ИБН СИНОНИНГ “АР-РИСОЛА ФИ-Л-АХЛОҚ” РИСОЛАСИ
Ислом илм-фан тараққиётига, хусусан фалсафа ва тиббиёт илмлари ривожига катта ҳисса қўшган олим, “Шайхур раис”, яъни “Донишмандлар сардори” деган юксак ном билан улуғланган аллома Абу Али ибн Синонинг бой маънавий-ахлоқий меросини ўрганиш бугунги кун учун ҳам ниҳоятда муҳим масалалардан бири ҳисобланади. Ибн Сино миқдор жиҳатдан ҳам, мавзу хилма-хиллиги жиҳатидан ҳам улкан меросга эга бўлганига қарамай, унинг илмий-фалсафий қарашларида ахлоқ муаммоларига оид масалалар бошқа фанлар билан солиштирганда камроқ намоён бўлади. Шунга қарамай, ибн Синонинг ахлоқий қарашларини ўзида жамлаган “ар-Рисола фи-л-ахлоқ” (“Ахлоқ ҳақида рисола”), “Тадбирул манзил” (“Уй-жойни бошқариш ҳақида рисола”) номли кичик рисолаларида акс этган ахлоқий ҳикматлар алломанинг ушбу илм соҳасида беназир бўлганлигидан далолат беради.
Ибн Сино ахлоқий рисолаларининг асосий моҳияти ва маъноси таҳлил қилинса, уларда ахлоқий тафаккурнинг иккита асосий масаласи кўриб чиқилишининг гувоҳи бўламиз:
1) фазилатлар ва иллатлар ҳамда уларнинг турлари;
2) ахлоқий мақсадлар.
Хусусан, “ар-Рисола фи-л-ахлоқ” рисоласининг муқаддимасида аллома ахлоқ илмининг асосий мақсадини қуйидагича тушунтиради: “Кимки ўзини билишга қизиқса, қалбини поклашга кўмаклашувчи фазилатлар ва уларни ўзлаштириш йўлларини англашни истаса, шунингдек ўз нуқсонларини ва улардан сақланиш усулларини эгаллашни хоҳласа, ахлоқий фазилатларнинг энг маъқулини, энг муносибини танлаши лозим. Зеро, инсон табиатида комилликдан келиб чиқадиган, бу ҳаётда ҳам, охиратда ҳам бахтга эришишга ёрдам берадиган ҳақиқат бор”.
Ибн Синонинг ахлоқий таълимотига кўра, фазилат ва иллатларнинг мутлақ кўпчилиги инсоннинг ҳаётий фаолияти давомида шаклланиб, улар таълим, малака, одат ва амалиёт билан чамбарчас боғлиқдир. Шунингдек, у ахлоқ икки йўл билан: одатлар орқали ва тафаккур орқали эришилади, деб ҳисоблайди.
Ибн Сино “Ахлоқ ҳақида рисола”сида нафснинг эзгуликка хизмат қилувчи фазилатларини қуйидагича таснифлайди:
1) Ахлоқий софлик;
2) Саховат;
3) Меъёр, яъни мўътадиллик.
Аллома донолик, фикр равшанлиги, фаросатлилик, эҳтиёткорлик, қатъият, ихлос, вафо, муҳаббат, раҳм-шафқат, уятчанлик, меҳнатсеварлик, яхши ният ва ҳаё каби фазилатларни ўзига хос оқилона фазилатлар сифатида эътироф этади.
Ибн Синонинг ушбу рисоладаги ва бошқа асарларидаги ахлоқий таълимотининг муҳим жиҳати ўзаро муносабатларда меъёрга (حد الاعتدال) амал қилишдир. Шу нуқтаи назардан айтиш мумкинки, аллома инсон зотининг ҳаётдаги асосий мақсади сифатида эзгуликка интилиш, эзгу мақсадларни амалга ошириш йўлида ғайратли бўлиш ва шу орқали ўз-ўзини такомиллаштириб бориш кабиларни эътироф этади. Ибн Синонинг бундай қарашларини нафақат унинг “ар-Рисола фи-л-ахлоқ” рисоласида, балки бошқа рисолаларида ҳам учратиш мумкин.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Абу Али ибн Синонинг мазкур рисоласида илгари сурилган ахлоқий қарашлар бугунги мафкуравий зиддиятлар авж олган бир даврда маънан етук, ахлоқан баркамол жамиятни шакллантиришда дастуруламал бўлиб хизмат қилади.
Сарвар Саидов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar