“Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимоти: мотуридийлик алломаларининг таълимот ривожидаги ўрни” 1-қисм
Мотуридия таълимоти ҳақида сўз борар экан аввало мусулмонлар ақидасининг етук ҳимоячиси, бу ақидани ривожлантириб илмий асосда талқин қилган олимлари ичида энг ёрқин юлдуз бўлган зот, IX-X асрнинг мураккаб шароитида Самарқанднинг Мотурид қишлоғида қишлоғида туғулиб, юксак мутакаллим ва мутафаккир, йирик фақих атоқли олим даражасига кўтарилган Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Махмуд Мотуридий ас-Самарқандийни эслаб ўтиш жуда ўринлидир. Бу зот ўзига хос калом мактабига асос солиб Ҳанафий мазҳабининг байроғини баланд кўтарган ва унинг ғоявий пойдеворини мустахкамлаб аҳли сунна вал жамоа эътиқодини қатъийлик билан ҳимоя қилган инсондир. Мутазила, Исмоилия, Қарматия ва Ботиния фирқалари томонидан тарқатилган ақидавий тушунчаларнинг асоссизлигини исботлаб берди. Имом Мотуридий ҳижрий 257-йилда Самарқандда таваллуд топди. Дастлабки таълимни Самарқанд туманидаги Мотурид қишлоғида олган бўлса, уни олим сифатида шаклланишида у яшаган ва билим олган Самарқаддаги муҳит катта аҳамиятга эга бўлган.
Имом Мотуридий яшаган IX аср эътиқод масалаларида бир – бирига қарама қарши ғоявий курашлар авж олган палла эди. Ана шундай можаролар даврида Имом Мотуридий мусулмонларни тарқоқликка олиб келаётган оқимларга қарши улуғ илм – маърифат ва далил ҳужжат билан курашиб, мусулмон оламини парокандалик ва эътиқодий бузилишдан сақлаб қолдилар ва “Мусаҳҳиҳу ақидатил муслимийн” “Мусулмонларнинг эътиқодини тузатувчи” деган юксак унвонга сазовор бўлдилар. Абу Мансур Мотуридий яратган калом мактаби ўзининг кўп қирралилиги, соҳаси кенглиги, илмийлиги, далилларга бойлиги, бидатчиларга қарши муросасизлиги билан ажралиб туради. У шариат илмларидан ташқари ҳикмат, мантиқ ва бошқа фанларни яхши ўзлаштирганлари туфайли катта иқтидор ва маънавий салоҳияти касб этиб, диний қарашлари фалсафий меъёрлари билан уйғунлашган эди.
Мутазилалар Қуръон ва ва суннатни тан олган бўлсалар ҳам ақлни билимнинг ягона воситаси сифатида қабул қилган эдилар. Абду Мансур Мотуридий уларга нисбатан кенгроқ илмий дунёқараш ва тушунчаларга эга бўлганлар.
Мотуридий таълимотида ҳар бир ақидавий масала далиллар ва мантиқий услуб асосида ёритилади. Мутазилийлар ва Ботинийлар далилларига қарши ҳам нақлий, ҳам ақлий далиллардан фойдаланганлар. У зот олиб борган курашнинг ўткир томони Мутазилийлардан кейин уларнинг ақидавий асосларига таянган Исмоилий, Ботиний ва Қарматийларга қарши қаратилган эди. Имом Абу Мансур Мотуридий ақидавий таълимотни шакллантириш ва уни соф Аҳли Сунна эътиқоди сифатида талқин қилиш йўлида жуда катта жонбозлик кўрсатдилар. Шу йўлда Мотуридийлик таълимотининг тамал тоши бўлган ўлмас асарлар дунёга келди. Уларнинг аксарияти турли адашган фирқаларга раддия сифатида ёзилган. Жумладан: “Таъвилоти Аҳлис-Сунна”, “Китоб рад алал-Қаромита”(Қарматийларга раддия китоби), “Китоб ат-Тавҳид”, “Китобул жадал” (Мунозаралар китоби)[1], “Рисолатут - тавҳид” (Тавҳид бўйича рисолалар) ва бошқалар.
Имом Мотуридий калом ва усулул фиқҳ бўйича Ҳанафий мазхабининг йирик ва салоҳиятли вакили сифатида қолдирган барҳаёт асарлари билан Ҳанафий мазҳаби асосида Мотуридия калом мактабини яратди ва Аҳли Сунна ақоидини пок сақлашга ва ривожлантиришга тенгсиз ҳисса қўшди. Имом Ашарий асос солган “Ашарийлик” таълимоти араб дунёси ва Яқин шарқда тарқалган бир пайтда, Имом Мотуридий таълимоти Туркистон, Хуросон ҳудудларини кенг кўламда қамраб олиб, одамлар онгидаги ғоявий бўшлиқни мусаффо исломий ақида билан тўлдирди.
Мотуридий таълимоти ва унинг асосида шаклланган мактаб кейинги даврларда ҳам бидатчиларга, турли адашган фирқаларга, ботил ақида тарафдорларига қарши Мавоуннаҳр халқининг байроғига айланган. Қорахонийлар давлати Бухорода Имом Мотуридий асос солган ушбу таълимотни ҳақиқий ислом ва Аҳли Сунна вал Жамоанинг ақидавий асослари деб эълон қилган эди .
Хайрулла Мардонов – Имом Термизий ўрта махсус ислом
таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари
[1]А.Ш.Жузжоний. “Ғоявий бирлик дарғаси” Шарқ машали 1-2 саҳифалар 2000 йил.
Izohlar