07.01.2023

АҲИЛ ВА МУСТАҲКАМ ОИЛА- ЮРТ ТАЯНЧИ!

   Муқаддаси ислом таълимоти ва миллий қадирятларимизда оила муқаддас маскан деб қаралади. Унинг бахт-у саодати оила аъзоларига нисбатан ўзаро хурмат ва иззатда бўлинса, албатта тинч ва тотув ҳаёт кечиришса мақсадга мувофиқ бўлади. Халқимиз бежизга: “Оиланг тинч – олам тинч” демаган. Оилаларнинг тинч ва ҳар томонлама фаровон бўлиб бориши юртнинг тарққиётидир. Ислом таълимотида оилада эр-хотин ўртасида меҳр - муҳаббат бўлиши яратган Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Улар ота-она бўлиши билан бу меҳр муҳаббат янада ҳам зиёда бўлади. Зотан Аллоҳ таоло эр-у ҳотинни бир-бирига меҳр-муҳаббатли бўлишга буюрган. Уларнинг ўзаро яқин, бир-бирига кўмакчи бўлиб, аҳил ва мустаҳкам ҳаёт кечиришлари лозимлигини такидлаб Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади.

 "Улар сизлар учун либос, сизлар улар учун либосдирсиз” (Бақара, 187). 

Мазкур ояти каримада эр ва хотинга улар бир-бирига ўзаро либос деб таъриф берилмоқда. Аллоҳ таолонинг эр-у хотинга либос деб таъриф беришида бир неча муҳим мақсадлар ва ҳикматлар бор:

Биринчидан, либос инсоннинг баданини тўсади, уят ва айбли жойларини беркитади. Аҳил ва мустаҳкам оилада эру хотин бир-бирини гуноҳ ишлардан тўсади. Ҳалол-пок яшайди, ўзларидаги айб ва нуксонларини бошқалардан беркитади. Сир-асрорларини атрофга тарқатмайди.

Иккинчидан, либос инсонни зийнатлайди. Аҳил ва мустаҳкам оилада эру хотин бир-бирини зийнатлайди, жамият ичида бошқаларга ўрнак ва намуна бўлади.

Учинчидан, либос иссиқ-совуқдан ва чангу ғубордан ҳимоя қилади. Аҳил ва мустаҳкам оилада Эру хотин бир-бирини ҳимоя қилади ва оиланинг шаънини пок сақлайди.

Тўртинчидан, либос инсонга энг якин нарса. Аҳил оилада эру хотин ҳам либос каби якин бўлади. Либос билан бадан орасида ҳеч нарса бўлмаганидек, аҳил оилада уларнинг орасида ҳам хеч ким бўлмайди.

Модомики оилада эру хотин бир-бирига либос бўлар экан, бу Аллоҳ таолонинг раҳматидир. Либосдаги бу муҳим хусусият ва мақсадлар оилада эр-хотин ўртасида топилса, оила жамиятда намунали оилалардан бўлади. Энг муҳими, мазкур оилада тарбия топиб, униб-улғаяётган фарзандлар одобахлок фазилатлари билан вояга етади. У ҳар жойда, ҳамма вақт, ҳаммага нафи тегадиган, элу юртнинг корига ярайдиган фарзанд бўлади.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) куйидаги ҳадиси шарифда эрни хотинига нисбатан мехрибонлик билан муомала килишга ундайдилар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): "Аёлларга яхшилик қилишни ўзингизга лозим тутинглар! Аёл қовурғадан (яъни, Момо Ҳаво Одам Атонинг қовурғасидан) яратилди, қовурғанинг энг эгри жойи юқорисидир. Агар уни тўғрилайман десанг, синдирасан. Агар ўз ҳолига кўйсанг, эгрилигича тураверади. Аёлларга яхшилик килинглар!", дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллох (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мазкур ривоятда эрни хотинига яхшилик қилиб, меҳр-шафқат кўрсатишга амр қилмоқда. Ҳар бир инсон айб-нуксон ва хато-камчиликдан холи эмас. Айникса, аёл киши асли эгри нарсадан яралгани учун унда хато-камчилик кўпроқ кўриниши эҳтимоли бор. Шунинг учун оила бошлиғи ҳар доим мулойим ва зийрак бўлиши, унинг хатоларини кечириши ҳамда уларни тўғрилаб бориши лозим. Балки яхшиликларини зикр қилиб, уни мактаб туриши керак. Керакли ўринда эр хотини билан ўз қадрини туширмайдиган даражада ҳазиллашиши ва чақчақлашиши ҳам керак. Бу ишлар аёл калбини қувонтиради. Оилада эр ва хотин ўртасидаги ҳар бир муомала фарзандлар учун тарбия бўлади. Ўғил фарзанд отанинг яхши муомаласини кўриб, эртанги кунда яхши ота, киз фарзанд онанинг яхши муомаласини кўриб, яхши она бўлади. Аҳил ва мустаҳкам оилада ота-онанинг фарзандларига тарбия беришдан бош мақсади ўз оиласининг шаънини ҳимоя қилиш, она Ватанни севдириш ҳамда унга меҳр-муҳаббатни орттиришдан иборат бўлади. Ватанни севиш, унга мехр- муҳаббат қўйиш юксак тарбия ва садоқатнинг белгисидир. Имом Маҳмуд Замахшарий айтади: "Ким юртини севмаса, у ҳеч нарсани севмайди".

