25.06.2025

ЁМОН ИШГА СУКУТ ҚИЛГАН УНИ СОДИР ЭТГАНГА ШЕРИКДИР

Ёмон ишни кўриб, ундан қайтармасдан сукут қилган киши унга шерикдир. Жим қулоқ солиб ўтирган киши ғийбатга шерикдир ва бу жами маъсиятларга тўғри келади, ҳатто ипак кийган, тилла тақинчоқ таққан, ипак устида ўтирган эркаклар билан бирга ўтирганлар ҳам, деворларида сурат, олтин ва кумушдан бўлган идишлар бўлган уй ва ҳаммомда бирга ўтирганлар ҳам, одамлари руку ва саждaларни ёмон бажарадиган масжидда ўтирганлар ҳам, бидъатга тарғиб қилинадиган илм мажлисида ва ўзаро ҳақоратлар бўладиган баҳс-мунозара йиғинларида ўтирганлар ҳам гуноҳда уларга шерикдир.

Хуллас, одамларга аралишиб юрган киши кўп гуноҳларни кўради, агар қалбида тақвоси бўлса, муроса қилмайди ва Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмайди, амри-маъруф ва наҳий мункар қилади.

 Икки иш билан ундан вожиб соқит бўлиши мумкин:

Биринчиси, қайтарса ҳам унга эътибор берилмаслиги, мункардан тўхталмаслиги ва уни мазах қилинишини билади. Кўпинча бу ҳол олимлар, дин аҳлидан деб билинган кишилар томонидан содир этиладиган мункарларда бўлади. Бу ҳолда сукут килиш жоиз, лекин динга ёрдам бўлсин деб тил билан қайтариш савобли амал бўлади. Тил билан қайтаришдан ҳам ожиз бўлса, бу ўринни тарк этиши лозим, чунки маъсият ўрнида ўз ихтиёри билан бўлиб туриш мумкин эмас. Ароқ мажлисида ўтирган киши гарчи ўзи ичмаса ҳам, фосиқдир. Ғийбатчи ёки ипак либос кийган, рибо ёки ҳаром еган киши фосиқ, улар ўтирган ердан туриб кетиш лозим бўлади. 

Иккинчиси, мункардан қайтаришга қодир эканини билади масалан, шишада ароқ турибди, уни улоқтириб ташлаб синдириш ва қўлидаги лағу асбобни тортиб олиб ерга уришга қодир бўлади, лекин унинг ортидан калтакланиши ёки бошқа бирор ёмонлик етишини билади. Бу ерда қайтариш савобли амал бўлади. Аллоҳ таолонинг ушбу сўзи бунга далилдир: 

«Яхшиликка буюр ва ёмонликдан қайтар ҳамда ўзингга етган (балолар)га сабр қил» (Луқмон сураси, 17-оят). 

Бу ўринда қайтариш вожиб бўлмайди, лекин етажак балолар ҳам турли даражада бўлади, унга тўхталсак, сўзимиз узайиб кетади. «Иҳёу улумид дин»нинг Амри-маъруф бобида айтиб ўтилган. 

Хуллас, вожиб соқит бўлиши учун калтакланиш ёки моли ва обрўсига зарар етиш ҳолати бўлиши керак. Аммо ёмонлик содир этувчининг ёқимсиз муомаласи, келажакда душман бўлиб қолиб, бирор зарар етказишидан, ёки ортидан ёмон сўзлар тарқатишидан қўркиш кабилар заиф баҳоналар бўлиб, улар сабаб вожиб соқит бўлмайди.

Муҳосабанинг асоси иккитадир:

Биринчиси, юмшоқлик ва хушмуомала, аввал мулойимлик билан насиҳат қилиш лозим, қўполлик мумкин эмас, чунки қўполлик маъсият ундовини яна ҳам кучайтириб, осийни озор беришга ундайди. Озор кўрган ёмонликдан қайтарувчи агар гўзал хулқ эгаси бўлмаса, нафси учун ғазабланади, Аллох учун қайтаришдан воз кечади, кўнглидаги ғазабни қондириш билан овора бўлиб, ўзи ҳам осийга айланади. Ёмонликдан қайтарувчи фақат ёмонлик учун ғазабланиши ва нафақат унинг сўзи, балки ҳар қандай кишининг сўзи билан бўлса ҳам, ёмонликни йўқотиш асл мақсади бўлиши лозим. Агар бу ҳолатда ўзини назорат килмаса, холис ният эмас, балки риё билан амал қилиши мумкин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Амри-маъруф ва наҳий мункар қиладиган киши буюраётганда мулойим бўлади, қайтараётганда мулойим бўлади, буюраётганда ҳалим бўлади, қайтараётганда ҳалим бўлади, буюраётган ва қайтараётгач нарсасини билган бўлади», деганлар.

