11.02.2023

Буюук жасорат (2 қисм)

1507 йил бошларида Бобур Ҳиндистонга юриш бошлайди. Аммо бу уриниши муваффақиятсиз тугаб, яна Қобулга қайтади. Бобур Мовароуннаҳр ва Хуросондаги сиёсий вазият ва уруш ҳаракатларини кузатиб боради. Шайбонийхон Эронни забт этиш учун юриш бошлаганда Бобур шоҳ Исмоил билан ҳарбий-сиёсий иттифоқ тузиб 1511 йил баҳорида Ҳисорни, ёзида Бухорони, октябр бошларида Самарқандни яна қўлга киритади. 1512 йил 24 ноябрида Ғиждувон жангида Бобур шайбонийлардан яна енгилиб, Қобулга қайтишга мажбур бўлади. Мовароуннаҳрни эгаллаш илинжидан узил-кесил умидини узади ва бутун эътиборини Ҳиндистонга қаратади. 1519 йил баҳорида Ҳиндистонни забт этиш режаларини амалга оширишга киришади ва кейинги 5-6 йил давомида бир неча юришлар уюштиради. Ниҳоят, 1526 йил апрелда Панипатда асосий рақиби, Деҳли султони Иброҳим Лўдийнинг юз минг кишилик қўшинини 12 минглик аскар билан тор-мор қилади ҳамда Деҳлини эгаллайди, кўп ўтмай Ҳиндистоннинг Бенгалиягача бўлган қисмини ўзига бўйсундиради. Аграни ўзига пойтахт сифатида танлаган Бобур катта қурилиш ва ободонлаштириш ишларини бошлаб юборади. Шу тариқа уч ярим асрга яқин ҳукм сурган қудратли бобурийлар сулоласига асос солади. Бобур Ҳиндистонда ҳам, худди Афғонистонда бўлганидек, кўплаб ижтимоий-хайрли ишларни амалга оширди, мамлакат тараққиётига жиддий таъсир кўрсатди. Тарқоқлик ва парокандаликка, ўзаро ички низо, қирғинларга барҳам бериб, вилоятларни бирлаштирди, марказлашган давлатни мустаҳкамлаш ва юртни ободонлаштиришга, илму ҳунар ва деҳқончиликни ривожлантиришга катта эътибор қаратди. Қурилиш ишларига бошчилик қилди.  Бобурнинг ўз гувоҳлигига кўра, шоир сифатида ижодий фаолияти Самарқандни иккинчи марта эгаллаган вақтда бошланган; «Ул фурсатларда бирор-иккирар байт айтур эдим», деб ёзади у. Бобур Самарқанддалигининг илк ойларида Алишер Навоий ташаббуси билан улар ўртасида ёзишма бошланади. Бобур атрофида ижодкорлар тўплана бошлаши ҳам шу йилларга тўғри келади.  Ўтмиш адабиёт ва тарих, мусиқа ва санъатдан яхши хабардор бўлган, диний таълимотга чин ихлос қўйган Бобур ҳар доим олиму фузалолар даврасида бўлди, хусусан ижод аҳлига, касбу ҳунар соҳибларига самимий эҳтиром кўргазиб ҳомийлик қилди, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириб турди. Бобур табиатан ижодкор эди. Йигитлик йилларидан бошлаб то умрининг охиригача самарали ижодий иш билан шуғулланди, ҳар қандай шароит ва вазиятларда ҳам ижоддан тўхтамади, натижада ҳар жиҳатдан муҳим бой илмий ва адабий мерос қолдирди.

 

Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси 

ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари.

Izoh qoldirish

Izohlar