29.11.2022

АНВАР ШОҲ КАШМИРИЙНИНГ УСТОЗ ВА ШОГИРДЛАРИ 1-қисм

Асрининг ҳофизи, муҳаддис, муфассир, фақиҳ, тилшунос, шоир, имом, шайх, буюк Аллома  Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий ибн Шайх Муъзам Шоҳ ибн Шоҳ Абдулкабир ибн Шоҳ Абдулхолиқ ибн Шоҳ Муҳаммадакбар ибн Шоҳ Муҳаммадориф ибн Шоҳ Ҳайдар ибн Шоҳ Али ибн Шайх Абдуллоҳ ибн Шайх Масъуд Ан-нарварий Кашмирий 1875 йил 26 ноябр (1292 ҳижрий йил 27 шаввол) шанба[1] куни эрталаб Ҳиндистонинг Кашмир шаҳридаги Водвон қишлоғида дунёга келди. Унинг аждодлари Бағдоддан Ҳиндиистоннинг Мултон шаҳрига кириб, ундан Лоҳур шаҳрига, сўнгра Кашмир шаҳрига кўчишган. 

Анвар Шоҳ зиёли оилада дунёга келди, отаси Суҳровардия тариқатидаги шайх, катта олимлардан эди. Онаси ҳам ўта ибодатли, солиҳа, тақводор аёл бўлган. Кашмирий солиҳ, карамли ота-онасининг меҳрибонлиги соясида, нозик ва гўзал тарбияси остида ўсди. Отаси таҳажжуд намозига турганда, уни ҳам турғизиб ёнига оларди. Гўдаклигидаёқ унга барака эшиклари очилиб, унинг тарбиясида бундай эътибор кейинчалик ўзининг юксак таъсирини ўтказди. Натижада буюк олимлардан, энг катта фақиҳлардан, замонасининг ниҳоятда  улуғ даражадаги муҳаддисларидан бирига айланди.

Отаси ва Кашмирдаги устозларидан кўпгина илмларни жамлагач 1305/1888 йили улуғ олимлар йўлидан юриб, илм йўлида сафарга чиқди ва Ҳиндистоннинг Шимолий қисмига бориб, у ердаги моҳир ва тақводор олимлардан 3 йил давомида билимини оширди. 

Кейинчалик 1310/1893 йили бу зот Ҳиндистоннинг энг гуллаган, ёрқин жойи – “Девбанд дорул улум (универститети)”ига борди. Ҳақли равишда Девбанддаги бу университет Ҳинд ўлкасининг “Қуртуба (Кардоба)”си ва “Азҳар”и деб саналарди. Бу даргоҳ нақлий ва ақлий билимлар устаси, моҳир, дунёга машҳур уламолари ила чароғон эди. Анвар Шоҳ бу илм масканида шундай шахслар билан суҳбатда бўлдики, улар умумий билимлар соҳиби бўлишдан ташқари ўзларида орифлик, авлиёлик сифатларини жамлашганди. Шунингдек, улар ўткир фикрли, ўта сезгирликларидан ташқари ширинсухан, меҳрибон, виқорли, суннат ва тақво, зуҳду парҳезгорлик соҳиби эдилар. Уларга Шайх Маҳмуд Ҳасан ибн Зулфиқор Али Девбандий[2] бошчилик қиларди.  Кашмирий бу улуғ устоздан ўзи интиқ бўлган ҳикматларни топди ва унинг зоҳирий ва ботиний илмлари булоғидан қониб-қониб ичди. Девбандда Анвар Шоҳ яна бир аллома, муҳаддис Муҳаммад Исҳоқ Маданийга шогирд тутинди. Ушбу икки буюк устозларидан ҳадиси шариф китобларини ўтказиб олди. Кашмирий: “Мен “Саҳиҳи Бухорий”ни, “Сунани Абу Довуд”ни, “Жомеъут Термизий”ни ҳамда Марғилонийнинг “Ҳидоя” асаридан охирги икки жузъини шайхимиз Маҳмуд (қуддиса сирруҳу, ваф: 1339/1902)га ўқиб берган бўлсам, “Саҳиҳи Муслим”, Насоийнинг кичик сунанлари, ибн Можанинг сунанларини Шайх Муҳаммад Исҳоқ Кашмирийга ўқиб берганман”[3], дея хабар беради. Девбaнддаги учинчи энг катта устози Шайх Халил Аҳмад Соҳаранпурий (ваф: 1346/1908) бўлиб унинг ҳузурида ҳам кўплаб китобларни таълим олди. Бу устози илмни Шайх Яъқуб Нонутий ва Шайх Мазҳар Нанутийлардан олган. Анвар Шоҳ 1313/1896 йили ушбу таълим масканини тамомлади ва тафсир, ҳадис каби фанларнинг асл, ўзак китобларидан таҳсил олиб, замонасининг бармоқ билан саналадиган, ўткир қарашли, тақводор, фазилатли олимларидан бирига айланди.[4]

 

Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий 

ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси


 

[1] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 1 (pdf 10).

[2] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 6.

[3] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 6.

*Аллома Анваршоҳ Кашмирий.Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ. –Байрут:Дорул қалам.5 нашр.1412. –Б.15.

[4] Абдулҳай Лакнавий.Нузҳатул хавотир.–Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.–Б.81.

 

Izoh qoldirish

Izohlar