17.11.2025

АБДУРРАҲМОН ЖОМИЙ — БУЮК МУТАФАККИР, ШОИР ВА ОЛИМ (1-қисм)

Шарқ адабиёти тарихида ўзининг бой маънавий мероси, чуқур фалсафий қарашлари, гўзал ғазал ва достонлари билан ўчмас из қолдирган зотлардан бири бу — Абдурраҳмон Жомий (1414–1492)дир. У нафақат форс-тожик адабиётининг, балки бутун ислом оламининг энг йирик алломаларидан бири сифатида танилган. Жомий ижоди Шарқ мумтоз адабиётининг энг юксак чўққиларидан бири бўлиб, у ўз асарлари билан нафақат ўз даврида, балки кейинги асрларда ҳам кўплаб адиблар, шоирлар ва олимларга илҳом манбаи бўлиб хизмат қилган.

Абдурраҳмон Жомий 1414-йилда Хуросон вилоятидаги Жом шаҳрида таваллуд топган. Унинг тўлиқ исми Нуриддин Абдурраҳмон ибн Аҳмад Жомий бўлиб, “Жомий” тахаллуси туғилган жойи — Жом шаҳридан олинган. Ёшлигидан илмга чанқоқ бўлган Жомий дастлабки таълимни отасидан олган. Кейинчалик у Ҳирот шаҳрига кўчиб ўтиб, у ерда ўз даврининг энг машҳур мадрасаларида таҳсил олди. Жомий Ҳиротдаги “Дилкаш” (Навоий маълумотига кўра, “Низомия”) мадрасасига кириб, ўз даврининг таниқли тил, адабиёт олимлари ва мударрислари қўлида таҳсил олган. Шу даврдаёқ у араб тилини мукаммал ўргана бошлаган. Кейинроқ Жомий ўз билимини ошириш учун Самарқандга келади ва Улуғбек мадрасасида буюк фалакиётшунос Қозизода Румий (1364-1436), Али Қушчи (1403-1474)дан таҳсил олиш билан бирга, фиқҳшунос Фазлуллоҳ Абуллайс Саъдиддин Тафтазоний (1322-1390) каби машҳур уламоларнинг асарларини чуқур ўрганади. Бу йилларда у тил ва адабиётнигина эмас, риёзиёт, фалакиёт, фалсафа, ҳуқуқшунослик фанлари, дин асослари, ҳадис ва тафсир илмларини ҳам чуқур ўрганади, олимларнинг турли мавзулардаги мунозара ва мубоҳасаларида қатнашиб, етук олимлиги билан танила бошлайди.

Жомий Ҳиротга қайтгач, тасаввуф йўлига киришни, ўз билим ва фаолиятини шу йўлга, қолаверса, ижодга, илм-фанга бағишлашни афзал кўради. У ўзига пир қилиб Шайх Саъдиддин Кошғарийни (1377-1456) танлайди, Ҳиротнинг жоме масжидида унинг суҳбатларини тинглайди. Саъдиддин Кошғарий тасаввуфда Муҳаммад Нақшбанд сулукига мансуб эди. Жомий машҳур суфийлар билан яқиндан мулоқотда бўлади. Муҳйиддин ибн ал-Арабийнинг асарларини чуқур мутолаа қилади. Ўзининг мутасаввифлик фаолиятида Баҳоуддин Нақшбанд ғояларини шу сулукнинг иккинчи бир йирик намояндаси — Хўжа Аҳрор Валий (1404-1490) билан яқин муносабатда бўлган ҳолда янада ривожлантирди. Расман ўзини кундалик “Маломатия” тариқатига мансуб деб ҳисобласа-да, асарларида Нақшбандга ихлоси баланд бўлган. Жомий Хуросонда темурийлардан Шоҳрух, Абулқосим Бобур, Абу Саид ва Ҳусайн Бойқаро подшоҳлиги даврида яшади. Хуросонда Ҳирот тахтига темурий Султон Ҳусайн Бойқаро ўтиргандан сўнг Жомийнинг мамлакатдаги мавқеси жуда ортади, чунки Султон Ҳусайн ва унинг кўп авлодлари ўзларини унга мурид деб эълон қилган эди.

 

Ҳошимжон Низомиддинов – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси 

 

“Имом Термизий”ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar