21.11.2025

Беш ташаббус — соғлом авлод, пок тафаккур ва шукроналик ҳаётининг калити

Соғ танда соғлом ақл — бежиз эмас бу нақл

“Соғ танда соғлом ақл” деган нақл халқимиз тафаккурида чуқур илдиз отган ҳикматдир. Унда инсоннинг жисмоний бақувватлиги, руҳий барқарорлиги ва фикрий саломатлиги ўртасидаги узвий боғлиқлик мужассам. Тан соғлом бўлса, тафаккур тиниқ бўлади, қалбда шукроналик, ҳаётда ижобийлик пайдо бўлади.

Шунингдек, Ислом дини инсон саломатлигини, руҳий покликни ва ақлнинг тиниқлигини Аллоҳнинг буюк неъматларидан бири сифатида эътироф этади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) марҳамат қиладилар: “Икки неъмат бор, кўп одамлар уларнинг қадрига етмайдилар: соғлик ва бўш вақт.” (Бухорий ривояти)

Демак, соғ танда соғлом ақл нақли — бу нафақат халқ ҳикмати, балки исломий ҳақиқатдир. Инсон танини асраса, руҳини тозаласа, ақли чархланади, қалби эса шукр ва тавозу билан тўлади. Бугунги Ўзбекистон шароитида бу ҳикмат ўз ифодасини Президентимиз Шавкат Мирзиёев илгари сурган беш муҳим ташаббус орқали топмоқда. Бу ташаббуслар диний қадриятларимиз – соғлом ҳаёт, ҳалол меҳнат, илмга интилиш ва шукроналик ғояларининг амалий ифодасидир. Мазкур ташаббуслар ёшлар ҳаётига мазмун, маънавият ва соғломлик олиб кириб, уларни Ватанга садоқатли, шукроналик туйғусига бой инсонлар этиб тарбиялашни мақсад қилган.

1-ташаббус: Санъат орқали қалб поклиги ва шукроналикни ҳис этиш

Мусиқа, адабиёт, театр ва санъат инсон руҳини тарбиялайди, қалбни нозиклаштиради. Буюк мутафаккирлар “Санъат – руҳнинг сўзсиз тили” деб бежиз айтишмаган. Инсон мусиқа тинглаб, шеър ўқиб, гўзал манзарага назар ташлаганда қалбида Аллоҳ ато этган неъматларга нисбатан шукроналик туйғуси пайдо бўлади. Бугун юртимизда ҳар бир туманда фаолият юритаётган маданият марказлари, санъат мактаблари ва ижодий тўгараклар ёшлар учун руҳий тозаликка йўл очмоқда. Бу ташаббус туфайли ёшлар ўз истеъдодини намоён этиб, ўз ҳаётидан миннатдорлик туйғусини ҳис қилмоқда. Санъат орқали тарбия — бу соғлом ақл ва миннатдор қалб уйғунлигининг энг гўзал кўринишидир.

2-ташаббус: Спорт – тана соғломлиги ва иродали тафаккур манбаи

Пайғамбаримиз (с.а.в.) болаларни камондан отиш, сузиш ва от чопишга ўргатишни тавсия қилганлар. Чунки соғлом тана – ибодатнинг, меҳнатнинг, илмнинг асоси. Демак, танани асраш – ибодатнинг бир қисмидир. “Соғ танда соғлом ақл” деган ҳикмат айнан спорт ҳаёт тарзига айланганда тўлиқ рўёбга чиқади. Спорт инсонни сабр, бардош ва ирода билан қуроллантиради. Танасини чиниқтирган ёшнинг ақли чархланади, юрагида ғурур ва шукроналик уйғонади. Бугунги кунда мамлакатимизда минглаб ёшлар спорт тўгараклари орқали соғлом ҳаёт сари қадам ташламоқда. Стадионлар, сузиш ҳавзалари, футбол майдончалари, жисмоний тарбия дарслари — буларнинг барчаси давлатимизнинг ёш авлодга бўлган эътиборининг ифодасидир. Шундай эзгу ғамхўрликка қараб, ҳар бир ёш юрагида: “Аллоҳим, таним соғ, юрагим тинч, юртим обод — шукр сенга!” деган туйғу жўш уради.

Дарҳақиқат, Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган имом-хатиб ва имом-ноиблар ўртасида ташкил этилган “Муфтий кубоги” спорт ўйинларининг вилоят ва республика босқичлари спорт исломда ҳам қанчалик муҳим ўрин тутишини яққол далили бўла олади.

