22.12.2022

ҲАДИСЛАРНИНГ ИЖТИМОИЙ-МАЪНАВИЙ МУҲИТ БАРҚАРОРЛИГИДА ТУТГАН ЎРНИ (1-қисм)

Кейинги йилларда юртимизда маънавий-маърифий, диний соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами табора кенг қулоч ёйиб бораётгани ҳеч кимга сир эмас. Ислом университети негизида Халқаро Ислом Академияси ташкил қилингани, мазкур даргоҳда дунёдаги ислом университетларининг ҳеч биридан қолишмайдиган тадқиқотлар олиб борилаётгани, нафақат минтақада балки аҳолиси мусулмон мамлакатлари орасида ягона бўлган “Ислом цвилизацияси маркази” иш бошлагани. Мазкур марказга бугунги кунда барча қулайликларга эга бўлиши билан биргаликда, шарқ меъморчилигининг нодир кўринишини ўзида ифодалаган катта бир иншоот қурилаётгани, Имом Бухорий мажмуасини янгича лойиҳада қайта қуриш учун ҳукумат алоҳида ҳужжат имзолагани фикримизнинг далилидир. Бу борадада қилинаётган ишлардан кўзланган мақсад, халқимизнинг бой маънавий дунёсини оламга яна бир бор кўрсатиш, қолаверса, камол топаётган ёшларимизни буюк аждодларимиз меросидан баҳраманд бўлиб, илму фанда улкан мувоффақиятларга эришишлари учун шароит яратишдир.

Маълумки, мовароуннаҳрлик уламолар-ўтмишдошларимиз ислом динининг илмий салоҳиятига ўзларининг улкан ҳиссаларини қўшганлар. Улар орасида Имом Мотуридий, Имом Насафий, Имом Бухорий, Имом Термизий, Бурҳониддин Марғилонийлар яратган асарларнинг ўзи халқимиз ўғлонларининг нақадар буюклигидан далолат қилиб туради. Айниқса, ҳадис илмида Қуръони каримдан кейинги иккинчи манба ҳисобланмиш Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” ҳадислар тўпламини тилга олмай иложимиз йўқ.

Ислом таълимотининг асоси бўлган Қуръони каримдан кейин турувчи пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг айтган ҳадислари ислом илк пайдо бўлган асрдаёқ ўзининг ижтимоий-маънавий, ахлоқий аҳамияти билан жамият ҳаётига кириб борди. Зеро, Аллоҳ таъоло Қуръони каримда пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламнинг айтган сўзлари, кўрсатмалари, юриш туриш, ҳаёт тарзлари мўминлар учун намуна эканини таъкидлаб: لَقَدْ كَانَ لَكُمْ فِي رَسُولِ اللَّهِ أُسْوَةٌ حَسَنَةٌ لِمَنْ كَانَ يَرْجُو اللَّهَ وَالْيَوْمَ الْآَخِرَ وَذَكَرَ اللَّهَ كَثِيرًا – “(Эй, имон келтирганлар!) Сизлар учун – Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қилган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб: 21)[1]. Шундай экан, у кишидан ривоят қилинган ҳадислар ҳамиша инсоният ҳаёти маънавий тараққиёти учун нодир ва беназир манба бўлиб қолаверади. Бу борада яна шуни ҳам таъкидлаш ўринлики, пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам айтган ҳар бир сўзнинг маншаи шариат қоидасига кўра, ваҳийдир: وَمَا يَنْطِقُ عَنِ الْهَوَى إِنْ هُوَ إِلَّا وَحْيٌ يُوحَى – “(Яна у Қуръонни) хомхаёлдан олиб сўзлаётгани ҳам йўқ! У (Қуръон) фақат (Аллоҳ томонидан) нозил қилинаётган (туширилаётган) бир ваҳийдир” (Нажм: 3-4). Уламолар шу оят у киши айтган ҳадислар ҳам аслида илоҳий кўрсатма эканига далил бўлади деб таъкидлаганлар.

 

Насрулло Тўхтаев - Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси


 

[1] Мақолада келтирилган Қуръон оятлари маъноларининг таржимаси Абдулазиз Мансурнинг “Қуръон оятлари маъноларининг таржимаси” китобидан олинди.

Izoh qoldirish

Izohlar