26.11.2022

САБР

Аллох таоло коинотда уч оламни яратди. У оламларнинг бирида фақат ҳурсандчилик ва шодлик бўлади. У ерда қайғу-машаққатнинг ҳиди ҳам бўлмайди. Бу жаннат оламидир.

Иккинчиси, қайғу, машаққат ва ғамга тўладир. Унда на хурсандчилик, на ором бўлади. Бу, дўзах оламидир.

Учинчи оламда хурсандчилик ҳам, ғам ҳам, роҳат ҳам, машаққат ҳам бор бўлиб, бу, биз яшаётган дунëдир. 
Шу сабабли, бу дунёда қийинчилик, ғам-андуҳ етмаган инсоннинг ўзи бўлмаган ва бўлмайди ҳам. Инсон қанчалар бой, қанчалар озод, қанчалар яхши ва тақводор бўлмасин, тақдирида ёзилган ҳурсандчилик билан ғамга, роҳат билан машаққатларга рўбарў бўлади. Ўтган улуғ-улуғ Пайғамбар алайҳиссаломлар ҳам машаққат ва қийинчиликларни бошларидан ўтказганлар.
Ким ҳаёти давомида ўзига бирор машаққат ва ғам-ғусса етмаслигини хоҳласа, демак у бу дунё ҳақиқатидан бехабар киши экан. Унинг бу истаги ҳеч қачон амалга ошмайди. Инсонларга етаётган қийинчиликлар катта-кичиклигига кўра фарқ қилади, албатта. Лекин, бу дунёда машаққатлардан тамомила қутулиш мумкин эмас.Инсон сабрсизлик қилиб ҳар вакт, ҳар жойда ўз гами ва такдиридан нолийверса ҳам бари бир машаққатлардан кутула олмайди. Лекин, бу кетишда, бир кун келиб у машаққат кайғусининг ўлжасига айланади. Бошқа томондан, бошга тушган мусибатга сабрсизлик қилиш - энг катта йўқотиш ва савобдан бебаҳра қолишдир. Чунки, ҳар бир мусибат инсон учун ажр олиш воситасидир.
Бунинг акси ўлароқ, инсон машаққат ва безовталик пайтида куйидагиларни фикр қилиши лозим: "Бир неча кунлик дунё машаққати, ғамларидан хеч ким мутлақо кутула олмайди ва Аллоҳ таолонинг бирор ҳукми ҳикматсиз эмас. Ҳоҳ унинг ҳикмати бизга тушунарли, ҳоҳ тушунарсиз бўлсин, бунинг фарқи йўқ. Шу боис, Аллоҳ таолонинг ҳукмига шикоят қилиш ўрнига унинг ҳақиқатига имон келтиришим лозим. Гарчи, у машаққат менга етиб, дилим қийналса-да, Аллоҳ таоло ҳукмига бирор шикоятим йўқ. Чунки, У менга нима яхши-ю, нима ёмон эеанини ўзи  билади. Бошимга синов келганда Аллох таоло томон юраман, У менга уни яхши қилиб қўйиб, қалбимга сакинатни ато қилади ва келажакда мени бетоб қилиб қўядиган ташвишлардан асрайди”.
Мазкур фикрнинг номи "сабр”дир. Унинг фойдаси инсонга тасалли бериб, безовталикни камай- тириши ва қалбга кувват беришидир. Шунингдек, сабрлиларга Аллох таоло томонидан беҳисоб савоб берилади. Куръони каримда бу ҳакида шундай дейилади:

إِنَّمَا يُوَفَّى الصَّابِرُونَ أَجْرَهُم بِغَيْرِ حِسَابٍ.      

“Албатта, сабр қилувчиларга мукофотлари бе ҳисоб берилур". (Зумар, 10-оят)
Ёдда тутингки, машаққат вақтида калбда безовталикнинг пайдо бўлиши гуноҳ эмас. Ғам келганида беихтиёр йиғининг келиши ҳам сабрсизликка кир- майди. Бесабрлик Аллоҳ таолонинг хукмига эътироз билдириб, шикоят қилишдир. Қалбда безовталик олови ëниб, инсон табиати паришон бўлса, кўзга бот-бот йиғи келади. Лекин, инсон Аллох таолонинг такдиридан шикоят қилиш ўрнига, Унинг ҳикматига имон келтирса, бунинг номи "сабр", дейилади. Бунинг учун Аллох таоло томонидан беҳисоб ажр ваъда қилинган. Сабрнинг аломати қалбда сиқилиш пайдо бўлганда, қуйидаги оятни тиловат килишдир:


إِنَّا لِلَّهِ وَإِنَّا إِلَيْهِ رَاجِعُونَ.


"Албатта, биз Аллоҳнинг мулкимиз ва албатта, биз Унинг сари қайтувчилармиз”. (Бақара, 156-оят) 
Кайси одам қайғу-ташвиш пайтида юқоридаги оятларни ўқиса, у банда борасида Аллох таоло шундай дейди:


أُولئِكَ عَلَيْهِمْ صَلَوَاتٌ مِّن رَّبِّهِمْ وَرَحْمَةٌ وَأُولئِكَ هُمُ
الْمُهْتَدُونَ.


"Айнан ўшаларга Парвардигорлари томонидан салавот (мағфират) ва раҳмат бордир ва айнан улар, ҳидоят топувчилардир". (Бакара, 157-оят) Шунинг учун ҳам уламолар: "Сабр минглаб ибодатларнинг  ўрнига ўтувчи ибодатдир",- деб жуда  тўғри айтадилар. У оркали инсон руҳий камолот топиб, катта-катта макомларни эгаллайди.

 

ҲАБИБУЛЛОҲ домла Саидов - Сурхондарё вилояти Термиз

 шахар "Ҳаким-Термизий" жоме масжиди имом-ноиби

Izoh qoldirish

Izohlar