04.02.2023

МУЛОЙИМЛИК МЎМИННИНГ ЗИЙНАТИДИР

Бандаларига барча яхшиликларни баён қилиб, уларга амал қилишни амр этган ва ахлоқларнинг яхшиси ила хулқланиб, ёмонидан четланишни амр этган Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин. Барча яхшиликларни қилишда ҳаммага намуна бўла олган ва карамли ахлоқларни тугал қилиш учун юборилган, яхшиликлар ва гўзал ахлоқлар набийси – севикли Пайғамбаримизга мукаммал саловоту дурудлар бўлсин.

Азал-азалдан аждодларимиз гўзал муомала билан танилганлар. Ота-онага муносабат, дўстлик, ака-укалик ва биродарчилик, қўни- қўшничилик муносабатлари ва шуларга ўхшаш одатлар халқимиз орасида жуда гўзал тарзда йўлга қўйилган бўлиб, бу миллатимиз юксак маънавият ва маданиятига эга эканига далолат қилади.

Мулойимлик исломнинг энг гўзал хулқларидандир. Мулойимлик мўминнинг зийнатидир. Биз «мулойимлик» деб айтаётган сўз араб тилида «рифқ» деб айтилади ва қўполликнинг зиддини англатади.

Бошқача қилиб айтганда, ҳар бир ишни энг гўзал ва осон йўл билан амалга оширишни билдиради. Қўполлик ҳам қилмайди, ўта заифлик ҳолига тушиб ҳам қолмайди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир гуруҳ яҳудийлар келишди ва «Ассааму алайкум (Сизга ўлим бўлсин)», дейишди. Оиша розияллоҳу анҳо айтди: «Бас, мен фаҳмладим ва «Сизларга ўлим бўлсин! Лаънат бўлсин!» дедим.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ҳой Оиша! Шошилма! Аллоҳ барча ишда мулойимликни яхши кўради», дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули! Нима деганларини эшитмадингизми?» дедим.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ўзингларга ҳам», дедим», дедилар».

Шарҳ: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келган бир гуруҳ яҳудийлар «Ассааму алайкум» дея бу жумлани саломга ўхшатиб айтиб келишибди.

Бу таркиб саломга ўхшаб кетади. Шунинг учун яҳудийлар бу сўзни салом ўрнига айтишибди. Шумлик қилиб, қарғишларини салом қилиб кўрсатиш пайидан бўлишибди.

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо бу ҳийлани фаҳмлаб қолиб ўзига яраша жавоб берибдилар. Аммо Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини юксак одоб доирасига чорладилар. Душман беодоблик қилса ҳам, мўмин-мусулмон одоб доирасида туриши кераклигини англатдилар. Уларга ўзига яраша муомала қилишни ўргатдилар.

Расуллулоҳ алайҳиссалом уларнинг ҳийласига яраша жавобни қисқагина қилиб мақсадга мувофиқ мулойимлик билан жавоб берибдилар.

Бу ҳадиси шарифда мулойим бўлишга ундов бор. Аҳли фазл кишилар нодонлар билан бўладиган муомалада ўзини билмаганга солишлари мулойимликнинг бир кўриниши экан.

«Ким мулойимликдан маҳрум бўлса, яхшиликдан маҳрум бўлибди», - дедилар».

Шарҳ: Юмшоқлик бўлмаса одам яхшиликка ҳам эриша олмас экан. Шунинг учун биз - Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматлари доимо мулойим, юмшоқ бўлишга ҳаракат қилишимиз керак экан.

Исломни зоҳирини ўзига ниқоб қилиб ботинидан бехабар ҳолда ички дунёси исломдан узоқ бўлиши баъзиларнинг мазкур аянчли ҳолатларга тушишларига сабаб бўлмоқда. Энг аввало бир нарсани яхши билиб, уни эътироф қилишимиз лозим. У ҳам бўлса, ота-боболаримиз иймон-у эътиқодда, илмда бизлардан устун ва афзал бўлганликларидир. Улар дин-у диёнатни биздан яхшироқ англаган ҳолда азалдан турли миллат ва дин вакиллари билан бир ватанда, тинч ва аҳилликда яшаб келишлари аслида уларнинг ҳақиқий мусулмон бўла олганлигига, Ислом динини туб маъноси, асл моҳияти билан тушунганликларига  яққол далилдир.

Ҳалимлик бор жойда экстремизм, терроризм бўлмайди. Тарихимизни, миллатимиз шаклланган ўзига хос онгини ўрганиб у жараёнлардан ўрнак олайлик Азизлар!

 

Бобоқулов Имомиддин - Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассассаси ўқитувчиси

Izoh qoldirish

Izohlar