги ҳадисда эса Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: Кимки ҳалол меҳнат қилиб чарчаб тунаса, гуноҳлари кечирилган ҳолда тонг оттиради, Аллоҳ таоло ундан рози бўлади.
Тарихга назар соладиган бўлсак, Одам алайҳиссалом деҳқончилик, Идрис алайҳиссалом хаттотлик, Нуҳ алайҳиссалом дуродгарлик, Довуд алайҳиссалом эса темирчилик билан шуғулланган. Пайғамбарлар меҳнат билан шуғулланиб бизларга ўрнак бўлган экан, бизлар ҳам ўзимиз ёқтирган касбнинг устаси бўлиб, оиламизни, фарзандларимизни ҳалол покиза ризқ , таом билан боқишимиз керак, шундагина фарзандларимиз динига ватанига садоқатли бўлади, ва бу тажрибаларда синалган.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимки тиланчилик қилишдан сақланиш, оиласини боқиш ва қўни-қўшниларига мурувват қилиш мақсадида ҳалол йўл орқали ризқ топиш билан машғул бўлса, қиёмат кунида у Аллоҳ таолога юзи тўлин ойдек ёруғ бўлган ҳолда йўлиқади”. Бу ҳадиси шариф ҳар биримизнинг дастурул амалимиз бўлиши зарур.
Ҳалол меҳнат, поклик, ҳалоллик, кишини улуғлайди ва жаннатга етаклайди.
Табарониӣ ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: “Гуноҳлар ичида шундайлари борки, унга фақат ҳалол ризқ топиш мақсадида қилинган ҳаракатгина каффорат бўлади”. Шундай экан, келажагимиз бўлмиш жондан азиз фарзандларимизга ҳалол касб-ҳунар ўргатиб, уларни ҳеч қачон ўзгаларнинг ҳақига кўз тикмайдиган, ватани, халқи, дини учун жон фидо қиладиган руҳда тарбия қилмоғимиз лозим. Ва шу билан биргаликда биз мўмин мусулмонлар ҳар кунги ҳаётимиз давомида ҳалол калимаси моҳиятига чуқурроқ эътибор беришимиз зарур бўлади.
Абдуҳошим Ҳамидов - Денов туман
Нурил-Ислом жомеъ масжиди Имом хатиби.
Izohlar