-large.jpg)
Алоуддин Косоний ҳамда «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» асари
Алоуддин Абу Бакр ал-Косоний (587 ҳижрий йилда вафот этган).
У кишининг лақаби Маликул Уламо бўлган. Асосан Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Абу Аҳмад Самарқандийда ўқиган. Устозининг барча китобларини, хусусан, «Туҳфатул фуқаҳо» китобини яхшилаб ўрганган ва кейинроқ уни «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» ном ила шарҳ қилган.
Тадқиқиотчилар «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»ни «Туҳфатул фуқаҳо»нинг энг яхши шарҳи дейишади. «Туҳфатул фуқаҳо» эса «Мухтасари Қудурий»га қўшимча қўшиб, яхшилаб тартибга солинган китоб бўлган. Аммо «Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»га эътибор билан назар соладиган бўлсак, у урфга айланиб қолган шарҳларга ўхшамаслигини кўрамиз. Унда аслнинг матнини сўзма сўз келтириб шарҳ қилиш услубига эргашилмаган. Имом Косоний ўз китобида «Туҳфатул фуқаҳо»нинг тартибига риоя қилмасдан, боб ва фаслларни янгидан тартибга солган.
«Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ»нинг соҳиби ўз китобининг аввалида ҳамду санодан кейин фиқҳ илмининг фазли ҳақида мухтасар маълумот бериб бир оят ва Бухорий, Термизий, Ибн Можа ва бошқа муҳаддислар Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган «Аллоҳга динда фақиҳ бўлишдак бирор нарса ила ибодат қилинмаган. Албатта, бир фақиҳ шайтон зиддига минг обиддан кўра шиддатлироқдир», деган ҳадисни келтирган.
«Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» барча уламоларнинг таҳсини ва мақтовига мушарраф бўлган, катта шуҳрат қозонган китобдир. Жумладан, Ҳожи Халифа ўзининг «Кашфи зунун»ида «Бу китоб исми жисмига монанддир», деган.
«Бадоиъус Саноиъ фии тартибиш Шароиъ» кўп марталаб чоп этилган ва кенг тарқалган китобдир.
Мухторов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқтувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar