ЕТМИШ ЮРАК ФИДО БЎЛГАН КУНИ!
Қози Ҳасан ибн Муҳаммаднинг “Инаротуд дужа фи мағози хойрил варо” китобида Уҳуд ғазоти ҳижратнинг учинчи йили, шаввол ойида, шанба куни бўлгани айтилган. Ибн Ҳишом “Ас-сийратун набавийя” китобида келтирилишича... “Бадрда мағлубиятга учраб, савдо йўллари тўсилиб қолгач, қурайш зодагонлари мусулмонлардан қасос олиш учун катта жангга тайёрланди. Абу Суфён 3000 кишилик қўшин тўплади.
Уҳуд жангига чиққан мусулмонлар 1000 киши эди. Лекин жангдан олдин Абдуллоҳ ибн Убай исмли мунофиқ “Мен қайтдим, сизлар ҳам қайтинглар” деб Мадинага қайтиб кетди. У билан бирга 300 киши ҳам қайтди. Мусулмонлар 700 киши бўлиб қолди.
Жанг бошланди. Борган сари шиддатли тус оларди. Шу пайт Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бир чуқурга йиқилиб тушдилар, чуқурдан чиқмоқчи бўлдилар, бу ҳолатни Ибн Қомъа исмли бир кофир кўриб у зотнинг олдига яқинлашиб, қиличи билан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг елкасига қаттиқ урди. Аллоҳнинг росули яна чуқурга тушиб кетдилар. Совут икки қават эканлиги сабаб у зотга қилич зарар бермади. Кофир яна у зотнинг устига келиб, муборак бошларига иккинчи марта қиличи билан урди. “Во ҳасрато!!! бу қандай ҳол?, Икки олам сарвари ҳабибимиз, Росулуллоҳни-я?, оламларга раҳмат қилиб юборилган зотни-я?, биз умматларига ота онамиздан-да кўпроқ меҳрибон зот мана шундай оғир синовларга дучор бўлдилар. Қилич зарбидан Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дубулғаси ўйилиб, дубулғанинг иккита ҳалқаси муборак юзларига санчилиб қолди. Утба ибн Ваққос номли мушрик ердан бир тошни олиб у зотнинг муборак юзларига урди. Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олд тишлари синди, оғизлари қонга тўлди, пастки лаблари ёрилди. Шу пайт Толҳа ибн Убайдуллоҳ р.а келиб мушрикларни у ердан ҳайдай бошлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳали чуқурдан чиқмаганларини кўрган мушриклар у зот тарафга камон отишни бошлади. Шу пайт Абу Дужона р.а келиб, у зотга камон ўқлари тегмасин деб маҳкам қучоқлаб олиб: “Ё росулуллоҳ, бошингизни кўтарманг” деди. Мушриклар тарафидан отилган ўқларнинг кўплигидан Абу Дужона р.а нинг орқалари типратиканга ўхшаб қолди. Ибн Ҳазм “Жавомеус-сийра” китобида айтишича “Абу Дужона р.а шу ҳолда ҳам қимирламасдан турди”.
Росулуллоҳга шунча азоблар етса ҳам мушрикларга азоб сўраб роббиларидан дуо қилмадилар. Шу ҳолатда нима деб дуо қилганини биласизми? “Саҳиҳул Бухорий”да ривоят қилинишича У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам “Эй Роббим, қавмимни мағфират қилгин, Роббим улар билмайдилар” деганлар.
Жангдан сўнг юзларига кириб қолган дубулғанинг ҳалқасини Абу Бакр р.а чиқариб олмоқчи бўлганида Абу Убайда р.а : “Аллоҳ хайрингни берсин, Абу Бакр, менга қўйиб бер”, деди ва оғзи билан уни чиқара бошлади. Саҳобаларнинг у зотга бўлган муҳаббатларини кўринг. Пайғамбар алаҳиссаломга озор бермаслик учун қўли билан эмас, балки, тиши билан чиқаришга ҳаракат қилди ва чиқариб олди. Чиқариш асносида Абу Убайданинг олд тарафдаги бир тиши синди. Кейингисини Абу Бакр р.а олмоқчи бўганда Абу Убайда яна: “Эй Абу Бакр, Аллоҳ хайрингни берсин, менга қўйиб бер”, деди. Яна тиши билан чиқариб олди. Абу Убайданинг яна бир тиши синди.” Ўша жараёнда Абу Абуйда р.а нинг иккита тиши синган эди.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учун бутун борлиғини аямаган саҳобалардан яна бири Толҳа ибн Убайдуллоҳ р.а Мушриклар росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдига яқинлашиб қолганда мислсиз даражада қаттиқ жанг қилди. Ҳокимнинг “Иклил” китобида ривоят қилинишича Толҳа ибн Убайдуллоҳ р.а Уҳуд жангида 35 ёки 39 та жароҳат олган, кўрсаткич ва ўрта бармоқлари шол бўлиб ишламай қолган.
Уҳуд жангида росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни ҳимоя қилиб шаҳид бўлганлардан яна бирлари Ҳамза р.а дир. Бу зот Росулуллоҳнинг энг яқин инсони, амакиси, оғир кунларда ёнида турган, жанг қилишда тенгсиз даражада кучли инсон эдилар. Жангдан кейин Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Ҳамза р.а ни излаб чиқдилар. Ўликлар орасини излаб бораркан, Ҳамза р.а нинг жасадларини кўрдилар, қорни ёрилган, жигари чиқариб олинган, қулоқ бурни кесилган. Росулуллоҳ бу ҳолдан дахшатга тушдилар, кўзларига ёш келиб “Сизнинг мусибатингизча алсо мусибатга дучор бўлмайман” дедилар. Жаброил алайҳиссалом менга келиб хабар бердики “етти осмонда Ҳамза ибн Абдулмуттолиб Аллоҳнинг шери, росулуллоҳнинг шери деб ёзилган”. Уҳуд жангида мусулмонлардан 70 киши шаҳид бўлди.
Сўи Оллоҳёр айтадилар:
Уҳуд тоғида пайғамбар тишини,
Шаҳид этди яна етмиш кишини.
Саҳобаларнинг росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббатларининг тенги йўқ эди. У зотни ота-оналаридан ҳам, фарзандларидан ҳам, мол-давлатларидан ҳам, ҳатто ўзларидан ҳам кўпроқ яхши кўрар эдилар. Шу сабаб улар “Розияллоҳу анҳум ва розу анҳу” мақомига эришдилар. Яъни, “Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар”.
Жуманазаров Ҳабибуллоҳ - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
УЗ
РУ
EN
العربية
Izohlar