Халифа Маъмунга бир инсон қўполлик билан насиҳат килди, шунда Маъмун айтдики: «Эй киши, сал мулойимроқ бўл, Аллох таоло сендан яхши кишини мендан ёмон кишига юбориб, унга мулойим бўлишни амр этди ва: «Бас унга юмшоқ сўз айтингиз! Шояд, у эслатма олса ёки (ҳалок қилишимдан) қўрқса», деди» (Тоҳа сураси, 44-оят).

Абу Умома Боҳилий розияллоху анху ривоят қилишича бир ёш йигит Расулуллоҳ соллаллоху алайхи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Менга зино қилишга рухсат берасизми?» деди. Одамлар шовқин солди, Набий соллаллоху алайхи васаллам: «Ўз ҳолига қўйинг, ўз ҳолига қўйинг, (йигитга) менга яқинрок кел», дедилар. Яқин келгач: «Буни (зинони) онанг учун хоҳлайсанми?» дедилар. Йигит: «Йўк, Аллох жонимни сизга фидо қилсин», деб жавоб берди. «Одамлар ҳам худди шундай, оналари учун буни ёқтиришмайди», дедилар, сўнг: «Буни қизинг учун хоҳлайсанми?» дедилар, йигит: «Йўқ», дегач: «Одамлар ҳам худди шундай, уни қизлари учун ёқтирмайди», дедилар. Сўнг унга синглиси, аммаси ва холасини мисол қилиб гапирдилар ва хар жавобидан сўнг: «Одамлар ҳам шундай хоҳлашмайди», дедилар. Сўнг кўлларини кўкрагига қўйиб: «Аллоҳим, қалбини пок қил, гуноҳини кечир, фаржини сақла», дедилар. Шундан сўнг зино унинг учун энг манфур нарсага айланиб қолди. Айримлар Фузайлга: «Суфён ибн Уяйна султоннинг мукофотини қабул қилди», деган эди. «Ҳали қанча ҳаққи қолиб кетди», деб жавоб берди. Сўнг у билан ёлғиз қолиб, қилган ишига койиди, шунда Суфён: «Эй Абу Али, ўзимиз солиҳ бўлмасак-да, солиҳларни дўст тутамиз», деди.

Иккинчи асос, муҳосаба қилувчи энг аввал ўзини тузатмоғи ва қайтараётган нарсалардан аввал ўзи қайтмоғи лозим. Ҳасан Басрий: «Агар яхшиликка буюрсанг, энг аввал ўзинг унга амал қил, акс ҳолда ҳалок бўласан», деган. Шундай қилмаса сўзининг таъсири бўлмайди ва масхарага колиб кетади. Лекин бу мажбурий шарт эмас, балки осий хам бировларни ёмонликдан қайтариши мумкин. Анас розияллоҳу анҳу айтади: «Эй Аллоҳнинг Расули, то ҳамма амални ўзимиз бажариб бўлмагунча яхшиликка буюрмаймизми? То ҳамма мункардан қайтмагунча ёмонликдан кайтармаймизми?» деган эдик, ул зот: «Ҳаммасига амал қилмаган бўлсангиз ҳам, яхшиликка буюринг, ҳаммасидан четланмаган бўлсангиз ҳам, ёмонликдан қайтаринг», дедилар»

Ҳасан Басрий: «То ўзинг тўлиқ амал қилмагунча бировга буюрма, деган сўз билан шайтон сизларни алдашга интилади, ахир гуноҳлардан маъсум оддий инсон борми?» деган экан.

ХУЛОСА

Амри маъруф ва наҳий мункар – Ислом умматининг бардавомлиги, тозалиги ва Аллоҳ розилигига эришишдаги энг асосий васиталардан биридир. Яхшиликка даъват қилиш ва ёмонликдан қайтариш – пайғамбарлар меросидир. Бу йўлдан юрган зотлар динини муҳофаза қилган, ўзини, оиласини ва жамиятини ҳалокатдан сақлаган бўлади. Сукутини тиймаган, маъсиятга шерик бўлмаган киши нажот топувчилардандир, иншааллоҳ.

Эй Парвардигори олам!

Бизларга қалбда таҳорат, нутқда ҳақиқат, амалда ихлос, насиҳатда мулойимлик ато эт!

Қалбимизга тақво, кўзимизга ибрат, тилимизга ҳикмат, қадамимизга истиқомат насиб эт!

Бизларни яхшиликка буюрувчи ва ёмонликдан қайтарувчи бандалардан қил!

Халқимиз, юртимиз, фарзандларимиз ва келажагимизни фисқу фасоддан, бидъату залолатдан, фитна ва азоблардан сақла, ё Раббим!

 

Шарипов Исроилжон – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси 

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar