16.02.2023

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАРНИНГ ПАЙДО БЎЛИШИ

Бугунги кунда одамлар, асосан, ёшлар фейсбук, телеграм, одноклассики, инстаграм, твиттер, вконтакте, тик-ток каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқдалар. Буларнинг ичида фейсбук, телеграм, твиттер, тик-ток ва инстаграм жуда оммалашди...

"Ижтимоий тармоқ" атамасини 1954 йили Англиядаги "Манчестер" мактаби ўқитувчиси Джеймс Барнсон одамлар билан алоқа ўрнатишнинг бир воситаси сифатида жорий этган. Ижтимоий тармоқлар интернетга 1995 йилда кириб келиб, 2003-2004 йилларда кескин оммалашди.

ХХ аср охири ва асримиз бошларида интернетга кирувчиларнинг кўп қисми, асосан, чатлардан фойдаланиб, кераксиз гап-сўзлар билан интернетда ўтирар эди. Бу чатлар ҳозирги кунга келиб, кенг имкониятларга эга бўлган махсус дастурлар ва ижтимоий тармоқларга айланди. Ижтимоий тармоқлар орқали сўзлашувлар олиб бориш, видеолавҳалар, аудио ёзувлар, турли расмлар юбориш имконияти мавжуд. Булардан ташқари, дўстлар орттириш, бир хил қарашга, фикрга эга бўлганлар учун турли гуруҳларга аъзо бўлиш каби қулайликлар бор.

Интернетдаги ижтимоий тармоқлар кишилар орасида тез оммалашиб бормоқда. Ижтимоий тармоклар интернетга кирувчиларнинг ўзаро мулоқот қилиш ва маълумот алмашишлари учун жуда қулай воситадир.

“Ғийбат қабиҳ феъллардан биридир. Ғийбат оз бўлса-да, келтирадиган зарари денгиз каби бепоён. Бирор кишининг орқасидан гапириш, айбини топиш, ёмонлаш, бола-чақаси, хотини, хулқи, бойлиги ҳақида бемаза гапларни гапиришнинг барчаси ғийбат ҳисобланади”. (Хаёлиддин ал-Ҳасаний)

Ўтган йиллар давомида ижтимоий тармоқлар ривожланиб, такомиллашиб борди. Илк босқичда улар ёрдамида фақат ёзишмалар амалга оширилган бўлса, сўнгги йилларга келиб, иштирокчилар мусиқа ва видео файлларни қўшиш ва кўчириш имконига ҳам эга бўлишди.

Инсонларни ўзига тортувчи омиллардан бири бу шов-шувлардир. Бунда ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар жуда кулай восита бўлиб бормоқда. 

Британиялик биолог олим Арик Сигман фикрига кўра, ижтимоий тармоқдан ҳаддан ташқари кўп фойдаланиш, реал оламда одамлар билан суҳбатлашишнинг кескин камайиши соғлиқ учун катта зарар бўлишини таъкидлаган.

“Икки кишининг бирга ўтириб қилган суҳбатидаги гаплари амонатдир. Суҳбатдошининг сирини фош қилиш ҳаромдир”. (Ҳадис)

Меҳнатсиз эришилган ютуқнинг қадри паст бўлади. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари деярли барча маълумотларни интернет тармоғидан олиб ўқишга ўрганганлар, гарчанд бу маълумотлар аниқ асосга эга бўлмаса ҳам. Турли гуруҳлар учун бу айни муддао, ўзларига зарур маълумот олиш учун сўров юборса, бир зумда маълумотлар базаси мониторда намоён бўлади. Виртуал олам улар учун қадрдон маскан саналади. Аммо меҳнат қилиб, зарур маълумотлар реал ҳаётдан излаб топилса, келажакда ижобий натижа беради.

Ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари виртуал суҳбатдошлар билан мулоқот қилганда деярли ҳамма нарса ҳақида очиқ-ойдин гаплашадилар. Бу ҳол ўз навбатида ўзаро ҳурмат чегарасини бузиб ўтади, суҳбатдошлар ўртасида салбий муомала муҳити пайдо бўлади. Шундай бўлганидан кейин бу одам реал ҳаётга ҳам шу кўз билан қарашга интилади.

Вақтимизни ижтимоий тармоқ воситаларидан фойдали ишлар учун сарфласак жуда ҳам яхши, фойдасиз нарса учун фойдалансак жуда ҳам ёмон. Аллоҳ таоло барчамизга ижтимоий тармоқлардан оқилона фойдаланишимизни насиб этсин!

 

Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси Матбуот хизмати

Izoh qoldirish

Izohlar