01.12.2022

Анвар Шоҳ Кашмирийнинг устоз ва шогирдлари 2-қисм

 

Аллома Анваршоҳ Кашмирийнинг илмидан баҳраманд бўлиш учун узоқ-яқиндан кўплаб илм истовчилар келиб, ундан турли билимларни ўзлаштиришарди. Алломадан таълим олганлар сони икки мингдан ошади. Шу ўринда Кашмирийнинг илмий таъсирининг ёйилишини баҳолаш учун шогирдларидан энг кўзга кўринганлари, машҳурлари ҳақида қисқача сўз юритамиз. 

1.Шайх Бадрул олам Миртаҳий 1316/1898 йили туғилган бўлиб, Ҳиндистонда туғилиб ўсган. Дастлаб замонасининг билимларини ўзлаштирган, кейин шаръий билимларни ўрганишга киришган. Ҳадис китобларини Аллома Кашмирий ҳузурида ўқиган. Сўнгра Мадинага кўчиб бориб, ўша ерда Бақиъ қабристонида дафн этилган.

Миртаҳийнинг ҳадис илмига қизиқиши юқори бўлиб, урду тилида ҳадис борасида “Таржумону-с-сунна” номли китоб ёзган. Бу мавзуда ушбу тилда бу китобга ўхшаши бўлмаган. “Файзу-л-борий” китобида Кашмирийнинг илмий жиҳатини жамлаган. Шунингдек, қодиёнийликка қарши кўпгина раддия китоблар ёзган.

2.Муфтий Муҳаммад Шафиъ ибн Муҳаммад Ёсин 1314 ҳижрий йилда зиёли оилада туғилган. Қуръонни ёдлаб, бошланғич диний таълимни отасидан олгач, Девбанд университетида ўқиган. У ерда Кашмирий бошчилигидаги олимлардан ўқув дастурларини тўлиқ ўзлаштирди. Кейинчалик Ушбу Университетда саккиз йил давомида фатво бериш мансабида ишлади.

Ҳиндистон инқилобидан кейин Муфтий Муҳаммад Шафиъ Покистоннирнг Каротиший шаҳрига борди ва мадраса ҳамда шариат қонунлари билан фаолият олиб борувчи бир жамиятни ташкил этди. Унинг тафсир, ҳадис, фиқҳ борасида, шунингдек, қодиёнийликка қарши ҳамда замонавий янги пайдо бўлган масъалаларга нисбатан раддиялари бор. 

Муфтий Муҳаммад Шафиъ 1396 ҳижрий йили 10 шавволда Каротишийда вафот этди.

3.Муҳаммад Юсуф Баннурий ибн Саййид Закариё 1326/1908 йили туғилган.  Бошланғич таълимни Афғонистоннинг Кобул шаҳрида олди. Сўнгра ўрта таълимни Пешоварда, ундан кейин Девбанд университетида олий таълимни олган. Устози Кашмирий Девбанддан айрилгач, у билан бирга Добҳил деган жойга борди ва устозининг вафот этгунига қадар ёнида туриб, ундан кўп илм ўрганди. Кашмирий вафотидан сўнг Добҳилдаги мадрасада устозининг ўрнига таълим бериш ва бошқарув ишларига масъул бўлди.Ҳиндистондаги инқилоб ва сиёсий бўлинишлардан сўнг у ҳам Покистондаги Каротиший шаҳрига бориб, машҳур бир мадрасага асос солди. Унинг кўплаб асарлари бўлиб, “Маорифу-с-сунан фи шарҳи Сунан Термизий” уларнинг энг машҳуридир. Лекин уни охиригача етказа олмасдан 1977 йили вафот этган[1].

Баннурий Қоҳирадаги Ислом олами кенгаши ва Маккадаги Ислом олами алоқалар кенгашида бир неча марталаб аъзо сифатида қатнашган. Покистон ҳукуматидан қодиёнийликнинг нотўғри эътиқод ва қараш эканлигини тасдиқловчи қарор чиқарилишида катта ҳисса қўшган.

4.Шайх Муҳаммад Идрис ибн Ҳофиз Муҳаммад Кандеҳлавий 1317/1900 йили Ҳиндистоннинг Баҳуфол шаҳрида туғилган. Қуръонни ёдлаб, сўнгра бошланғич таълим олган. Кейинчалик ҳадис, тафсир илмларини Шайх Халил Аҳмад ва Кашмирийдан олган. Бу икки олим илмидан фойдалангач Аминия мадрасасида, ундан кейин саккиз йил Девбанд университетида мадаррислик қилган.

