20.12.2022

“ОММАВИЙ МАДАНИЯТ” – ГЛОБАЛИЗМ ДАВРИ МУАММОСИ СИФАТИДА (2-қисм)

Маълумки, “оммавий маданият” остида ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғоялари тарқалади. Муаммонинг энг хатарли томони шундаки, бу маданият сўзи остида юзага келиб, биринчи қадамдаёқ киши унинг салбий оқибатларини англамай қолиши мумкин. Натижада унинг таъсирига тушган шахс маънавий позицияси - «моддий буюмларга қуллик»ни юзага келтиради. Америкалик ёзувчи Р.Бредбери айтганидек, «оммавий маданият» мактабидан ўтган авлод учун ҳаётнинг маъноси – автомобил, телевизор, компютер ва шунга ўхшаш техник воситаларгагина эга бўлишдир. 

Шундан келиб чиқиб, турфа қарашлар ва ғоялар, қадриятлар тўқнаш келганда шахс масъулияти, у танлайдиган ижтимоий орзу-умидларнинг аҳамияти беқиёс даражада ортади. Бу масъулият эса, энг аввало оилада шаклланади. Миллий қадриятлар устувор бўлган оилаларда тарбия топган фарзандларимиз ҳаёт тарзида ёки фикрларида “оммавий маданият” кўринишларига харислик сезилмайди. Аксинча, улар ҳали жуда ёш пайтларидан бошлаб, маданиятнинг бундай номақбул кўринишидан юз ўгирадилар.

Юртбошимиз мамлакатимиздаги кенг кўламли ислоҳотлар орасида ижимоий-маънавий муҳит барқарорлиги, диний-маънавий тарбия масалаларига алоҳида тўхталмоқдалар. Юртимизда мустақилликнинг чорак асри давомида кузатилмаган диний эркинларнинг ифодаси ҳаммамизга маълум. Бу эркинлик замирида нима ётади? Аввало, инсон ҳуқуқлари қолаверса, дин айниқса аждодларимиз эътиқоди бўлган ислом таълимоти инсониятни фақат эзгу йўлларга бошлайди. Зеро пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборлагман” деган маънодаги ҳадислари айни шу мақсадда десак хато бўлмаса керак.

Хулоса қилиб айтганда шуни таъкидлаш мумкинки, аввало, ҳар қандай танқид остига олинган эҳтиёж манбаси учун муқобил манбани кўрсата олиш муҳим саналади. Иккинчидан эса, оилавий муҳит соғломлигини таъминлаш. Булардан ташқари, ҳар бир корхона ва ташкилот, маҳаллаларда бу борадаги тарғибот ишларини тўхтовсиз давом эттириш. Бундай тадбирларни шунчаки хўжакўрсин ва дабдабали тарзда эмас, оддий суҳбат ва мулоқот, гап-гаштак каби мажлисларда кўтара билиш мақсадга мувофиқдир.

Худди шунинг каби фарзандларимиз қўлига компьютер, телефон, планшет каби қимматбаҳо жиҳозларни олиб беришдан аввал, улардан фойдаланиш маданиятини ўргатишимиз лозим бўлади. Илгаи ота-оналаримиз “ёмон болаларга қўшилмагин” деб насиҳат қилар эди. Аммо, бугун биз фарзандларимизга “ёмон бола”ни яна қиммат баҳоларга ўзимиз олиб бераяпмиз. Оқибатда ўша “ёмон бола” асрлар давомида шаклланган миллий ва диний қадриятларимизга зид унсурларни фарзандимизга ўргатмоқда. Бундай аянчли ҳолни бартараф этиш учун инсон бугунги глобал воқеъликларга бефарқ бўлмаслиги, миллий ўзлигимизни келгуси авлодларга омон-эсон етказиши керак.

 

Насрулло Тўхтаев - Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar