БОБУР – МАЪРИФАТПАРВАР ҲУКМДОР
Ўрта асрлар Шарқ, хусусан ислом илм-фанининг етук намояндаларидан бири шоир, олим ва давлат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур нафақат моҳир шоир, балки маърифатли ҳукмдор сифатида ҳам дунё тарихида ўчмас из қолдирган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг ҳарбий-сиёсий соҳадаги маҳорати туфайли Ҳиндистонда буюк Бобурийлар салтанатига асос солган бўлса, “Бобурнома” асари орқали Марказий Осиё, Афғонистон, Эрон ва Ҳиндистон тарихи бўйича қимматли маълумотларни ўз ичига олган бебаҳо манбани авлодларга мерос қилиб қолдирган олим ҳам ҳисобланади. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг 47 йиллик ҳаёти давомида бой адабий ва илмий мерос қолдирди. У жаҳон миқёсида эътироф этилган машҳур “Бобурнома” автобиографик асари, ўзига хос ва гўзал лирик асарлар (ғазал, рубоийлар), мусулмон фиқҳи ёритилган “Мубаййин” рисоласи, “Хатти Бобурий” махсус алифбосининг муаллифидир. Бобур шеърият илмида Алишер Навоийга эргашган, уни ўзига устоз деб билган ижодкор сифатида доимий равишда Алишер Навоий билан хат алмашиб турган. Ўзининг шеърият илмидаги маҳорати, шеър ва рубоийлари орқали ўз даврининг машҳур шоирлари эътиборини ўзига жалб этган.
Бобурнинг бугунги кунга қадар кенг ўрганилаётган, кўплаб тадқиқотлар учун асос бўлиб хизмат қилаётган асари “Бобурнома”дир. Ушбу асар уч қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда Марказий Осиё минтақасидаги ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий жараёнлар, иккинчи қисмда Афғонистондаги воқеа-ҳодисалар, учинчи қисмда эса Ҳинд диёрининг фатҳ этилиши ва бу ерда Бобурийлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши борасидаги тарихий маълумотлар акс эттирилган. “Бобурнома” нафақат тарихий маълумотларни ўзида жамлаган асар, балки сўз юритилган халқларнинг урф-одатлари, маросимлари, эътиқодлари тўғрисидаги маълумотларни ўзида жамлаган манба ҳамдир. Француз шарқшуноси Луи Базан “Бобурнома”нинг 1980 йилда амалга оширилган французча таржимасига ёзган муқаддимасида “Бобурнома” асарини ислом адабиётида ниҳоятда кам учрайдиган жанрда ёзилган асар эканлигини эътироф этади.
Олимнинг ўғли Ҳумоюнга бағишлаб ёзган “Мубаййин” рисоласи эса ислом фиқҳида алоҳида аҳамиятга эга бўлган рисолалардан бўлиб, Бобур ушбу рисолада шариат бўйича кимдан қанча солиқ олиш лозимлиги, солиқ йиғиш қонун-қоидалари ва ўзига хос хусусиятлари борасида маълумотлар келтирган.
Умрининг сўнгги йилларида Ватандан жудолик мавзуси Бобур лирикасининг марказий мавзуларидан бирига айланди. Айтишимиз мумкинки, Бобур шеърлари шоирнинг таржимаи ҳоли бўлиб, унда теран ҳис-туйғулар шеърий тилда таъсирчан ифодаланган, ҳаётий шароит билан тўқнашув натижасида юзага келган кечинмалар маҳорат билан баён этилган бўлиб, шоирнинг ўзи бу ҳақда шундай ёзади:
Толеъ йўқки жонимға балолиғ бўлди,
Ҳар ишниким, айладим хатолиғ бўлди,
Ўз ерин қўйиб Ҳинд сори юзландим,
Ёраб, нетайин, не юз қоролиғ бўлди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳам шоҳ, ҳам шоир сифатида ўзидан ўчмас ном қолдирган тарихий шахс бўлиб, унинг ҳарбий-сиёсий, илмий-адабий соҳалардаги тажрибаларини ўрганиш, унинг маънавий-маърифий меросини ўрганиш бугунги кунда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда. Бобурнинг тарихчи, географ, этнограф ва шоир сифатидаги хизматлари бугунги кунда дунё тадқиқотчилари томонидан эътироф этилиб, мероси дунёнинг деярли барча йирик исломшунослик марказларида ўрганилади.
Сарвар Саидов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar