
ИБОДАТЛАРДА СУННАТГА ЭРГАШИШ
Юқорида биз одатларда суннатга эргашишга тезлаб ўтдик, аммо ибодатларда эргашишга келсак, бу борада суннатни тарк этишнинг икки сабаби бор, улар яширин куфр ёки очиқ аҳмоқликдир. Масалан, Набий соллаллоҳу алайхи васаллам: «Жамоат намози якка ўқилган намоздан йигирма етти даража афзал», деганлар.Буни эшитган мусулмон қандай қилиб узрсиз тарк этиши мумкин. Бунинг сабаби аҳмоқлик ёки ўртадаги улкан фарқ ҳақида тафаккур қилмайдиган даражадаги ғафлат бўлади.
Биттадан иккитани афзал кўрган кишини ҳеч ким аҳмоқ демайди. Хоссатан, дин устуни ва абадий саодат калити бўлган амалларда битта савобни танлаб, йигирма еттитани тарк қилаётган киши нега ўзини аҳмоқ деб билмайди.
Бунинг сабаби яширин куфр деганимиз маъноси: ҳадисни эшитиб кўнглига ундаймас, фақат жамоага тарғиб қилиш учун шундай деганлар, деган фикр келишидир. Агар ундай бўлмаганда эди, нега айнан бошқа сонлар орасидан шу сонни танлаб айтияптилар, деб ўйлаган бўларди. Бу қалбга ўрнашиб олган яширин куфр бўлиб, киши уни сезмай юриши мумкин.
Оддий мунажжим ва табибларга ақл бовар қилмайдиган сўзларда ишониб, ғайб олами сирларидан хабардор бўлган Пайғамбарга ишонмаётгандан ҳам аҳмоқрок киши борми? Агар мунажжим: «Толейинг ўзгариши аввалидан йигирма етти кун ўтса, сенга бир бало етади», деса шу кунда эҳтиёт бўлиб, ҳамма ишини ташлаб, уйидан
ташқарига чикмай ўтиради. Агар мунажжимдан бу сўзнинг сабабини сўрасанг: «Бундай дейишим сабаби толе даражаси билан зуҳал юлдизи ўртасида йигирма етти даража мавжуд, мусибат ҳар бир даражада бир кун ёки бир ойга кечикиши мумкин», дейди.
Агар сенга: «Бу қуруқ гап, унга ишонма», дейилса, кўнглинг барибир ғаш бўлишда давом этади ва: «Ахир Аллохнинг ажойиботлари кўп-ку, жуда кўп нарсалар сабабини билиш қийин, мунажжимлар сўзи ҳам тўғри чиқиши тажрибадан ўткан-ку», дейсан. Аммо иш пайғамбар келтирган гойиб хабарга бориб тақалса-чи, уни инкор қилишга ва бирор ақлий муносабат излашга ҳаракат қиласан. Бунинг сабаби махфий ширк, аниқроғи, очиқ куфрдир, чунки бунинг иккисидан бошқа маънога йўйиб бўлмайди.
Бундай аҳволга тушишингга сабаб охиратингдан кўра дунёйингга кўпроқ эътиборли бўлганингдир. Шунинг учун дунёда бирор зарар кўрасан, деган мунажжим ва табибнинг сўзига қаттиқ эътибор қаратасан, кўнглингда ғашлик пайдо бўлиб, доим шумланасан, аслида ташвишланаётган ишларинг ва шумланишларинг ҳеч бир асосга эга эмас.
Бу каби асоссиз хабарларга жиддий ёндашишинг сабаби севганинг дунёдан айрилиб қолишдан хавотирланишдан ўзга нарса эмас, чукни қаттиқ муҳаббат қўйган меҳрибон киши ёмон гумонга берилган бўлади. Аслида тўғри фикрласанг, ўткинчи хатардан кўра абадий хатар эҳтиёт бўлишга ҳақлидир.
Агар қандай амалларда суннатга эргашиш керак деб сўрасанг, барча суннатда, деб жавоб бераман. Бу борада хабарлар жуда кўп. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шанба ва чоршанба куни ҳижома қилдириб мохов касалига дучор бўлган киши ўзини-ўзи маломат қилсин», деганлар. Муҳаддислардан бири: «Бу хадис заиф», деб шанба куни ҳижома қилдирди ва мохов касалига дучор бўлиб, қаттиқ қайғуга ботди. Кунларнинг бирида тушида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўриб шикоят қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайхи васаллам: «Нега шанба куни ҳижома қилдирдинг?» дегандилар: «Чунки ҳадис ровийси заиф эди», деб жавоб берди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мени айтди деб нақл қилинмаганмиди?» дедилар. «Тавба қилдим, эй Аллоҳнинг Расули», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шифо сўраб ҳаққига дуо қилдилар, эрталаб тонг отганда касалдан тузалган эди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ойнинг ўн еттинчиси, сешанба куни ҳижома қилдирган кишининг юзта дардига даво келади», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Асрдан кейин ухлаб, ақли заиф бўлиб қолган киши ўзини-ўзи маломат қилсин», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бировингизнинг оёқ кийими боғичи узилса, боғични тузатмасдан битта ковушда юрмасин», деганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Фарзанд кўрган аёлнинг энг биринчи таоми ҳўл хурмо бўлсин, агар топмаса, қуруқ хурмо бўлсин. Агар ундан афзалтаом бўлганда эди, Аллоҳ азза ва жалла Исо алайхиссаломни дунёга келтирган кун Марямга таом қилиб берарди», деганлар. «Бирингизга ширинлик олиб келинса, уни олсин, бирингизга хушбуй тақдим қилинса, ундан суртсин», деганлар,
Одатда, бундай мисолларни жуда кўп келтириш мумкин ва уларнинг бирортаси ҳам қандайдир сирдан холи эмас.
Вирдларни тартиблашда ўнта асосга таянилади:
Биз батафсил баён қилган ибодатлар орасида жамлаш мумкин бўлганлари бор, масалан рўза, намоз ва қироат, шунингдек, жамлаш имконсизлари ҳам бор, масалан, қироат, зикр, одамлар ҳуқуқини риоя қилиш ва намоз.
Энг асосий эътиборингни эрталабдан кечгача, кечдан тонггача ҳамма вақтингни турли эзгуликлар учун тақсимлашга қарат.
Ибодатлардан асосий кўзланган мақсад охират диёрига интилиш ва алдамчи дунё билан чалғиб қолмаслик учун Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилиш ила Унга нисбатан муҳаббатни ошириш. Охират диёрида Аллоҳ таолога бўлган муҳаббат билан келган кишиларгина нажот топадилар. Аллоҳга муҳаббатли бўлиш учун Уни таниш ва зикрини кўпайтириш лозимдир. Маърифат ва муҳаббат фикр ҳамда доимий зикр билан пайдо бўлади. Қалбда зикр бардавом бўлиши учун эслатмалар бўлмоғи лозим, улар эса кетма-кет адо этиладиган, кўп вақтни ўз ичига қамраб олган ибодатлардир. Уларнинг тури кўплиги эслатманинг таъсирли бўлиши ва малолланмасликни ҳамда одат тусига кириб қолиш орқали қалбдан таъсири йўқолиб қолмаслигини таъминлайди.
Тўгри, Аллоҳ азза ва жаллага тамоман ўзингни бахшида этган бўлсанг, вирдларни тартиблашга муҳтож бўлмайсан, балки вирдинг битта бўлади, яъни зикрда бардавом бўлиш. Лекин сени у даражада деб билмайман, чунки ундайлар жуда нодир. Агар бу даражага етмаган бўлсанг, вирдларингни тартиблаб ол.
Биринчи вирдинг уйқудан уйғонганингдан то қуёш кўтарилгунга қадар бўлсин. Бу шарафли вақтда зикр, дуо, қироат ва тафаккурни жамла. Уларнинг ҳар бирини қалб мунаввар бўлишига ўз таъсири бор. «Бидоя ва ниҳоя» ва «Тартибул аврод», китобида унинг тафсилотини топишинг мумкин. Қуёш чиққандан заволгача, заволдан қуёш ботгунча, шом билан хуфтон орасида ҳам худди шундай қилсин, булар энг шарафли вақтлар, чунки фаоллик ҳар вақтнинг ўз вирди бўлиши билан амалга ошади. Ҳар вақтда бошқа бир ибодат бўлади, бирини тамомлаб, бошқасига кўчади. Булар обидга алоқадор вирдлар.
Агар муаллим ёки мутааллим, ёхуд волий бўлсанг, кундузлари ўз ишларинг билан банд бўлишинг баданий ибодатдан афзал. Чунки диннинг асли илм бўлиб, унинг ёрдамида Аллоҳ субҳанаҳунинг амрига таъзим ва халқига шавқат пайдо бўлади.
Шунингдек, касби кор билан оила боқадиган бўлсанг, ҳалол касб билан оила боқишинг баданий ибодатлардан афзал. Лекин бу ҳолатларнинг барида Аллоҳнинг зикридан холи бўлмаслигинг лозим. Ўзингни қаттиқ ошиқ бўлиб, зарурат бўлгани учун бошқа ишлар билан банд бўлиб юрган киши каби тут, ундай киши бадани билан ишлайди, лекин асл ҳоли ишдан узоқ ва қалби ила маъшуқаси билан бирга. Абул Ҳасан Журжоний ҳақида ривоят қилинишича, у доим белкурак ясаш билан банд бўлиб: «Бизга қўл, тил ва қалб берилган. Қўл меҳнат қилиш, тил халқ билан муомала қилиш, қалб эса Ҳақ учун», дер экан. Зоҳирий амалларни тақсимлашда шу миқдорга кифояланамиз, иншааллоҳ, сен учун шунинг ўзи кифоя қилади.
Шарипов Исроилжон - “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ӯқитувчиси
“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати
Izohlar