Ҳиндистон инқилобидан кейин Покистонга кўчиб борган ва  Боҳовалфур шаҳридаги Аббосия, сўнгра Балоҳурдаги Ашрафия университетида шайул ҳадис лавозимида ишлаган. 

Умрини ҳадисларни ўрганиш ва ўргатишга бағишлаган бу олимнинг асарлари юздан ошган. Асарлари ичида “Ат-таълиқу-с-собиҳ фи шарҳи мишкотул масобиҳ”, “Сийратул мустафо”, “Ал-хилофату-р-рошида”, “Ал-ислом ва-н-насрония” энг машҳурларидандир. Шайх Муҳаммад Идрис 1394/1974 йили вафот этган.

Ҳинд диёрида ҳадис илмида энг машҳур муҳаддислардан  Ҳабибурроҳман Аъзамий 1319 ҳижрий йили туғилган бўлиб, ўзи туғилган шаҳрида бошланғич таълим олгач, 1337 йили Девбанд университетига кириб, у ерда Кашмирийдан таълимини тугал қилди. Шайх Аъзамий ҳадис, фиқҳ, тафсир, адабиёт бўйича катта олим бўлим етишди. Аммо ҳадис ва рижол илмида кўпроқ шуҳрат топди. Машҳур ҳадис тўпламларини тадқиқ ва таҳқиқи билан шуғулланди. Уламолар унинг ҳинд ичида ва ташқарисидаги илмий изланишларини юқори баҳолаб, ҳадис илмидаги фазли ва юксак даражасини эътироф этишди.

5.Ҳабибурроҳман Аъзамийнинг ёзган машҳур таҳқиқлари: Абдурраззоқнинг (ваф. 211 ҳ.)[2] “Мусанниф” китоби, Саид ибн Мансурнинг “Сунан” китоби, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг (ваф. 227 ҳ.) “Зуҳд ва рақоиқ” китоби, Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалонийнинг (ваф. 852 ҳ.) “Ал-матолибул олийя бизаваиди-л-масаниди ас-саманийя” китоби, Ҳайсамийнинг (ваф. 807 ҳ.) “Кашфул асрор ъан заваиди-л-баззор”, Ҳумайдийнинг (ваф. 219 ҳ.) “Ал-муснад” китоби. Аъзамий ушбу асарларга таҳқиқ ёзиш билан бир қаторда, яна кўплаб урду тилидаги асарлар ҳам ёзган. Ёзган асарлари илмий қитлам томонидан жуда яхши қабул қилиниб, қайта-қайта нашр этилган. Аъзамий 1412/1992 йили вафот этган.

6.Муҳаммад Манзур Нуъмоний ҳам машҳур ҳинд олимларидан бўлиб, ўзи ўсиб улғайган қишлоғида бошланғич таълимни олгач, 1343 ҳижрий йили Девбанд университетига ўқишга кирди ва у ерда икки йил ўқиб 1345 йили битирди. Ушбу муддат ичида Аллома Кашмирийнинг илмидан кўп фойдаланди. Кейинги ҳаётини ислом динига одамларни қизиқтириш, одамларни ислоҳ қилиш, китоб ёзиш, барлавий ва шийъа каби адашган оқимларга қарши раддия бериш билан ўтказди. Унинг кўпгина асарлари бўлиб, улар ичида саккиз жилдли “Маорифул ҳадис” асари алоҳида ажралиб туради. Ушбу урду тилида ёзилган ҳадис тўплами жуда манфаатли шарҳи сабабли бирор бир олимни қизиқтирмай қолмайди. Муҳаммад Манзур Нуъмоний 1417[3] ҳижрий йили вафот этган.

 

 

Ҳошимжон Низомиддинов – Имом термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси


 

[1] Муҳаммад Абдуллоҳ Ансорий. “Аш-шайх Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий ароуҳул иътиқодийя”. Уммул қуро унив. Макка 2000. – Бет.46.

[2] Муҳаммад Абдуллоҳ Ансорий. “Аш-шайх Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий ароуҳул иътиқодийя”. Уммул қуро унив. Макка 2000. – Бет.48.

[3] Муҳаммад Абдуллоҳ Ансорий. “Аш-шайх Муҳаммад Анвар Шоҳ Кашмирий ароуҳул иътиқодийя”. Уммул қуро унив. Макка 2000. – Бет.49.

Izoh qoldirish

Izohlar