3-ташаббус: Технология – илм ва ақл қуввати билан шукр йўлида

Ахборот асрида ҳар бир ёш учун технологиялар билим, ўсиш ва имкон эшигидир. Аммо бу воситалардан тўғри фойдаланиш, уларни эзгуликка йўналтириш зарур. Ақл соғлом бўлмаса, технология инсонни банд этади; ақл пок бўлса, у инсонни юксалтиради. Президент ташаббуси билан ўқув марказлари, ИТ-парклар, рақамли таълим лойиҳалари йўлга қўйилгани ёшларнинг тафаккурини кенгайтирмоқда. Бу эса илм ва ақлнинг уйғунлашувидир. Технология имконларидан фойдалана туриб, инсон ўзини “Шундай замонда, шундай юрт раҳнамолигида яшаётганим учун шукр!” деб ҳис қилса, бу – соғлом тафаккурнинг белгиси.

4-ташаббус: Китобхонлик – тафаккур чироғи ва шукроналик мактаби

Исломнинг биринчи нозил бўлган ояти “Иқро” — “Ўқи!” бўлган. Китоб – тафаккур ва маънавият чироғи. Китоб ўқиган инсон нафақат билим олади, балки ҳаётнинг мазмунини, Яратганнинг ҳикматини англайди. Ўқиш орқали инсон тафаккур қилади, ўзини, ҳаётини ва юртидаги тинчликни қадрлайди — бу эса шукроналикнинг юксак даражасидир.

Китоб ўқиш — бу нафақат билим олиш, балки шукроналикни ўрганишдир. Ҳар бир саҳифа инсонни ўз ҳаёти, мавжуд имконлари ва юртидаги тинчлик ҳақида ўйлашга ундайди. Ўзбекистонда ўтказилаётган “Ёш китобхон” танловлари, кутубхоналар фаолиятининг жонланиши ёшларнинг маънавий оламини бойитмоқда. Китоб ўқиган инсон ҳаётнинг гўзаллигини кўради, унга миннатдорлик билдиради, тафаккури эса тиниқлашади. Китоб билан ошно бўлган ёш “соғ танда соғлом ақл” ҳикматининг тирик намунаси бўлади — у тан соғлом, ақли чархланган, қалби эса шукр билан тўла.

5-ташаббус: Аёллар бандлиги – оилада тинчлик ва шукроналик манбаи

Аёл — ҳаётнинг нури, оиланинг тинчлиги, жамиятнинг таянчи. Аёл меҳнат қилса, оилага барака киради; аёл банд бўлса, жамиятда шукроналик ва тотувлик мустаҳкамланади. Президентнинг бешинчи ташаббуси аёлларнинг касб-ҳунарга ўргатилиши, уларнинг бандлиги ва иқтисодий мустақиллигини таъминлашга қаратилган. Бу ташаббус туфайли минглаб опа-сингилларимиз ўз ҳаётидан рози, фарзандлари эса шукрни, меҳнатни ва ҳалолликни ўрганмоқда. Шундай оилаларда тарбияланган фарзандлар соғлом, ақлий баркамол ва шукроналик руҳида улғаяди.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Исломда соғлом тана, соғлом ақл ва соғлом руҳ бир бутунликни ташкил этади. “Соғ танда соғлом ақл” ҳикмати – Қуръон ва суннатдаги ҳаёт мезонининг амалий ифодасидир. Президентнинг бешта ташаббуси эса бу қадриятларни замонавий ҳаётга уйғунлаштирган ҳолда ёшларни нафақат жисмонан, балки маънан ҳам пок, шукроналик руҳида тарбиялаётган миллий дастурдир. 

Шуларнинг самараси ўлароқ бугунги Ўзбекистон ёшлари соғлом тана, соғлом тафаккур ва шукроналик руҳида вояга етмоқда. “Соғ танда соғлом ақл” ҳикмати энди нафақат оғизда айтиладиган нақл, балки ҳаёт мезонига айланган. Унда инсон саломатлиги, маънавий баркамоллиги, илмий тафаккури ва миннатдорлик туйғуси уйғунлашган. Бугун ҳар бир юртдошимиз юрагидан қуйидаги сўзлар кечади: “Таним соғ, юрагим тинч, юртим обод, фарзандларим бахтли — шукр сенга, Эй Яратган!”. Шундай шукроналик руҳида яшаган халқ ҳеч қачон орқага чекинмайди, балки соғлом тан, соғлом ақл ва соғлом ғоя билан порлоқ истиқбол сари интилади.

 

Ярашев Ҳабиб - Термиз шаҳар “Мангузар” жоме масжиди имом ноиби

Izoh qoldirish

Izohlar