АЛЛОМА КАШМИРИЙ – БУЮК ҲАДИСШУНОС-ФАҚИҲ
Ҳадис ривоятлари тадқиқ қилинар экан ҳадис, фиқҳ ва бошқа фанлар бўйича Аллома деб тан олинган Анвар Шоҳ Кашмирий (1875-1933)нинг аҳли сунна вал жамоа, хусусан, ҳанафий мазҳабида экани, бўлганда ҳам унинг ҳимоячиси ўлароқ бу йўлда хизмат қилганини кўриш мумкин. Айниқса, эътиқод ва шаръий ҳукмларга доир ривоятларда буни яққол кўриш мумкин. Қуйида аҳком ва эътиқодга тегишли ривоятларнинг Кашмирий томонидан қандай услубда шарҳланганига эътибор бериб, унинг ҳадисларни шарҳлашдаги маҳоратини таҳлил қиламиз.
Ҳанафий мазҳабини қўллаб қувватлайдиган ҳадислар.
Аллома Кашмирийнинг ҳадисчилигини ўрганар эканмиз, фақиҳ ким ва қандай бўлишини ҳам билиб оламиз. Тадқиқотлар натижасида шу маълум бўлдики, Кашмирий ҳадис ва калом илмидан кейинги ўринда энг кўп фиқҳий асарлар ёзган. Кўпгина асарларида фиқҳий ихтилофларга тегишли масъалаларни ёритиш билан бир қаторда, намозда имом орқасида Фотиҳа сурасини ўқиш ва намоз ичидаги такбирларда қўлларни кўтариш мавзуларида алоҳида икки фиқҳга доир асар ёзган. Анвар Шоҳнинг ҳанафий мазҳабига боғлиқлиги кўр-кўрона ёки тақлидий эмас, балки далилларга таянган ҳолда бўлган. Ҳадисларни шарҳлашда холислик билан иш юритган, ҳаттоки баъзи ўринда ҳанафий олимлардан бирорта хато кўрса, албатта буни айтиб, тўғриси қандай бўлишини билдириб кетган.
Фиқҳ ва фиқҳул ҳадисдаги юксак салоҳиятидан фойдаланиб, ҳанафий мазҳабини ҳадислар билан қўллаб-қувватлашни ўзига мақсад қилган Кашмирий бунинг учун дарс ҳалқалари ва китоб ёзишдан кенг фойдаланган. Ҳанафий мазҳабини ривожлантириш учун ҳаётининг ўттиз йилини илмий жиҳатдан хизмат билан ўтказган аллома ўрни келганда ҳанафийлик мазҳабини устунлиги, ҳақлигини исботлайдиган далилларни илгари сурган ва “Билгинки, Аллоҳ мени Абу Ҳанифанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаш учун яратган”[1] деб ўз позициясини билдирган. Қуйида Кашмирийнинг ҳанафий мазҳабини далиллар билан қувватлаш учун ҳадисларни қандай қўллаганини қуйидаги масъала асосида кўриб ўтамиз:
Таҳоратда бошга масҳ тортиш учун олинган сув билан қулоққа масҳ тортиш
Анвар Шоҳ Кашмирийнинг ҳанафийлик мазҳабини қўллаб-қувватлаши баъзан бир қарашда киши хаёлига келмайдиган ҳадисларни далил қилиб келтириш билан амалга оширилганини ҳам кўриш мумкин. Бунга “Сунан Термизий”да келган мана бу ҳадис мисол бўла олади: “Мусулмон киши таҳорат олаётиб юзини юваркан, сувнинг охирги томчилари оқиши билан кўзлари билан қараб қилган барча хатолари юзидан тўкилади. Қўлларини ювганда қўллари билан содир этган барча хатолар қўлларидан оқаётган сўнгги томчи сув билан оқиб кетади”[2].
Кашмирий бу ҳадисни қисқа равишда зикр этгач, “Бошини масҳ қилган вақтда қулоқлари билан содир этган барча хатолар тўкилади”[3] деган иловасини ҳам келтирган ва ҳанафийларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаларини қуйидагича баён этган: “Бу ҳадис шуни кўрсатяптики, қулоқлар бошнинг ҳукми билан бир хилдир. Шу сабаб ҳанафийлар айтганидек, бошни масҳ тортгандан сўнгра қулоқларга масҳ тортиш учун янги сув олиш мажбурий эмас”[4].
Ҳанафийлар таҳоратда қулоқлар бошнинг ҳукмида эканлигини далил қилиб, бош учун олинган сув билан қулоққа масҳ тортишга кифояланиб, янги сув олмасликка тавсия этганлар ва бунга “Қулоқлар бошдандир”[5] деган ҳадисни далил қилганлар. Кашмирий эса, аслида таҳорат фазилати ҳақида зикр этиладиган бир ривоятни мазҳабнинг фойдасига далил ўлароқ натижалантирган. Бу эса Кашмирийнинг далил келтиришдаги маҳорати, юксак ақлий малака ва мантиқ соҳиби эканлигига далолат қилади.
Низомиддинов Ҳошимжон - Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Баннурий. Нафҳатул анбар, 92.
[2] Термизий. Таҳорат, 2.
[3] Молик ибн Анас; Муватто. Таҳорат, 6.
[4] Кашмирий. Арфу-ш-шазий. I.39; Маорифу-с-сунан. I.37.
[5] Абу Довуд. Таҳорат, 49; Термизий. Таҳорат, 29.
Izohlar