14.12.2022

САЛАВОТ АЙТИШДА ҚИСҚАРТМА ҚИЛИШ

Пайғамбаримиз, расулимиз каби сўзлардан кейин салавот айтиш ҳукми нима? Исмларини айтмасдан шу каби сўзларнинг ўзини айтиб эслаш мумкинми? Салавотни қисқартириш масаласи қандай?...

Агар биров пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам исмларини тилга олиб, ундан бошқа Муҳаммадни эмас, балки айнан ўзларини назарда тутаётган бўлса, айтувчи ва эшитувчига саловот ва салом айтиш керак бўлади (ўрни ва ҳолатига қараб буни мустаҳаб, суннат, вожиб ё ман қилинган  ўринлари бор). Аммо бу гаплар ҳаммаси Пайғамбаримиз исмларини тилга олгандаги ҳолатга тегишли. 

Набий, пайғамбар, расул, сарвари коинот, у зот... каби сўзларни ишлатганда саловот ва салом айтиш ихтиёрий бўлади. Буни мантиқан озгина ўйлаган одам тушунади. Бу дегани Пайғамбаримиз исмларини тилга олмаганда саловот айтилмайди эмас, айтмаса ҳам бўлади. Мисол учун "фалончи-пайғамбар авлоди", "пайғамбаримиз суннати" каби кўп сўзларда одатда салавотсиз айтилишини ҳамма билиб, инкор қилмайди...

Энди саловотни қисқартиришга келсак, оғзаки айтишда қатъиян қисқартирилмайди. Ҳатто чала ҳам айтиш мумкин эмас. Ҳозирда анча мунча одамлар, ҳатто баъзи илм аҳли тез айтавериб (салвсаллам) деб ўзича салавот айтиб юради. Бу жуда қўпол хато. 

Ёзувда қисқартириб ёзиш эса, расмий доирада, илмий тадқиқот ва академик нашрлар талаби ҳисобланади. Ўзбекчада САВ деб, арабчада صلم деб қисқартириш китобларимизда анча олдинги замондан ҳам бор. Ҳатто Бақара сурасининг биринчи оятидаги "الم" нинг алифи Аллоҳ сўзининг қисқартмаси, лам Жаброил сўзининг қисқартмаси, мим эса Муҳаммад (саллаллоҳу алайҳи васаллам) сўзининг қисқартмаси деб таъвил қилинган маълумотлар мўътабар тафсир китобларида кўп учрайди. 

Қисқартмалардан мақсад жойни ҳам кўп олмай, ўқувчининг ҳам вақтини кўп олмай мақсадга ўтиш бўлиб, саловотни ёзаётган ва ўқиётган киши тилида, айтаверади тўлалигича.

Сўздан мақсад аслида ўзи эмас, маъноси бўлади. Шунинг учун баъзан киноя, мажоз каби кўчма маънодаги сўзларни ҳам ишлатилади. Шу ўринда бир қиёсий масала, сажда оятини ўқиган ё эшитган кишига саждаи тиловат қилиш вожиб, аммо уни кейинроқ қилиши ё бир нечтасини қўшиб қилиши ҳам мумкин.  Шунга ўхшаб салавотни бироз кейинроқ айтиши, пастроқ айтиши, жамлаб айтиши ҳам, ё ўтириб саловот айтганда ўтиб кетган, маълум сабаблар билан вақтида айтилмаган салавотларим ўрнига қабул қил дея айтиш мумкин. 

Булар барчаси кишининг  бу борадаги муҳаббати, ихлоси, илми борлиги билан амалга ошадиган ишлар. 

Бугунги кунда диний атамаларни ишлатишда кўпгина хато ва камчиликларимиз бор. Ҳатто баъзи сўзларни тил нуқтаи назаридан ҳам ҳали қандай ёзишга келишилмаган, ҳали ҳам айрим сўзларни икки-уч хил ёзувдан қайси бирида ёзиш кераклиги ҳақидаги фикрлар бирлашиб бир тўғри қарорга келиниб, тасдиғига ўтилмаган. Ана шундай бир ҳолатда ёзувдаги айрим хато камчиликларни деб ёки билмай, эътиқод қилмай туриб бирор ножўя сўзни айтгани учун кишини ҳурматини оёқости қилишга, керак бўлса диндан чиқариб юборишгача бориш ислом динининг моҳияти, мақсади, гўзаллигини тушунмаганлик оқибатидан бошқа нарса эмас.

Шуларга қарамасдан Пайғамбаримиз исмларини ёзганда имкон қадар салавотни тўлиқ ёзиш керак деб ҳисоблаймиз. Аллоҳ барчамизни ислом динининг мақсад-моҳиятларини яхши англаб, унга кўра яшашимизга, ислом гўзаллигини ўзимиздаги акси билан намоён қилишимизни насиб этсин!

 

Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar