ВАТАН ҲИМОЯСИ – МУҚАДДАС БУРЧ
Аллоҳ таоло томонидан инсон зотига берилган энг буюк неъматлардан бири – бу унинг она ватан бағрида умргузаронлик қилиши, ватан бағрида камол топишидир. Зеро, ватан киндик қонимиз тўкилган тупроқ, аждодларимиз мангу қўним топган маскан, авлодларимиз камолотга етадиган диёрдир. Ватан она каби яккаю ягонадир. Аллоҳ таоло ҳар бир бандани яратар экан, унинг ўсиб-униши учун уларга бир ватан ҳам ато этди. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, дунёда ватан мудофаасидан, унинг ҳар бир қарич тупроғини асраб-авайлашдан ҳам кўра буюкроқ бурч бўлмаса керак.
Пайғамбаримизнинг ҳаёт йўлларига назар ташлайдиган бўлсак, ватанга бўлган муҳаббатнинг олий намунасини, муқаддас динимизда ватанга бўлган севги нақадар юксак даражада таъриф этилишини кўрамиз. Жумладан, Расулуллоҳ с.а.в.нинг қавми Маккадан чиқиб кетаётганда Макка билан хайрлашиб, унга қарата шундай хитоб қилганлар: “Қандаям яхши шаҳарсан, қандаям менга суюклисан! Агар қавмим мени сендан чиқариб юбормаганида, сендан бошқада яшамасдим” (Термизий ривояти 3926).
Она диёримизда азал-азалдан ватанни асраб-авайлаш, уни ҳам маънавий, ҳам ҳарбий нуқтаи назардан мудофаа этиш борасида олим ва мутафаккирлар, ҳарбий саркардалар намуна кўрсатганлар. Жумладан, юртимиздан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Алишер Навоий каби алломалар ўзларининг бебаҳо асарлари орқали мамлакат қудратининг юксалишига, маънавий ҳаёт тараққиётига хизмат қилган бўлсалар, Жалолиддин Мангуберди, Амир Темур каби буюк саркардалар эса ватаннинг ҳарбий қудратини оширишга, уни мудофаа қилишга тайёр турганлар. Кубравия тариқатининг асосчиси Шайх Нажмиддин Кубро ватан мудофааси йўлида намуна кўрсатган улуғ аждодларимиздан ҳисобланади. Зеро, Шайх Нажмиддин Кубро ҳазратлари ватан йўлида нафақат ўз илмлари орқали, балки душманга қарши мардонавор жанг қилиш орқали ҳам хизмат қилганлар.
Яратганга минг шукрлар бўлсинки, она ватанимиз истиқлол деган улуғ неъматни қўлга киритгач, мамлакатнинг ҳарбий қудратини ошириш, соҳани янги сифат босқичига кўтариш борасида улкан лойиҳалар амалга оширилди. Айниқса, сўнги йилларда “Инсон қадри учун” деган шиор остида ҳарбий соҳа вакилларининг турмуш шароитларини яхшилаш масаласига алоҳида аҳамият қаратилмоқда.
Мамлакатимиз Конститусиясининг 52-моддасида Ўзбекистон Республикасини ҳимоя қилиш — Ўзбекистон Республикаси ҳар бир фуқаросининг бурчи эканлиги кўрсатиб ўтилган. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, ватаннинг маънавий-маърифий, иқтисодий-сиёсий, ҳарбий нуқтаи назардан ривожланишига ҳар биримиз масъулмиз.
Сарвар Саидов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассаси ўқитувчиси
Izohlar