23.10.2025

Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлган “Яқин қариндошларингизни огоҳлантиринг” деган оят нима учун айнан Шуаро сурасида нозил бўлди?

Махфий даъват уч йил давом этгач Аллоҳ таоло Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга Шуаро сурасининг 214-ояти “Яқин қариндошларингизни огоҳлантиринг” оятини нозил қилди. Бу даъватни ошкора қилинишининг дастлабки босқичи эди. Айнан шу оят нозил бўлгандан кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам яқин қариндошларини ошкора динга даъват қила бошлади. Энди саволимизга қайтадиган бўлсак, ушбу оят нима учун Шуаро сурасида нозил бўлди?

Шуаро сураси Анбиёлар қиссаси билан бошланиб, унда Мусо алайҳиссаломнинг нубувватларининг аввалидан то Бану Исроил қавмини олиб Мисрдан Фиравннинг зулмидан қочиб кетгунча баён қилинган. Бундан ташқари бу қиссада Мусо алайҳис саломнинг Фиравн ва унинг аҳлини динга даъват қилишлари, тўлиқ ёритилган. 

Яна шунингдек, бу сурада Нуҳ, Ҳуд, Солиҳ, Иброҳим, Лут ва Шуайб алайҳиссаломларнинг қавмлари билан бўлган воқеалари ҳам тўлиқ баён этилган. Ушбу сура давомида айтилган қиссалардан сўнг Аллоҳ таоло Росул Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга “Яқин қариндошларингизни огоҳлантиринг” деган оятини нозил қилди. Гўёки, юқорида айтилган Анбиёларнинг қисса ва ҳодисалари Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга эргашган саҳобалар учун намуна бўлгандек эди. Чунки улар яқин бир тўсиқни олдида тургандилар. Уларга ҳам қарши чиқувчилар, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган илоҳий шариатни ёлғонга чиқарувчилар тез орада чиқиши аниқ эдида. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло ушбу воқеаларнинг кетидан юқоридаги оятни нозил қилди. 

Бундан ташқари Аллоҳ таоло Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотга эргашган саҳобалар учун сабр қилиши керак эканлигини, ёлғонга чиқарувчилар ва динни душманлари учун Аллоҳнинг азоби бор эканлигини, гўзал хотима эса мўминларга тегишли эканлигини билдиришни истамоқда. 

 

Софиюрраҳмон Муборакфурийнинг Ар-Роҳиқул Махтум асари асосида тайёрланди.

 

Хамидов Абдулбосит - Имом Термизий номидаги ислом институти, ислом тарихи фани ўқитувчиси

 

 

Имом Термизий НИИ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar