27.01.2023

Мусулмон кишининг уй-жойга бўлган муносабати қандай бўлиши керак!

Одамзод яшаш тарзи ва ўзига хос ҳаёти билан ҳайвонлардан фарқ қилади. Бу дунёга келган ҳар бир инсон борки  ўзининг туғилиб, вояга етган гўшасини қадрли ва азиз деб билади. Уй-жой инсон ҳаётида муҳим ўрин тутгани боис муқаддас ислом таълимотида уй-жой ва бегоналарнинг унга дахлсизлиги масаласига жиддий қаралади. Хусусан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ҳар кишининг ўз уйи бўлиши унинг саодатидир» деган мазмундаги ҳадиси шарифларидан кишининг тинч-хотиржам яшайдиган бошпанаси бўлиши улуғ неъматлардан бири эканини билиб олиш қийин эмас.

Аллоҳ таоло муқаддас китоби  Куръони карим оятларида мусулмон банданинг уй-жойга бўлган муносабати кандай бўлиши кераклиги, бировнинг хонадонига борганда риоя килинадиган одоблар ҳақида батафсил сўз боради:

«Эй имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз. Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасангиз, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кирмангиз! Агар сизларга «қайтингиз!» дейилса, қайтиб кетаверингиз! Шу сизлар учун энг тоза (йўлдир). Аллоҳ қилаётган ишларингизни билувчидир» (Нур сураси, 27-28-оятлар).

Ибн Ҳанбал Килда розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда шундай дейилади: «Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига келиб, салом бермасдан кирган эдим, у зот: «Ортингга қайт. «Ассалому алайкум, кирсам майли-ми?» деб сўра», дедилар.

Шунинг учун баъзи уламолар: «Бир одамникига борганда уй эгаларидан бирортаси кўринса, аввал салом бериб, сўнгра киришга рухсат сўраш керак. Агар бирон киши кўринмаса, олдин киришга изн сўрайди», дейишган. Шариатимизда бировнинг уйига борганда рухсат сўраб кириш нима учун жорий килинган?» деган саволга уламоларимиз: «Уйларга изн сўраб кириш нокулай ҳолатларга кўз тушиб қолмаслиги учун жорий килинган», деб жавоб беришади. Яъни очилган аврат ёки бошқа ҳолатларга кўз тушиб қолиб, иккала томон ҳам нокулай аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш учун бировнинг уйига борганда дастлаб рухсат сўраш вожиб қилинди. Мусулмонлардан бошка халкларда бундай одоб йўқ.

Уйларга тегишли одоблардан бири одамларнинг суратларини осиб қўймаслик ва ножоиз нарсаларни олиб кирмасликдир. Уйларимизни жинлар эмас, фаришталар макон тутиши учун ушбу одобга риоя этишимиз лозим. Инсонлар ва жониворларнинг сурати бор уйга фаришталар кирмаслигини ҳаммамиз яхши биламиз.

Солим отасидан ривоят қилади: «Жаброил а.с. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ваъда қилди-ю, кейин ҳаяллаб қолди. Бу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга оғир келди. Набий соллаллоху алайҳи васаллам ташқарига чиққан эдилар, уни учратиб қолдилар. Унга бу ҳолатдан шикоят қилдилар. Шунда у: «Биз сурат ва ит бор уйга кирмаймиз», деди» (Бухорий ривоят қилган).

Хонадонда ит боқиш ёки суратлар осиб қўйиш мўмин-мусулмонга хос бўлмаган одатлардандир. Бундай жойга жинлар макон қуради, жинлар макон қурган жойда инсон ором ва осойиш топа олмайди. Ҳар биримиз учун уйимиз кичик бир ватандир. Ватанимизнинг шаъни ва обрўсини сақлаш бизнинг бурчимиз ҳисобланади. Аллоҳ таоло хонадонларимизни тинч ва осуда қилсин.

 

Бобораҳматов Абдулбосит - Имом-Термизий ўрта махсус ислом таълим муассаси 3-босқич талабаси.

Izoh qoldirish

Izohlar