
Мархумлар учун қилинадиган эҳсонлар қандай булиши керак?
Бизларни тўғри йўлга ҳидоят қилиб, адашиб қолмаслигимиз учун Ўз дастурини тушиниш бахтига муяссар қилган Аллоҳ таолага чексиз шукроналаримиз бўлсин. Шариат аҳкомларини бизларга еткизган, суннатига эргашсак шафоатини ваъда қилган Пайғамбаримизга саловоту саломларимиз бўлсин. Бугунги кунимизда имконият эшиклари шу даражада кенг очилдики, нимани истасак муҳайё бўладиган даврда яшаяпмиз. Бундан 100 йил олдинги одамларимиз бу айтаётганларинг “мўъжиза” дейдиган даврда Алҳамдулиллаҳ. Тўй-у томошаларимиз, яхшилик эҳсонларимиз йил сайин кўпаймоқда. Шу эҳсонлардан бири мархумлар учун килинадиган эҳсон. Бу эҳсон аслида қандай бўлиши керак? – деган савол табиий хамманинг дилида бор. Аввало мархумлар учун килинадиган ҳар қандай эҳсон-яхшилик марҳумга етиши ва унинг руҳи шод бўлишини умид қилишимиз керак. Аммо биз эҳсон деганда факат таом йули билан бериладиган эҳсоннигина тушиниб қолганмиз. Аслида бу тўғри тушунча эмас. Пайгамбаримиз с.а.в. замонларида Мадина-и мунавварада Саъд разияллоху анхунинг онаси вафот килдилар. Шунда Саъд р.а. келиб «Ё Расулуллох онамга эҳсон қилсам, эҳсоннинг савоби етадими?» - дедилар. «Ҳа» - дедилар. Расулуллох с.а.в.дан – Мен нима эҳсон килайин – деб сўрадилар. «Битта қудук қазиб сув чикариб бер» - дедилар. Чунки ўша вактда сув оз эди. У киши қудуқ қазиб сув чикариб « - Бу сувнинг савоби онамга бўлсин» - дедилар. Ҳазрат Мир Алишер бобомиз ўзларининг «Садди Искандарий» хамсасида « - Садақанинг энг яхшиси – бу мухтож кишининг, мухтож нарсасини бермоқдур» -мазмунида кенг тушинча берган. Бир тасаввур қилинг бугунги эҳсонларимиз асосан соат 9-10 бўлади. Ҳаммамиз эрта билан уйдан овкатланиб тўқ қоринда бўлсак... тўқ қоринга есак ё Аллоҳ. Шу тўқлар егандаги эҳсонда энди савоб бўладими? Қадимда ота-боболаримиз замонларида уйи йуқ, жойи йуқ, хафталаб гўшт емасдан, буғдой нон топа олмаган, ёки бир нонга қорним туйиб ўлсам армоним йўқ – деган одамлар бўлган. Аллоҳ таоло давлат берган одамлар, мана шундай одамларни тўплаб эҳсон берганлар. Биз бугун ўшаларданмизми? Астағфируллоҳ. Аччиқ бўлсада ҳақиқат. Биз бугун эҳсондан бутунлай бошқа ёққа қараб кетяпмиз.
1-риё. Аллоҳ таоло сураи «Бакарада» 264-оятида шундай мархамат қилади: «- Зеро риёкорнинг мисоли ҳудди устини чанг тупроқ қоплаб олган силлиқ тошга ўхшайдики, унга шаррос ёмғир текканда, қаттик-силлиқ тошлигича қолдирган. Ундай риёкорлар яхши амаллар қилдик деб хисоблайдилар, аммо қиёмат кунида топган ва сарфлаган дунёларидан хеч нарсага эга булмайдилар». Бу нарса риёнинг ўзгинаси эмасми? Ваҳоланки эҳсон ҳолис Аллох учун бўлгандагина кабул бўлади. Мана шуларни аввало халқимиз тушиниши керак. Энди асли эҳсонга ўтамиз. Мухтож кишининг мухтож нарсасини топиб бериб савобини мархумларимизга бағишлаймиз. Кўприк, йўлларни тузатамиз, етимларга бир халта ун олиб берамиз, контракка ёрдам берамиз, иложи борича яширинча берамиз ва ҳакозо. Энди жуда таом бергимиз келиб колса, қодир бўлсак, имкон даражамиздан келиб чиқиб, содда дабдабасиз, иложи борича мухтожроқ кишиларни чақириб берайлик. Аллоҳ таоло сураи «Бакаранинг» 271-оятига биноан яъни: - «Агар садақаларингизни ошкора берсангиз жуда яхши. Ва агар махфий қилиб, фақир, камбагалларга берсанигз бу ўзингиз учун янада яхширокдир. Ва қилган гунохларингизга кафорат бўлади. Аллох таоло қилаётган амалларингиздан хабардордур». Тафсир уламолари шу оятни шархлаб закот, ушр, фитрга ўхшаш вожиб садақаларни ошкор бериш (чунки одамлар буни кўрсин Аллохнинг фарзини билсин), қолган эҳсонларни яширинча бериш савоблироқ деганлар. Хулоса шуки бир-биримизга шу дунёда яхшилик қилайлик. Шу қилган яхшиликларимизнинг савобини ўтганларга-ю, ўзимизнинг гунохларимизга кафорат бўлишини Аллоҳ таолодан сўрайлик. Шу дунёда ота-оналаримизнинг тенгсиз, шаксиз ижобат бўладиган, мехр билан қилган хос дуоларини олайлик. Меҳр берайлик ўзимиздан гўзал из қолдирайлик. Отажонимизнинг ёзиб куйган тўртлиги билан тугатаман:
Ўтар дунё учун не иш қилдинг бу кун!
Ўтмас дунё учун не иш қилдинг бу кун!
Мабодо кетсанг бу кун бу дунёдан
Халкнинг эслайдиган не иш қилдинг бу кун!
Насрулло Тўхтаев – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar