16.01.2023

ҲАЗРАТИ АЛИНИНГ ҲИКМАТЛИ СЎЗЛАРИ ВА ҚУРЪОН ҲОФИЗЛАРИГА НАСИҲАТЛАРИ

Ибн Асокир Робия ибн Нажиддан ривоят қилади:

«Али розияллоҳу анҳу:

«Одамлар орасида, ҳудди қушлар орасидаги асаларидек бўлинглар, учиш унинг учун заифлашишдан бошқа нарса эмас. Қушлар унинг уйидаги нарсанинг баракотини билса эди, бундай қилмасди. Одамларга тилларингиз ва жисмларингиз билан яқин бўлинг, амалларингиз ва қалбларингиз билан ажралиб туринг. Кишига, албатта, касб қилган нарсаси бўладур. У қиёмат куни суйгани билан бўлади» деди».[1]

Алидан ривоят қилинади:

«Ораларингиздан ҳар бир киши амал қилишни кўпайтиришдан кўра амали қабул бўлувчилардан бўлишлари ҳақида кўпроқ қайғурсин, чунки, тақво билан қилинган амал ҳеч кам бўлмагай, қабул қилинадиган амал қандай кам бўлгай?!».[2]

Яҳё ибн Жаъдадан ривоят қилинади:

«Али ибн Абу Толиб:

«Эй Қуръон кўтарувчилари! Буни ишлатинглар! Ким билса, сўнгра билгани ила амал қилса, илми амалига мувофиқ келса, у албатта, олимдир. Келажакда бир қавм илмлии бўлади-ю, лекин олган илмлари ўмровидан нарига ўтмайди. Ичи ташига мухолиф бўлади. Амали илмига мухолиф бўлади. Ҳалқаларда ўтириб баъзиси баъзиси билан тортишади. Албатта, ўшаларнинг қилган амаллари Аллоҳга ўша мажлисларидан нарига кўтарилмас» деди».[3]

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Раҳбарликнинг яхшиси тавфиқдир. Яхши биродарлик хулқнинг чиройлисидир. Яхши ҳамроҳнинг ақлдир. Мероснинг яхшиси одобдир. ажабланишдан кучлироқ ваҳшат йўқ».[4]

Ҳорисдан ривоят қилинади:

«Алининг олдига бир киши келди ва:

«Менга қадар ҳақида хабар беринг»? деди. У киши: 

«Сен ҳаракат қила олмайдиган қоронғу кўчадир» деди. У яна:

«Менга қадар ҳақида хабар беринг» деди. 

«У ундан чиқолмайдиган чуқур денгиздир» деди Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу. У киши яна:

«Менга қадар ҳақида хабар беринг» деди. 

«Бу Аллоҳнинг сиридир. Аллоҳ уни сендан сир тутди. Асло тополмассан!», деди, у киши. Яна:

«Менга қадар ҳақида хабар беринг» деди у киши.

«Эй Сўровчи! Аллоҳ сени Ўзи хоҳлаганидек яратдими? Ёки сен хоҳлаганингдекми?» деди Али розияллоҳу анҳу. У:

«Албатта, Ўзи хоҳлаганидек» деди. 

«Унда сени хоҳлаганидек қилади» деди Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу».[5]

Алидан ривоят қилинади:

«Ҳар мусибатнинг ўз интиҳоси бор. Мусибат етганда ҳар бир киши уни охирига етказиши лозим. Оқил кишига мусибат етса, муддати ўтгунча уйқуга кетиши лозимдир. Муддати ўтмасдан олдин уни ўзидан даф қилишга ҳаракат қилиш, албатта, унинг ёмонлигини зиёда қилади».[6]

Али розияллоҳу анҳудан «Саҳийлик нима?» дея сўрашганида у киши: «Сўралишдан олдин бериш ва сўрашдан олдин ҳаё ва такаррум қилиш» деб жавоб бердилар.[7]

«Ҳазрати Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир киши Али розияллоҳу анҳунинг олдига келиб унга ҳамду санолар айтди ва у кишини мақтади. Бундан олдин у кишига бу одамнинг қандайлиги етиб келган эди. Али розияллоҳу анҳу: 

«Мен сен айтганингдек эмас, нафсингдаги нарсанинг устидаман» деди»».[8]

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Ибодатдаги заифлик, турмушдаги торлик ва лаззатдаги ноқислик маъсиятнинг жазосидир. Лаззатдаги ноқислик нима деб сўралганида: «Никоҳсиз бўлган шаҳват» деди».[9]

 

Манбаа: Жалолиддин Суютийнинг “Тарихул хулафо” асаридан олинган.

 

Нуралиев Умид – Имом Термизий ўрта махсус 

ислом таълим муассасаси АРМ кутубхоначиси.

 


 

[1]Тариху Дамашқ. XXXXII, 509 б.

[2]Тариху Дамашқ. XXXXII, 511 б.

[3]Тариху Дамашқ. XXXXII, 509 б.

[4]Тариху Дамашқ. XXXXII, 509 б.

[5]Тариху Дамашқ. XXXXII, 512-513 б.

[6]Тариху Дамашқ. XXXXII, 514 б.

[7]Тариху Дамашқ. XXXXII, 517 б.

[8]Тариху Дамашқ. XXXXII, 518 б.

[9]Тариху Дамашқ. XXXXII, 518 б.

Izoh qoldirish

Izohlar