15.12.2022

ИЛМ- ЭЗГУЛИК МАНБАИ

          Илм ўрганиш энг мўтабар ишдир. Илм одамнинг қадрини оширади. Илмли кишилар дунёда энг иззатли, энг ҳурматли бўладилар. Илм дунёда одамлар учун энг севимли, энг ширин неъматдир. Шундай экан сиз дунёда роҳатда яшашни истасангиз, ҳамма мени севсин десангиз бор кучингиз билан ўқишга, илм олишга ғайрат қилинг.

         Инсонлар илмни эгаллаб олишлари, унинг маъносини чуқур тушунишлари керак. Чунки ҳар бир нарса инфоқ қилиш билан тугайди, илм эса зиёда бўлиб бораверади. Бу дунёда билимли бўлмасдан яшаш қийиндир. Қуёшнинг нури ер юзини ёритгани ва ҳаётга абадий нур бағишлагани каби илм ҳам қалбларни нур билан ёритади. Билим дарахтнинг меваси, одамларга хайрихоҳлик ва бошқаларни ранжитмасликдир. 

Билимли бўлиш ҳар нарсадан олдин инсонга ўз ҳурматини оширмоқ ва иззатини сақламоқ учун керакдир. Илм бошқаларга ўргатиш учунгина қўлга киритилса, одам ундан бирор фоида кўрмаса у сувидан ҳамма фойдаланадиган  лекин бундан ўзи бебаҳра бўлган булоққа ўхшайди. 

Биз кишиларни олим ва билимсиз деб ажратганимиз, илм ўз соҳибини икки дунё саодатига эриштиради, билимсизлик эса тубсиз ботқоқлик бўлиб соҳибини бу дунёда бахтсиз  этиб, охиратда ҳам бахтсизлик келтиради. Илмлар ҳар хил эканлиги ҳэч кимга сир эмас, инсонийлик илми, маънавият, руҳий тарбия бошқа илмлардан устун турмаса жуда ноқулай ҳолат юзага келиши турган гап.

       Икки нарсадан, яъни илм ва мол дунёдан одам аввал ўзи фойдаланиб сўнгра бошқаларга улашиб бериши керак. Яхши натижа берган тажрибаларни одам аввал ўзига сўнгра бошқаларга тадбиқ этиши лозим. Одам аввал ўзини, ундан кейин бошқаларни даволаши керак.

            Кимки бу сўзларнинг маъносига етмаса ва уларни бекорчи гаплар деб ҳисобласа беақил кўрга ўхшайди. Ақилли одам қиладиган ишининг охири нима билан ва қандай тугашини кўз ўнгига келтириши керак. Акс ҳолда у йўлнинг ярмида сарсон бўлиб қолади. Аждодларимизнинг ҳаётидан ибрат дарси олиб, уларнинг тажрибасидан фойдаланган инсон ақилли ҳисобланади.

               Ҳозирги даврда минглаб хонадонларда китобга бўлган самимий ҳурмат, ишқ бир оилавий иқлимни юзага келтирган. 

Китоб - энг яхши дўст, доно маслаҳатгўй, садоқатли ҳамроҳ, яшашни китобдан ўрганиш, китоб билан сирлашиш, бекорчи вақтда овуниш ва ундан баҳра олиш мумкин. Китобдан олинган билим ўқувчининг шахсий фикрини бойитишга, ўстиришга хизмат қилади. Уй кутубхонасининг муҳим жиҳати келажак авлод учун катта маънавий мерос бўлиб хизмат қилади. Китоб ўқиган инсоннинг фикр олами бойиб руҳи кўтарилади, ақлу идроки теран бўлади.

 

Хайрулла Мардонов – Имом Термизий ўрта махсус ислом 

таълим муассасаси ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

Izoh qoldirish

Izohlar