06.12.2022

ОИЛАНИ МУСТАҲКАМ ҚУРАЙЛИК

Халқимизда онасини кўриб қизини ол, деган пурмаъно нақл бор. Ўйлаб кўрилса, шу тўрт сўзнинг замирида бутун бир фалсафа, ҳаёт тажрибаси ётади. Чунки, фарзандни, айниқса қизларнинг тарбияси, келажакда қандоқ аёл бўлиб вояга етишида онанинг ўрни беқиёс. Она боғбон, у ўз боғида ундирган ниҳолнинг тўғри, текис ва гўзал бўлиб ўсиши, атрофдагилар ундан баҳра олиб, боғбонига раҳмат айтишига  ёки аксинча бўлишига сабабчидир. Она токи қизини узатгунга қадар у учун олий намуна, андоза вазифaсини бажаради. Аёл фарзандига амалий ўрнак бўлиш билан бирга, панд-насиҳат қила олишни ҳам билиши лозим. Бу айниқса, янги ҳаёт остонасида турган қизларга асқотади. Шу ўринда бир оқила аёлнинг қизига тўйи куни қилган насиҳатларини келтириб ўтамиз: 

Эй қизим, туғилиб ўсган ва вояга етган уйингдан чиқиб, ўзинг билмайдиган, нотаниш бир уйга борасан. Эй менинг жигарпорам, суюкли қизим, кўзимнинг нури, болажоним! Сен эрингга шундай хизмат қилки, у ҳам сенга хизматкор бўлсин! Сен унга ер бўлки, у сенга осмон бўлсин! Сен эрингга бир уй бўл, у сенга устун бўлсин! Меҳрибон қизим, меҳрибоним! Онам ҳам мени турмушга бераётиб онасидан эшитган панду насиҳатларини менга айтгандек, бугун эса бу насиҳатларни сенга айтаман жон қулоғинг билан эшитгин. 

Улар ҳеч ёдингдан кўтарилмасин. Қаноат соҳибаси бўл. Ўз ҳолингга шукр қил. Яъни эринг уйга нимаики олиб келса, у хоҳ ейдиган, хоҳ киядиган нарса бўлсин, хушфеъллик билан, гўзал одоб билан қабул қилиб ол. Эрингга итоат қил, қил деган ишларини қил, қилма деганини қилма. Уйнинг ичини, ташқарисини ниҳоятда тоза тут. Уст-бошингни тоза тут, овқатни вақтида таёрла, эрингнинг моли ва ашёсига жуда эътиборли бўл ва унинг қариндош ва яқинларига ҳурмат кўрсат. Умр йўлдошингнинг сирини бошқаларга айтма. Яна шуни яхши билиб олгинки, эринг хафа бўлганда сен хурсанд бўлишдан ёки у хурсанд бўлганда сен хафа кўринишдан жуда эҳтиёт бўлгин. Бу панду насиҳатларимни ўзинга сингдириб  олгин шунда эринг билан баҳтиёр ҳаёт кечирасан. 

Бугунги кунда мустақил ҳаётга қадам қўяётган келинларимиз оналаримизнинг панду насиҳатларини олсалар жамиятда, келин-куёвлар ўртасида арзимас сабабларга кўра пайдо бўладиган жанжалларга сабаб бўлмайди. Хонадонга тушиб келган келинни қайнота ва қайнона ўз қизидек келин ҳам уларни ота-онасидек кўрса албатта оила мустаҳкам бўлади. 

 

Хайрулла Мардонов – Имом Термизий ўрта махсус ислом 

таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

Izoh qoldirish

Izohlar