30.11.2022

ҚУРЪОН ЎРГAНИШНИНГ ОДОБЛAРИ 2-қисм

Қуръон қироати қоридан икки нарсани – тажвид ва тадаббурни талаб этади. Биринчиси ҳар бир Қуръон ўқувчига фарзи айн бўлса, иккинчиси вожибдир.

Дастлаб Қуръонни тажвид билан ўқиш ҳақида.

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадиларки:

عُنْ عُثْمَانَ بْنِ عَفَّانَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ ﷺ قَالَ: «خَيْرُكُمْ مَنْ تَعَلَّمَ الْقُرْآنَ وَعَلَّمَهُ». رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

 «Яхшиларингиз – Қуръонни ўрганганларингиз ва уни ўргатганларингиздир», дедилар». (Бухорий ривояти).

Бу ҳадисда Куръонни ўрганувчи ва ўргатувчилар умматнинг энг яхшилари экани айтилаётган бўлса, бир ояти каримада тиловат барча ибодатнинг аввалида саналган: 

“Албатта, Аллоҳнинг китобини тиловат қиладиган, намозни қоим қиладиган ва Биз уларга ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ этадиган…” (Фотир, 29)

Аллоҳ таолонинг бизга раҳмат, шифо ва дастуруламал қилиб берган каломининг қадрига етиш ана шу нуқтадан — қироат қоидаларига амал қилишдан, одобларини ўрнига қўйишдан бошланади.

Энди тадаббур – оятлар маъносини англаш, тушуниш ҳақида.

Қуръони Карим бизга фақат тиловат қилиш учун тушурилмаган, балки уни тушуниб, тафаккур қилишимиз учун, қалбларимиз таскин ва ором олиши учун, англаганларимизга амал қилиб, ҳаёт тарзимизни ўнглашимиз учун нозил қилингандир. Бу ишларнинг ҳаммаси тадаббур билан бўлади. Айрим уламолар бу борада “Тадаббурсиз қироат қироат эмас”, деган қоидани ҳам ўртага ташлашган. Зеро, Қуръон лафз ва маънолари билан нозил бўлган. 

Аллоҳ таоло Сод сурасининг 29-оятида: 

“(Эй Мухаммад) Ушбу Қуръон одамлар оятларини тадаббур қилишлари ва ақл эгалари эслатма олишлари учун Биз сизга нозил қилган муборак Китобдир”, дейди.

Яна бир оятда мўмин бандаларини васф этиб: 

“Уларга Парвардигорларининг ояти эслатилган вақтда у (оятларга) гунг ва кар ҳолларида ташланмайдилар” (Фурқон, 73) деб айтади.

Қуйидаги ҳадис ҳам тадаббур ва тафаккурнинг вожиблигига далолат қилади. Ато ибн Абу Рабоҳ айтади: Убайд ибн Умайр билан Ойшанинг (розияллоҳу анҳо) ҳузурларига кирдик. Ибн Умайр: “Расулуллоҳдан (соллаллоҳу алайҳи васаллам) кўрганингиз бир ажойиброқ нарсани сўзлаб беринг”, деди. Шунда Ойша (розияллоҳу анҳо) йиғлаб юборди ва айтдики: “У зот бир кечаси туриб: “Эй Ойша, мени холи қўй, Роббимга ибодат қиламан”, дедилар. Мен: “Худо ҳаққи, мен сизнинг ёнингизда бўлишни яхши кўраман, шунингдек, сизни хурсанд қиладиган нарсани ҳам яхши кўраман”, дедим. Кейин туриб, таҳорат олдилар, сўнг намозга киришдилар. Йиғлайвердилар, ҳатто ёноқлари ҳўл бўлиб кетди. Яна йиғлайвердилар, ҳатто ер ҳўл бўлиб кетди. Билол намозга азон айтгани келди. Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи васаллам) йиғлаганларини кўриб: “Эй Расулуллоҳ, сиз ҳам йиғлайсизми? Ваҳоланки, Аллоҳ таоло сизнинг аввалгию охирги гуноҳларингизни кечирган-ку!” деди. Шунда у зот айтдилар: “Шукр қилувчи банда бўлмайинми? Бу кеча менга шундай оятлар тушдики, ким уларни ўқиб, улардаги нарсани тафаккур қилмаса, унга вайл бўлсин!” дедилар, сўнг “Осмонлар ва ернинг яралишида…” оятини охиригача ўқидилар” (Ибн Ҳиббон ривояти).

Бу хабарлар кўплаб уломаларимизнинг ҳаётига қандаи таъсир қилганига назар ташласак, Аллоҳнинг оятларига бизнинг қай ҳолда ташланаётганимиз ўз-ўзидан маълум бўлиб қолади.

Хулоса шуки, Қуръоннинг лафзларига ва маъноларига эътибор берайлик. Аллоҳ салафи солиҳларимизнинг йўлини бизга ҳам берсин.

 

Исоқали Салоҳиддинов – Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar