ИБН АЛ-МУҚАФФАНИНГ АРАБ-МУСУЛМОН ФАЛСАФАСИ РИВОЖИДАГИ ЎРНИ
Ибн ал-Муқаффа Ислом илм-фанининг энг маҳсулдор мутафаккирларидан бири бўлиб, араб-мусулмон илм-фанининг, китобат илмининг юксалишига катта таъсир кўрсатди. У ўз таълимотида ҳар доим олий идеалга интилди, бу эса унинг асарларида намоён бўлди. “Ал-адаб ал-кабир” асари гапимизга яққол далил бўла олади. Мутафаккир ушбу асарни ёзиш орқали донишмандлиги, сиёсати, ахлоқи ва гўзал сийрати билан бошқаларга намуна бўла оладиган комил ҳукмдор образини яратишни мақсад қилган. Унинг идеал ҳукмдор борасидаги ғоялари италиялик файласуф Макиавеллининг фикрларига қарама-қарши йўналишдадир.
Николло Макиавелли ҳукмдорларнинг сиёсати борасида сўз юритар экан, уларни ўз вазифаларини адо этишда дин, адаб, олийжаноблик қоидаларига зид равишда ёлғон ва товламачиликдан фойдаланишга ундайди. Макиавелли таълимонининг асоси “Мақсад воситани оқлайди” деган ғояга асосланади. Макиавелли ўзининг “Подшоҳ” номли асарида шу шунга ўхшаш фикрларни илгари суради. Ибн ал-Муқаффа эса “Ал-адаб ал-кабир” ҳукмдор хислатларини шундай таърифлайди: “Ҳукмдор учун қаҳр-ғазаб муносиб эмас, чунки ҳукмдорнинг куч-қудрати унинг қаҳрига боғлиқ эмас. Подшоҳга ёлғон гапириш ҳам хос эмас, чунки ҳеч ким уни хоҳлаганидан бошқа нарсага мажбурлай олмайди. Ҳукмдорга бахиллик ҳам муносиб эмас, чунки ҳукмдор фақирлик хавфидан холи бўлган озчилик инсонлардан биридир”. Ибн ал-Муқаффа ушбу фикр орқали олий идеални ўрнак сифатида намойиш этади.
Ибн ал-Муқаффанинг эътиборини ўзига тортган масалалардан бири дўстлик ғояси бўлиб, мутафаккир комил тарздаги дўстлик тушунчасини ўз таълимотида илгари суради. “Ал –адаб ал-кабир” асарида Ибн ал-Муқаффа идеал дўстлик муносабатдарига ўз диққатини қаратар экан, халқни ўзи тавсифлаган олий даражадаги дўстона муносабатларни ўрнатиш учун интилишга даъват этади. Унинг мана бу фикрларига эътибор берайлик: “Сенга ўз нуқтаи назаримга кўра инсонларнинг энг улуғларидан деб ҳисоблайдиганим, суҳбатдош дўстим ҳақида билганларимни ҳикоя қиламан. Менинг нигоҳимдаги энг улкан нарса унинг нигоҳларида дунёнинг энг кичик зарраси каби эди. У қорин ғамидан холи эди. Ўзида йўқ нарсалардан ғурурланиб, роҳатланмас, ўзида бор нарсаларни эса ошириб кўрсатмас эди. Беҳуда ўйин-кулгудан холи, ўзига нисбатан бошқаларда шубҳа-гумон пайдо бўлишига йўл қўймас эди. У руҳ ва жисмга нисбатан ҳаддан зиёд эҳтиёткорлик қилмасди. Тилига эрк беришдан холи эди, билмаган нарсаси ҳақида гапирмас, билганлари борасида эса баҳслашиб ўтирмас эди. Жаҳолатга эрк беришдан ўзини тийиб турарди, эзгуликка хизмат қилмайдиган масалани тақдим қилмасди. Ўз қисматини жимгина яхшилаб, ошириб борар эди, агар гапирса, жамийки нотиқлардан афзалроқ гапирар эди. Аслидагидан икки баравар кучсизроқ кўринарди. Агар ғайрати жўш урса, шиддаткор шер каби эди. Ножоиз тортишувларга ўзини урмас, беҳуда баҳс-мунозараларда иштирок этмас эди. Фақат далил-исботга асосланиб, адолатли қарорлар қабул қиларди. Узрли сабаб билан содир бўлган бирор-бир воқеада ҳеч кимни айбламасди. У фақатгина ўзидан нажот истаганларга уларнинг манфаатлари учун шикоят қиларди. У фақатгина ундан насиҳат олишни истовчиларгагина маслаҳат берарди. Ҳеч қачон норози бўлмасди, ғазабланмасди, эҳтиросларига эрк бермасди, шикоятни ҳаддидан оширмасди. Ўз яқинларига нисбатан кек сақламасди, адоват борасида ғафлатда қолмасди. Эътиборини, маҳоратини ва ризқ-у рўзини дўст-у биродарларидан яшириб, ёлғиз ўзи учун сақлаб қўймасди”.
Ушбу ақл дурдоналари шундан далолатки, Ибн ал-Муқаффа доимо ёзган китобларида, қилган амалларида ва айтган ҳикматларида олий идеалга томон интилган. Бунда дин, сиёсат ва жамият борасидаги форслар яратган назарияларнинг таъсири катта бўлди. Кейин эса буларнинг барини ёдда тутиб, инкор этиб бўлмайдиган жиҳатларини тарғиб қилди. Мутафаккир бой форсий меросни фақатгина ёд олиш билан кифояланиб қолмади. Балки уни ҳар томонлама ўзлаштириб, ўзига қабул қилди, натижада эса форсий ва исломий тафаккур тарзини ўзаро боғлаган дурдона асарлар яратди. У форс давлатчилиги тарихига доир “Ойинанома”, “Худойнома”, “Китоб Тансар”, Хусрав Анушервоннинг таржимайи ҳолига бағишланган “Китоб ат-тож” асарларини араб тилига таржима қилмаган эдими? У бу таржималар орқали форсларнинг қадимий, маданий ютуқларга бой бўлган буюк цивилизацияси билан яқиндан танишмаганмиди? Ибн ал-Муқаффа ўз асридаги сиёсий ва ижтимоий муаммолар борасида муфассал тўхталиб, ушбу муаммолар борасида ўз фикрларини илгари суради ҳамда биографик таржималарида ушбу масалаларни ҳам эслаб ўтади.
Сарвар Саидов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar