ИЛМНИНГ ФАЗИЛАТИ
Аллоҳ таолога ҳамд сано, оламларга раҳмат қилиб юборилган севикли пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга дуруд саломлар ва у зотга эргашган барча мўминларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин!
Барча динлар ичида илк бор илмнинг инсон ҳаётидаги ўрнига аҳамият берган ва илмга кенг йўл очган дин – Ислом динидир.
Ислом – илм динидир. Инсониятга қиёматгача дастурул амал бўлган Қуръон Каримнинг илк оятлари ҳам бунга яққол далил бўлади.
Муқаддас динимизда илмнинг ва уламоларнинг ўрни беқиёс. Дунёнинг мувозанатда туришлиги ҳам Аллоҳни қалбига жойлаган, тақводор уламоларга боғлиқ, чунки олимлар бузилса олам бузилади.
Оламнинг интизоми ҳам илмсизлик, ақлсизлик туфайли хароб бўлади.[1]
Албатта, бу борада ҳадислар кўп. Лекин ихлос билан илм ҳосил қилувчи толиби илм учун бундай ҳикматлар ва ҳадислар ниҳоятда аҳамиятлидир шу ўринда салафи солиҳларимизнинг, фақиҳлару-машойихларимизнинг ҳам фикр ва хикматлари билан танишиб ўтсак, фойдадан ҳоли бўлмайди.
Ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу илм тўғрисида шундай марҳамат қиладилар:
“Илм молдан яхшидир, чунки илм сени қўриқлайди, сен эса молни қўриқлайсан. Илм ҳокимдир, мол эса маҳкумдир. Нафақа қилиш билан мол камаяди, илм ўргатиш билан илм зиёда бўлади“.
Фахрул Мусулий розияллоҳу анҳу шогирдларидан шундай деб сўрадилар: “Агар бемор таом, шароб ва дори истеъмол қилмаса, ўладими?“”Ўлади“, дейишди. “Калб ҳам шундай, агар уч кун илм ва ҳикматдан ман этсангиз, у ҳам ўлади“, - дедилар. Нақадар тўғри сўз! Қалбнинг озуқаси илм ва ҳикматдир. Жасаднинг озуқаси таом бўлганидек , қалб ҳам шу иккаласи билан тирикдир. . Илмнинг ниқояси йўқ. Шунингдек, барча илмлар фазилатли, қимматли, шарафли бўлиб, ҳар илмнинг ўзига хос бир фазилати бор. Бир шахснинг барча илмларни ўзида мужассам эта олиши имкон доирасидан ташқаридадир. “Агар биз илмни ниҳоясига этмоқ учун ўргансак, ноқислик қилган бўламиз. Балки биз илмни, жоҳилликни кеткизмоқ ва билимимизни оширмоқ учун ўрганамиз“, дейди, Мовардий.
Баъзи олимлар айтишади: “илмга шўнғиган киши денгизга шўнғиган шаввоз кабидир. На бирор эрни кўрур, на денгизнинг кенглигини ва узунлигини сезур“.
Луқмони Ҳаким ўғлига шундай васият қилганлар: “Эй ўғилчам, уламолар билан бирга бўлгин, улар билан мажлисларда ёнма-ён ўтиргин, чунки Аллоҳ таоло осмон сувлари билан эрни тирилтирганидек ҳикматнинг нури билан қалбни тирилтиради. Эй ўғилчам, намозни тўкис адо эт, яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар, ҳамда, ўзингга этган балоларга сабр қил. Албатта, мана шу ишлар мақсадга мувофиғларидир. Агар дунё молини хоҳласанг, у билан шуғуллан! Агар охират қайғусини хоҳласанг, зуҳду тақво билан шуғуллан! Агар ҳар иккаласини хоҳласанг, илм билан шуғуллан! Чунки илм дунё иззати ва охират шарафидир“.
Имом Зуҳрий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “илм зикрдир ва уни зикр қилгувчиларгина севадилар“.
Инсон бир нарсани талаб қилар экан, албатта, унинг фазилатини билмоғи шарт, акс ҳолда ундан кўзланган мақсад рўёбга чиқмайди. Юқорида илмнинг фазилатлари ҳақида келтирилган сўз жавоҳирлари ҳам Аллоҳ таоло одам болаларига берган неъматнинг нечоғлик улуғлигини билдириш учундир.
Ҳар бир нарсани эгаллаш ёки ҳосил қилишнинг фазилати, олинаётган нарсанинг фазилати, кадри ва қийматига қараб белгиланади. Илм олишнинг фазилати ва унинг қадри-қиймати ҳам бевосита илмнинг қай даражада фазилатли эканига боғлиқ.
Илмнинг фазилати тўғрисида эса юқорида бир қанча далиллар келтириб ўтилди.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак мулкка талофат етиши ёки соҳибининг вафоти сабаб мулк эгасининг қўлидан кетиб қолади.
Пайғамбарларга эса, қўлдан кетиб қолмайдиган бойлик-илм берилган. Улар ҳам бу шарафли илмни ўзларининг меросхўрлари олимларга мерос қолдириб кетганлар. Ўтган улуғларимиздан фойдали нарса ҳақида сўрашганида “ўзинг билан ҳар доим бирга қоладигани“ деб жавоб берганлар. “Ўзимиз билан бирга бўладиган нарса нима?“ деганларида, “кема чўкканида сен билан қолган нарса“ деб жавоб бердилар.
Демак илм ва яхши амал дунёдаги барча нарсадан афзал экан. Пайғамбарлар бизларга қандай ҳам яхши меросни қолдириб кетган эканлар.
Илмни мерос олган киши барча яхшиликни қўлга киритибди, зеро уламолар ояти каримадаги бу дунёдаги "яхшилик"[2]ни илм ва ибодат деб тафсир қилганлар. Аллоҳ таоло илм сабабли олимларни олий қилиб, яхшилик амалларга йўлбошловчи қилади. Фаришталар, жамики хайвонлар, паррандалар, денгиздаги балиқлар хаттоки ҳўл—қуруқ нарсалар борки барча—барчаси олимнинг илми сабабли унга истиғфор айтади.
Илм қалбларнинг ҳаёти ва кўзларимизнинг нуридир. Аллоҳ таоло барчаларимизни ҳадисда келтирилган олимлардан бўлиб Аллоҳнинг раҳматига ноил бўлишимизни насиб айласин!
Исоқали Салоҳиддинов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси.
Izohlar