Фарзанд тарбияси ниҳолни парвариш килишга ўхшатилади. Ниҳолни асраб-авайлаб парвариш килинса, мевали дарахт бўлса, бир кун келиб ширин-шакар ҳосил беради, агар мевасиз дарахт булса, катта иморатнинг гўзал ва бақувват устуни бўлади. Кадим замонда бир подшоҳ бўлган экан. Подшох уз саройига катта айвон солдирмоқчи бўлибди. Бунинг учун турли мамлакатлардан энг яхши усталарни чақиртирибди. Усталар киска вакт ичида жуда катта айвон куришга киришибди. Айвон битай деб қолганида бир четига устун етмай колибди. Айвонга тўғри ва силлиқ устун керак экан. Подшох айвонга мос келадиган устун қидириб топишга буйруқ берибди. Сарой хизматкорлари кўп жойларга бориб, ҳеч қаердан айвонга мос устунни топа олмабдилар.

Ёлғиз яшовчи бир кампирнинг ҳовлисида битта-ю битта тераги бўлиб, у жуда тўғри ва чиройли бўлиб ўсган экан. Бунинг хабарини эшитган сарой аъёнлари подшоҳга етказишибди. Подшох ўша теракни кесиб, олиб келишни буюради. Терак айвонга жуда ҳам мос келибди. Наққошлар теракка ажойиб нақшлар, гуллар солиб, олтин билан безашибди. Айвон ҳам битибди. Бир неча кун ўтгач, кампир ўз терагини кўриб келиш учун саройга йўл олибди. У ўз терагини таниб, унинг накадар гўзал бўлиб кетганлигидан завқланиб, томоша кила бошлабди. Сарой соқчилари кампирдан хавотир олиб, уни подшоҳ ёнига олиб борибдилар. Подшоҳ кампирдан у ерда нима иш билан юрганини сўрабди. Шунда кампир: "Сизнинг айвонингизни қуришда ишлатилган менинг терагим ота-онамдан колган эди. У ёшлигидан бошлаб тўғри ва чиройли бўлиб ўсди. Шунинг учун хам унинг нафи ҳаммага тегди", дебди. Подшох кампирнинг айтганларидан қувониб, унга бир канча тилла, кимматбаҳо буюмлар берибди.

Киссадан хисса, оиланинг таълим-тарбиясини олган, илм-маърифат ҳосил қилган ҳар бир мард, жасур фарзанд Ватаннинг устунларидан бир устундир. Бундай фарзандлар ватаннинг тинчлигини халкнинг хотиржамлигини, миллатнинг диний ва миллий қадриятларини асраб-авайлайди.

Оиласи ва она Ватани обод бўлиши учун хизмат килиб, дунё ва охират яхшиликларига эришади.

Баъзида ота-она ўртасида низолар чикиб, оилаларнинг бузилиши натижасида фарзандлар тарбияга муҳтож бўлиб қолади. Бу нарса фарзандларнинг тарбиясига салбий таъсир кўрсатмасдан колмайди. Тарбиядаги камчилик ва нуксонлардан жамият зарар кўради, камида мазкур фарзандлар ота ва онанинг тарбиясидан узилгани учун, оталик ва оналик ҳисси йўқлиги сабабли мустакил оила қуришга қийналади.

Муҳтарам Ислом Каримов "Юксак маънавият енгилмас куч" асарида: "Оилавий тарбия масаласида хатога йўл қўймаслик учун аввало ҳар қайси хонадондаги маънавий иқлимни ўзаро ҳурмат, ахлок-одоб, инсоний муносабатлар асосига қуриш айни муддао бўлур эди", дейдилар.

 

Оилалар бузилишининг олдини олиш ва ка-майтириш мақсадида ота-оналарнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларнинг онгига фарзандлар ҳақига риоя килишга оид кўрсатмаларни сингдириш бу куннинг долзарб масаласидир. Оиладаги аҳиллик ҳеч качон бузилмасин! Оилада эру хотин ўзаро келиша олмасдан мехр-муҳаббатсиз хаёт кечириши ёки оиланинг мутлак бузилиши сабабидан жуда катта кийинчилик ва машаққатлар келиб чиқади. Аввало, уларнинг ўз фарзандлари жабр ва зулм кўради. Ота-онанинг мехр-муҳаббатидан, таълим-тарбиясидан бенасиб колади. Тарбиясиз қолиш бахтсизлик сабабидир. Оила хаёти ҳеч қачон турмушда ихтилоф ва ташвишлар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, мусибат ва ғам-андуҳлар керагича учрайди. Эр-хотин биргалашиб қарши курашсагина уларни енгиш осон кечади, оила хотиржамлиги тезроқ қўлга киради. Агар бундай кийин пайтларда муроса бузилса, ўзаро самимият чекинса, бирининг ташвишига иккинчиси томошабин бўлиб турса, бу оилада тотувлик ошён қуриши амримаҳолдир. Бир машҳур ёзувчи айтганидек, «Муҳаббат бу - бир-бирига тикилиб туриш эмас, балки бир томонга биргаликда тикилишдир». дегандлар.

Юртимизни тинч оилаларимизни фаровон фарзандларимизни илмли бўлиб вояга етишини Аллоҳ таоло насиб қилсинг. 

 

А.Сайфидинов - Ўзбекистон мусулмонлари идораси  

Сурхондарё вилояти бош имом-хатиби          

 

Izoh qoldirish

Izohlar