
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий қачон нозил бўлган?
Сийрат уламолари ва тарих олимлари томонидан кўп ихтилофга бориладиган масалаларидан бири бу – биринчи ваҳийнинг нозил бўлиш муддатидир.
Уламолар биринчи ваҳийнинг муддати борасида иттифоқ қилгани, “биринчи ваҳий нубувватдан 13 йил аввал рамазон ойида содир бўлган” деб айтган гапларидир. Рамазон ойида илк ваҳийнинг нозил бўлганига иттифоқ қилган уламолар, унинг айнан қайси кунда бўлганига ихтилоф қилганлар.
Хусусан, 7, 17, 18 ва 21-рамазон деган гаплар машҳур. 17-рамазонни танлаган уламолар орасида Ибну Ҳишом, Муҳаммад Хузорийбек, Имом Ҳалабийлар бор.
Лекин “Ар-Роҳиқул Махтум” муаллифи Софиюрраҳмон Муборакфурий бу фикрга қўшилмайди, ва қуйидаги илмий таҳқиқни келтиради.
“Албатта илк ваҳий нозил бўлган кеча бу рамазоннинг 21-санаси ҳисобланади. Негаки, сийрат уламолари иттифоқ қилганки, илк ваҳий рамазон ойининг душанба кечасида рўй берган. Чунки Абу Қатода розиялоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам душанба кунида тутадиган рўзаси ҳақида сўралганда, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “У кунда туғилганман ва у кунда менга илк ваҳий нозил бўлган” деб жавоб берганлар.
Айнан ваҳий нозил бўлган йилда душанба астраном олимларнинг ҳисобига кўра 7, 14, 21, 28-рамазонларга тўғри келган”.
Демак биз қидираётган сана манашу тўрттадан бири, бу эса ўз ўрнида уламолар орасида таҳмин қилиб келтирилган 17 ва 18 саналарни чиқариб юборади.
Софиюрраҳмон Муборакфурий гапларини давом эттириб, қуйидаги хулосани айтади. “Саҳиҳ ривоятлардан шу маълум бўладики, Қадр кечаси бу рамазон ойининг охирги ўн кунлигини тоқ кечаларига тўғри келади. Аллоҳ таоло Қадр сурасида “Биз Қуръонни Қадр кечасида нозил қилдик” деган оятни нозил қилди. Демак Абу Қатода розияллоҳу анҳунинг ривоятини ва Аллоҳ таолони ушбу ояти каримасини солиштирадиган бўлсак, айнан 21-рамазон деган қовл устунроқ эканлигини кўрасиз”
Софиюрраҳмон Муборакфурийнинг Ар-Роҳиқул Махтум асари асосида тайёрланди.
Хамидов Абдулбосит - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar