СУДХЎРЛИК – ОҒИР ГУНОҲ!
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда мўмин-мусулмонлар ҳаёт тарзи, турмуши нималардан иборат бўлишини батафсил баён қилиб берган. Яьни, қайси нарсаларга амал қилинса жаннатга олиб боришини, дўзахдан сақланиш учун эса Аллоҳ таоло наҳий (қайтарган) амалларни баён қилиб берилган. Шулардан бири гуноҳи кабиралардан рибо емоқлик, яьни судхўрлик билан пул топишдир. Масалан, бир киши иккинчи кишига минг сўм бериб, бирминг бир юз сўм қилиб қайтариб олиши судхўрлик бўлади. Шу юз сўм ҳаром пул, шу йўл билан бойлик орттириш гуноҳи кабира бўлади. Ҳар қандай пул меҳнат орқали топилиши керак. Рибо ҳам энг катта гуноҳи кабиралар жумласидан, чунки Аллоҳ таоло рибони емасликка буюрган.
Ҳеч кимга сир эмаски, янги XXI-аср бўсағасида бутун дунёда илм- фан, техника ниҳоят даражада ривожланди. Бир пайтлар қанот ясаб, учишни орзу қилган инсоннинг оёғи бугунги кунда ойга етди. Барча соҳалар тараққий этиб, юқори пағоналарга кўтарилди. Ривожланиш йўлида турли омиллар ишга солинди, янгидан-янги ихтиролар қилинди.
Ана шундай тезкор муҳитда кишилар пул топишнинг турли йўлларини ўйлаб топди. Кимдир тижорат билан шуғулланган бўлса, кимдир осонгина пулларни қарзга бериб, устига устама ҳақ олиб бойиб бошлади. Маьлумки, қарз оладиган киши муҳтожлигидан, имкони йўқлигидан бировнинг олдига боради. Аммо қарз берувчилар “устига манамунча берасан”, деб шарт қўядилар. Бунга ноилож мажбур бўлган киши, олган қарзи у ёқда турсин, фоиз ҳам тўлай олмай, бўғзигача қарзга ботади. Устига фоиз олишни халқ тилида судхўрлик, шариатда эса рибо деб аталади.
Аллоҳ таоло ўзининг улуғ Қуръони Каримида бу ҳақда шундай деб марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ لاَ تَأْكُلُواْ الرِّبَا أَضْعَافًا مُّضَاعَفَةً وَاتَّقُواْ اللّهَ لَعَلَّكُمْ تُفْلِحُونَ
“Эй мўминлар, (берган қарзларингизни) бир неча баробар қилиб олиш билан судхўрлик қилманглар! Аллоҳ таолодан қўрқинглар! (Шунда) шоядки нажот топсангизлар”.[1]
Шунингдек, рибо гуноҳи кабиралардан биридир. Ундан топилинган бир сўм пул ҳам ҳаромдир. Ҳаромдан ҳазар қилиш керак.
Аллоҳ таоло ўзининг каломи шарифида шундай деб марҳамат қилади:
يآ ايّهاالذين آمنوا لا تأكلوا أموالكم بينكم بالباطل إلاّ أن تكون تجارة عن تراض منكم ولا تقتلوا أنفسكم إنّ الله كان بكم رحيماً.
“Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизни молларингизни ботил (судхўрлик, порахўрлик, ўғирлик каби) йўллар билан еманглар! Балки, ўзаро розилик билан бўлган тижорат, савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз. Ўзингизни ўзингиз ўлдирманг. Албатта, Аллоҳ таоло сизларга раҳмлидир”,[2] деб инсонларни ноҳақ йўллар билан касб-кор қилишдан қайтариб, ҳалол бўлган тижоратчиликка чорлайди.
Бировнинг молини ботил йўл билан ейишга рибо, қимор, порахўрлик, алдамчилик, нархни сунъий равишда кўтариш, ўғрилик, қиморбозлик ва бошқалар киради. Ояти каримада ботил йўл билан бировнинг молини ейишдан, “балки ўзаро розилик билан бўлган тижорат, савдо-сотиқ орқали мол-дунё касб қилингиз”, дейилмоқда. Албатта, ҳалол ризқ топишнинг йўли фақат тижорат эмас, аммо бу мақомда тижоратнинг зикр қилинишига сабаб, ботил йўл билан мол ейишнинг баъзи турларида тижоратга ўхшашлик бор.
Имом Термизий пайғамбаримиз Муҳаммад саллалоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилинган ҳадисларида: “Ростгўй ишончли савдогар жаннатда пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар билан бирга бўлади” деб савдогарлар ростгўй, ҳалол бўлсалар, улуғлар мартабасига эришишларини билдирадилар. Аммо унинг акси бўлиб, ўзидан фойдасини кўзлаб ҳийла найранг, алдамчилик, судхўрлик, кўзбўямачилик қилса, шариат кўрсатмаларидан ташқарига чиққан бўлиб, дунёда хору-зорликка, турли-туман балоларга учраб, охиратда оғир аламли азобларга дучор бўлади. Савдогарчилик аслида шарафли касб, пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламҳам тижорат билан шуғулланганлар ва тўғри ишлаб, ростгўй бўлганликлари учун ҳаммадан кўпроқ фойда кўрганлар. Мазҳабимиз асосчиси имом Аъзам раҳматуллоҳи алайҳ ҳам савдогарчилик қилганлар. Динимиз кўрсатмаларига биноан савдо-сотиқда ростггўй, мулойим бўлиш лозим. Одамларнинг хаққига хиёнат қилмай, рибони аралаштирмасдан, тош-тарозидан урмай, бир-бирини алдамай тижорат билан шуғулланган кишилар охиратда Аллоҳ таолонинг суюкли бандалари билан бирга бўлишлари таъкидланган.
Саҳоба Жобир ибн Абдуллоҳ ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салам: “Сизлардан бир кишини Аллоҳ таоло мағфират қилди, у бирон нарса сотганда мулойим эди. Сотиб олганда ҳам мулойим эди, бировга ҳукм чиқарганда ҳам мулойим эди” деб олди-сотди ишларида мулойим, хушмуомала бўлишни тарғиб этганлар. Дарҳақиқат, тижоратчи мулойим очиқ чеҳрали бўлса, ҳамма унинг дўконига келади. Агар у дағал, қўпол муомалали бўлса, ҳамма безиб, ундан қочади, савдоси ҳам юришмайди. Ўз молини таклиф этаётган одам аввало унинг айбини бекитмасдан, борини айтиб сотмоғи лозим. Агар тарози, метр ёки литр билан сотаётган бўлса, ўлчовга хиёнат қилмаслиги керак. Чунки Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг бир қанча сураларида мусулмонларга “олди-сотди қилишда тош-тарозидан уриб қолманглар”, деб хитоб этган. Масалан, “Мутоффифин” номли сурани шу тўғрисида нозил қилди: “(ўлчов-тарозидан) уриб қолувчи кимсалар ҳолига вой! Улар одамлардан бирор нарсани ўлчаб олган вақтларида тўла қилиб оладиган, уларга ўлчаб ёки тортиб берган вақтларида эса уриб қоладиган кимсалардир. Улар қайта тирилувчи эканликларини ўйламайдиларми? Улуғ кун (қиёмат)да одамлар (бутун) оламлар парвардигори ҳузурида тик турадиган (ҳисоб-китоб берадиган) кунда?...”
Аллоҳ таоло ўзининг муқаддас Қуръони Каримида шундай марҳамат қилади. “Мол-дунёларингизни ораларингизда ноҳақ ҳаром йўллар билан емангизлар!” (Яьни бир-бирингизнинг ҳаққингизни еманглар!)
Оятдаги “ноҳақ-ҳаром йўл”дан мурод ўзаро келишиб судхўрлик қилиш ёки бировнинг молини ёлғон, ботил қасам билан олишдир.
Каъб ибн Ужра ривоят қилган ҳадисда эса, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Каъб ибн Ужра ҳаром еб катта бўлган жисм жаннатга кирмайди”, деганлар. Кўриниб турибдики, судхўрлик қандай оғир гуноҳ эканлигини, шунингдек фақат, ҳалол ризқ топиш керак. Беш кунлик ўткинчи дунёда ўзимизни ўтга – чўққа уриб, ҳаром йўллар билан бойлик орттиришдан сақланиш керак. Зеро, очлик-муҳтожликка чидаш мумкин, аммо Аллоҳ таолонинг азобларига чидаб бўлмайди.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:
الذين يأكلون الربوا لا يقومون إلاّ كما يقوم الذى يتخبطه الشيطان من المسّ ذلك بأنهم قالوا إنما البيع مثل الربوا وأحلّ الله البيع وحرّم الربوا فمن جاءه موعظة من ربّه فانتها فله ما سلف وأمره إلى الله ومن عاد فألئك أصحاب النار هم فيها خالدون.
“Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб жинни бўлган кишилардек довдираб турадилар. Бундай бўлиши уларнинг, тижорат ҳам рибога ўхшаш-да, деганлари учундир. Ва ҳолбуки Аллоҳ таоло тижоратни ҳалол, рибони эса ҳаром қилган. Кимки Роббидан мавъиза келганда тўхтаса, аввал ўтгани ўзига ва унинг иши Аллоҳ таолонинг ўзига ҳавола. Кимки яна (рибога) қайтса, ана ўшалар дўзах эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар”[3]
Бу оятнинг нозил бўлишлигининг сабаби: Аббос ва Холид ибн Валид жоҳилиятда шерик эдилар. Улар одамларга қарз бериб, сўнгра қарзларини фоиз (ортиғи) билан олар эдилар. Бу оят келиб, бу тарздаги муомалани ҳаром қилди.
Бизнинг тилимизда “рибо” сўзи судхўрлик деб таржима қилиб келинган. Яхшироқ тушуниш, маънонинг Қуръони Каримдагига янада яқинроқ бўлиши учун айтиш керакки, араб тилида “рибо” сўзи зиёда бўлди, кўпайди маъносини англатади. Шариатда эса, қарз берувчи қарздордан маълум вақт муқобилига асл мол устига оладиган зиёдадир. Ушбу тушунтиришдан кейин рибо сўзини истеъмол қилишга ижозат бергайсиз.
Рибонинг нақадар ёмон нарса эканини кишилар онгига аввал-бошдан яхшилаб ўрнатиш мақсадида, ояти карима судхўрнинг қиёматдаги ҳолини баён қилиш билан бошланмоқда. Қиёматда ҳар бир одамнинг сиртқи ҳолидан иши қандоқ эканини билиб олинади.
Худди ўша куни одамлар қабрларидан тураётганларида, судхўрлар албатта ўзларига хос бир ҳолатда турар эканлар. Уларнинг қабрдан туришларини кўрганлар биров танимаса ҳам, ана булар судхўрлар, дер экан. Уларнинг бу ҳолини ояти карима қуйидагича васф қилади:
“Рибони ейдиганлар (қабрларидан) фақат шайтон уриб жинни бўлган кишидек довдираб турадилар”. Яъни уларнинг ўзларини тутишлари соғ-саломат, ақлли кишилар каби бўлмайди.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг муборак ҳадисларида гуноҳи кабиралар ҳақида шундай дейдилар:
عن ابى هريرة ان النبى صلى الله عليه وسلم قال:"اجتنبوا السبع الموبقات" قالوا:وما هن يا رسول الله ؟ قال:"الشرك بالله، والسحر، وقلت النفس التى حرم الله الا بالحق، و اكل الربا،واكل مال اليتيم، والتولى يوم الزخف، و قذف المحصنات الغافلات المؤمنات".
Яъни, пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Ҳалокатга олиб борувчи етти нарсадан сақланинглар”, саҳобалар сўрадилар, эй расулуллоҳ, улар қайсилар, шунда айтдиларки:
- Аллоҳ таолога ширк келтиришлик.
- Сеҳр билан шуғулланишлик.
- Аллоҳ таоло ҳаром қилган нафсни (инсонни) ўлдиришлик, лекин хақ билан (жоиз).
- Судхўрлик.
- Етимлар молини ейишлик.
- Уруш майдонидан қочишлик (яъни ватанни ҳимоя қилишдан).
- Эрли, иффатли мўъмина аёлни зинокор (фоҳиша) деб туҳмат қилиш.
Бу машҳур ҳадисдан хулоса шуки, инсон ўзини ҳалокатга олиб боришдан ва ҳамда ҳаром ейишдан ўзини сақламоқлиги лозимдир.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда марҳамат қилиб айтади: “Менга макр ишлатаман дейишади, мен булардан ҳам маккорроқман. Мени макрим қаттиқроқ”. Охиратдаги азоб эса бундан чандон каттароқ бўлади.
Бу ҳақда Самурат ибн Жундуб ривоят қилган ҳадисда пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деб марҳамат қиладилар:
و عن سمرة بن جندب – رضى الله عنه - قال : قال النبىصلي الله عليه وسلّم: "رأيت الّليلة رجلين أتياني فأخرجاني الي أرض مقدّسة، فانطلقنا حتّي آتينا علي نهر من دم فيه رجل قائم، و علي شطّ النّهررجل بين يديه حجارة فاقبل الرجل الذى في النّهر، فاذا أراد أن يخرج رمى الرجل بحجرفي فيه فردّه حيث كان فجعل كلّما جاء ليخرج رمى فى فيه بحجر فيرجع كما كان فقلت: ما هذا الّذي رأيته فى النهر؟ قال : آكل الربا " رواه بخاري
“Меърож кечасида икки фаришта мени Қуддус шаҳрига олиб боришди. У ердан осмонга кўтарилиб, тўлиб қон оқаётган бир дарёни олдига келдик. Дарёнинг бўйида, олдига кўплаб тошларни тўплаб олган бир киши турибди. Дарёнинг ичида эса, бир киши сузиб юрибди. Ҳар сафар қирғоққа яқинлашиб, чиқишга ҳаракат қилса, қирғоқдаги киши қўлидаги тош билан унинг оғзига уради, у яна дарёнинг ўртасига бориб тушади. Бу ҳолат тўхтовсиз давом этаяпти. Мен Жаброил дўстимдан уларнинг кимлигини сўрасам, бу рибохўр киши, деб жавоб берди”[4] (Имом Бухорий ривоятларидан)
Юқоридаги оят ва ҳадислардан кўриниб турибдики, рибо билан шуғулланувчилар доимо азобга гирифтор бўлар эканлар ва уларга доимо Аллоҳ таолонинг лаънати ёғилиб турар экан. Шунинг учун Аллоҳ таолони рози қиладиган амалларни, уни раҳматига эришадиган бандалардан бўлишга ҳаракат қилмоқлик зарур. Ҳалол пешона тери эвазига, мол-дунё соҳиби бўлган карамли инсон, ортиқча бир бурда нонни кам таъминланган ногирон, майиб-мажруҳ кишилар, етим-есирлар билан баҳам кўрса, уларнинг ҳолидан хабар олиб турса, Аллоҳ таолони рози қиладиган амаллардан бўлади.
Хайрулло МАРДОНОВ, “Имом Термизий" ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Нисо сураси 29-оят
[2] Нисо сураси 29-оят
[3] Бақара сураси 275-оят
[4] Сахиҳул Бухорий
Izohlar