27.06.2025

НАЖМИДДИН КУБРО ҲАЁТИ ВА ИЛМИЙ МЕРОСИ

Нажмиддин Кубро – Марказий Осиё ва умуман ислом оламида машҳур бўлган йирик тасаввуф олими, муршид, шоир ва Кубровийлик тариқатининг асосчиси ҳисобланади. У ХII асрда яшаб, ўзининг руҳий ва илмий фаолияти билан мусулмон дунёсида чуқур из қолдирган. Унинг таълимотлари ҳозиргача тасаввуф илми билан шуғулланувчи кўплаб олимлар ва тадқиқотчилар учун муҳим манба ҳисобланади.

Нажмиддин Кубро 1145-йилда (баъзи манбаларда 1140 ёки 1142 йилларда) Хоразмнинг Кўҳна Урганч (бугунги Туркманистон ҳудуди) шаҳрида туғилган. Унинг асл исми Аҳмад бўлиб, "Нажмуддин" (яъни “дин юлдузи”) лақаби кейинчалик илм-фан ва руҳий етукликда эришган даражасидан сўнг берилган.

Нажмиддин Кубро тасаввуфга бўлган қизиқиши туфайли бу соҳада чуқур изланишлар олиб борган. У аввалига бошқа машҳур тариқатлар таълимотини ўрганган бўлса-да, кейинчалик ўзининг руҳий тажрибаларига асосланган ҳолда, мустақил тариқатга асос солган. Бу тариқат кейинчалик унинг номи билан “Кубравийлик” деб номланган.

Кубравийлик тариқати қалбни поклаш, нафсни тийиш, Аллоҳга муҳаббат билан боғланиш ва руҳий покланиш орқали ҳақиқатга етишишга урғу беради. Нажмиддин Кубро ўз шогирдларини доимо самимийликка, тавозеъли бўлишга ва дин йўлида доими хизматда бўлишга буюрган.

Нажмиддин Кубро 1221-йилда Хоразмга мўғуллар босқини вақтида шаҳид бўлган. Мўғулларнинг Урганчга ҳужуми чоғида у шаҳардан кетмай, халқи билан бирга қолган ва жангда ҳалок бўлган.

 

 

Хамидов Абдулбосит – “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 

 

“Имом Термизий” ЎМИТМ матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar