14.07.2022

АНВАРШОҲ КАШМИРИЙНИНГ ҲАЁТИ ВА ҲАДИС ИЛМИГА ҚЎШГАН ҲИССАСИ

 

 

Аннотация: Ушбу мақолада буюк муҳаддис аллома Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий ҳаёти ва фаолияти хусусида қисқача таҳлилий маълумотлар баён этилган. Муҳаддис олимнинг устоз ва шогирдлари, илмий фаолияти, таълим олган масканлари ва Ҳиндистон ҳадисшунослик мактабига қўшган ҳиссаси ҳақида ҳам бир қатор маълумотлар бериб ўтилган.

Annatation:  This article provides a short analysis of the life as well as activity of the l whopping scholar Muhammad Anvarshoh Kashmiriy. A great deal of deeds have been given the Muhaddith scholar’s masters and novices, scientific activity, his educational instituions as well as his contributuion to the school of hadith.

Калит сўзлар: Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий китоблари, аллома, илм, “Девбанд дорул улум (университети)”, “Саҳиҳи Бухорий”, “Муснаду Аҳмад”,  “Абдурроб мактаби”, “Аминийя мактаби”, “Файзу оммийн”.

Keywords: Muhammad Anvarshoh Kashmiriy’s books, scholar, ology, Devban dorul ulm (university), “Al jome’ as-sahih”, “Musnad Ahmad”, “The chool of Abdurrob”, “The chool of Aminiyya”, “Fayzu Ameen”.

Буюк муҳаддис Аллома Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий 1875 йил 26 ноябр (1292 ҳижрий йил 27 шаввол) шанба куни эрталаб Ҳиндистонинг Кашмир шаҳридаги Водвон қишлоғида дунёга келди. Отаси Суҳровардия тариқатидаги шайх, катта олимлардан эди. Онаси ҳам ўта ибодатли, солиҳа аёл бўлган.

Аллома 15 ёшлигида Қуръон ўқишни бошлаб, тез орада Қуръонни ёд олди. Икки йил ичида отаси қўл остида бир неча форсий тилда ёзилган рисолаларни ўқиб чиқди. Сўнг форс тилида битилган насрий ва назмий китоблар, баён ва ахлоқ – одобга тегишли китобларни ўқиб – ўрганди[1].  Алломанинг шогирди Баннурий шундай дейди: “Мен устозим бундай деганини эшитганман: “Мен юртимизда кенг тарқалган форс тилидаги китобларни 5 йил давомида ўқиб-ўрганганман”.

Анваршоҳ бошқа болалар ўйин-кулгу билан ўтказадиган ёшлик даврини илму-маърифатни ҳосил килишга қаратган. У зот жумъага ўтар кечадан ташқари ҳечам тунлари ухламасди, балки тунларини китоб мутолааси билан бедор ўтказарди. Бордию мудрок босса, ўтирган ҳолда ухларди[2]. Кундузининг ҳар бир соатидан унумли фойдаланиш билан кифояланмай, кечаларни ҳам ғанимат билиб, бедор ўтказиш, илм-маърифат, ибодат билан ўтказиш олим ва фозил зотларнинг одати ҳамда гўзал фазилати экани барчага маълум. Кашмирийни ҳам ана шундай фазилатга эга бўлгани унинг мақомини янада кўкка кўтаради.

Илм талабидаги сафарлари. Форс тили ва бу тилда ёзилган кўплаб асарларни ўқигач туғилиб-ўсган шаҳри Кашмир ва унинг атрофидаги шаҳарларда араб тилини ўрганишни бошлади. Араб тилига тегишли сарф (марфология), наҳв (грамматика) фанларини, мантик, фалсафа астрономия ва бошка билимларни эгаллади. Анваршоҳ умрининг гуллаган даврларидаёқ илму маърифатда етук олим бўлди. Алломанинг шогирди Бадру олам (раҳимаҳуллоҳ) устозидан қуйидагиларни эшитган экан: “Мен 12 ёшимда Кашмирда одамларга фатво берардим. 9 ёшимда эса наҳв (грамматика) ва фиқҳ (ислом ҳуқуқшунослиги) фанларида ёзилган шарҳ (изоҳ) китобларни ўқирдим[3].

Тўққиз ёшли боланинг фиқҳ ва араб тили грамматика китобларини ўқиши ва бу ўқиш оддийгина ўқиш эмас, балки бошқаларга фатво бериш даражасида эканидан, Анваршоҳнинг илмга жуда ёшликдан киришгани, қунт ва қаттиқ қизиқиш билан илм олгани, ўзидаги билимлари ёрдамида ҳар хил вазиятлардаги муаммоларга ечим топгудек даражага етгани таҳсинга сазовор. Ҳозирги кунда ҳам ёш авлодни баркамол бўлиб етишиши учун Анваршоҳдек зотларнинг босиб ўтган йўлларини яхшилаб ўрганиб, таҳлил қилиш ва фарзандларимизни улар тажрибасидан фойдаланиб тарбиялашимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

Кейинчалик бу зот Ҳиндистоннинг энг гуллаган, ёрқин жойи – “Девбанд дорул улум (универститети)”ига борди. Ҳақли равишда Девбанддаги бу университет Ҳинд ўлкасининг “Қуртуба (Кардоба)”си ва “Азҳар”и деб саналарди. Бу даргоҳ нақлий ва ақлий билимлар устаси, моҳир, дунёга машҳур уламолари ила чароғон эди. Анваршоҳ бу илм масканида шундай шахслар билан суҳбатда бўлдики, улар умумий билимлар соҳиби бўлишдан ташқари ўзларида орифлик, авлиёлик сифатларини жамлашганди. Шунингдек, улар ўткир фикрли, ўта сезгирликларидан ташқари ширинсухан, меҳрибон, виқорли, суннат ва тақво, зуҳду парҳезгорлик соҳиби эдилар. Уларга Шайх Муҳаммад Девбандий[4] бошчилик қиларди. Кашмирий бу улуғ устоздан ўзи интиқ бўлган ҳикматларни топди ва унинг зоҳирий ва ботиний илмлари булоғидан қониб-қониб ичди. Девбандда Анваршоҳ яна бир аллома, муҳаддис Муҳаммад Исҳоқ Маданийга шогирд тутинди. Ушбу икки буюк устозларидан ҳадиси шариф китобларини ўтказиб олди. Кашмирий: “Мен “Саҳиҳи Бухорий”ни, “Сунани Абу Довуд”ни, “Жомеъут Термизий”ни ҳамда Марғилонийнинг “Ҳидоя” асаридан охирги икки жузъини шайхимиз Маҳмуд (қуддиса сирруҳу)га ўқиб берган бўлсам, “Саҳиҳи Муслим”, Насоийнинг кичик сунанлари, ибн Можанинг сунанларини Шайх Муҳаммад Исҳоқ Кашмирийга ўқиб берганман”[5].

Алломанинг ҳадис ривоят қилиш илмида ўта чуқур билим эгаси бўлгани ҳамда ақлли одамларни ҳайратга соладиган даражада тезда ёдлаб олиш қобилиятлари бўлгани Аллоҳ таолонинг у зотга берган катта инъоми эди. Бу зот тафсир ва ҳадис илмларида имом (пешво), усул ва фуруъ илмларида нуфузли манба, дироят илмида пешқадам бўлиб, табақот, тарих, сияр йўналишларини чуқур ўрганган эди. Агар Имом Ғаззолий, имом Розий, ибн Дақийқул ийд, Ибн Таймийя, Ибн Ҳажар Асқалоний асрларида яшаганларида шак-шубҳасиз ўша муборак асрлар шодасидаги машҳур, олий даражадаги дур бўларди. Агар бирор китоб ўқиса ундаги маълумотлар 25 йилгача хотирасидан чиқмасди. Бу гапларни алломанинг кўпгина шогирдлари китобларида ёзиб қолдиришган. Хусусан, шайх, муҳаддис Ҳусайн Аҳмад Маданий бу маълумотларни устозининг ўз оғзидан эшитган.

Анваршоҳ кучли ёдлаш қобилияти борлиги билан бир қаторда китобларни мутолаа қилишда ҳам ўта тезкор бўлган. Таълим беришга киришган вақтининг ўзида ҳар куни Мисрда чоп этилган “Муснаду Аҳмад” китобидан 200 бет мутолаа қилар эди ва санаддаги ровийларни чуқурроқ ўрганиб, муаммоли жойларини ечарди. Мана шундай жидду жаҳдни у зотнинг ҳанафий мазҳабидаги далиллар, ҳадисларни ўрганишида ҳам кўриш мумкин. Умрларининг охирида Исо(алайҳиссалом)нинг ерга тушишлари борасидаги ҳадисларни жамлаш мақсадида яна бир карра ўқиган китобларини қайтиб ўқиб чиққан[6]. Илм-маърифат билан шуғулланиш, толиби илмларга дарс беришидан ташқари кунига икки юз бет китоб ўқиб юриш бугунги кунда нафақат устозлар, балки кечаю кундуз, тинимсиз илм оляпман деб даъво қиладиган толиби илмларда ҳам кузатиш қийин. Кашмирийнинг бунга эришишига вақтини тўғри тақсимлагани, Аллоҳ вақтига барака бергани, ўқиб-ўрганишга борини бериб, имкониятларидан тўлалигича фойдалангани сабаб бўлган.

Алломанинг ҳадис китоблари билан шуғулланиши ҳақида. Шайх Кашмирий “Сиҳоҳи ситта”ни ўқиб-ўргангач, яна кўплаб ҳадис китобларини ўрганиб чиққан. Жумладан, “Муснади Доримий”, “Муснади Аҳмад”, “Мунтақои ибн Жоруд”, Ҳокимнинг “Мустадрак”и, “Сунани Дороқутний”, “Мусаннафи ибн Абу Шайба”, Ҳофиз Нуриддин Ҳайсамийнинг “Мажмауз завоид”и, Суютийнинг “Жомеус сағир”и, Муттақий Ҳиндийнинг “Канзул уммол”и, яна қанчадан-қанча китобларни Ҳинд сарзаминида ва икки ҳарам ҳудудида ўқиганлари борки, уни Аллоҳ таолонинг ўзи билади холос[7].

Алломанинг илғор шогирдларидан бири Саййид Муҳаммад Юсуф Баннурий айтади; “Шайхимиз ҳадис китобларига ёзилган шарҳ китобларидан икки юздан ошиғини ўқиб чиққан.

Масалан, “Саҳиҳи Бухорий”га тегишли бўлган ўттизтача қўлёзма ва босма турдаги шарҳ китобларни ўқиб-ўрганган. Жумладан, Муқаддима ва 13 жузли Ҳофиз Айнийнинг “Умдатул қорий”, Қасталонийнинг 10 жузли “Иршодус сорий” китоблари бунга ёрқин мисолдир. “Саҳиҳи Бухорий”дан дарс бериб юрганларида “Фатҳул борий” китобидан ҳар дарсни бирма-бир кўриб борарди. Баъзан “Саҳиҳи Бухорий”дан кўра “Фатҳул борий”ни ўқиш анча илгарилаб кетарди. Аллома “Саҳиҳи Бухорий”нинг матнини 13 марта ўқиб чиққан[8].

Алломанинг Ҳиндистоннинг бир неча илм масканларида таълим бериши ҳақида. 1896 (Ҳижрий 1313) йили ёш бўлишига қарамай Девбанд университетини битиргач Анваршоҳга “Абдурроб мактаби”да дарс бериш топширилди. Унда бир неча ойлар дарс берди. Сўнг Деҳли пойтахтида мактаб очди ва унга “Аминийя мактаби”деб ном қўйди. Узоқ-яқиндан бу билим юртига илмга чанқоқ инсонлар оқиб кела бошлашди. Анваршоҳ бу таълим масканида ҳадис ва тафсирнинг энг катта китобларидан дарс ўтарди. У зотнинг муборак қўлларида минглаб одамлар таҳсил олишди. Алломани туғилиб ўсган она шаҳри Кашмирга бўлган интиқлиги ошиб кетгач бу мактабни тарк этди. Шогирд ва талабалари у зотни ҳасрат ва надоматлар билан кузатиб қолишди. Аллома Кашмирда 3 йил қолди ва унда “Файзу оммийн”(“Омма бойлиги”) номли мактаб очиб, унда мударрислик, муфтийлик ҳамда тили ва қалами ила умматга панду насиҳат қилди[9].

Сўнг 2 ҳарамга муштоқлиги ошиб, 1906 (1323 ҳижрий) йили у ерларга сафар қилиб боради ва Маккада бир неча ойларни тавоф ва қаттиқ маҳзунлик, йиғи билан ўтказади. Кейин Мадинаи мунавварага бориб, бир муддат туриб чанқоқларини қондирди. У ерда “Аррисолатул ҳамидийя” ва “Алҳусунул ҳамидийя” асарларининг муаллифи фазилатли шайх Ҳусайн Жассир Тароблусий билан учрашди ҳамда бир муддат қолиб ҳадиснинг санадларидан ижоза олди. Шунингдек, яна бошқа катта уламолар билан ҳам учрашиб, муҳим масалалар борасида илмий суҳбат қилди ва бир-бирларидан илмий манфаат олдилар[10]. Анваршоҳ Мадинаи мунаввара кутубхонасига яқинлигини ғанимат билиб, ундан самарали фойдаланди. Хусусан, “Шайхул ислом Ориф Ҳикмат Ҳусайний” ва “Маҳмудийя” кутубхоналарида нодир китоблар сақланарди. Шунинг учун бу кутубхоналарда тафсир ва ҳадис фанларига тегишли энг муҳим, энг ноёб асарларни мутолаа қилишга берилган. Анваршоҳ ўз юртига қалби илму маърифатга тўлиб-тошган ҳолда қайтди. Анваршоҳ сафардан қайтиши билан Девбанддаги устозлари ҳадисдан ўз ўринларига дарсларга киритишди ва Анваршоҳ толиби илмларга “Сунани Термизий”, ”Саҳиҳи Бухорий”лардан дарс берди. Кўп ўтмай бу зот Девбандда ҳам, Ҳинд ўлкасида ҳам ҳадис илмининг энг катта устозига айланди. Аллома бу ерда ҳадис илмидан 13 йил давомида таълим берди. Мазҳабларни нақл қилиш ва уларнинг далилларини келтириш, суннат девонлари, ҳадис шарҳлари ва олдин ўтган уламоларнинг асарларини яхши билишда замонанинг энг илғор олимига айланди. Кашмирий ҳадис ва фиқҳни бир-бирига мослашга, мувоффақ қилишга катта аҳамият берарди, Ҳанафий мазҳабини ҳимоя қилар, унинг тўғрилиги, устунлигига кучли далиллар келтирарди. Аллоҳ таоло у зотнинг дарслари ила кўпчилик одамларга манфаат етказди, унинг қўл остида кўплаб фозил инсонлар етишиб чиқиб ҳадисдан дарс бериш ва илмни ёйиш билан шуғулланди[11].

Вафоти. Аллома доимий таълим бериш ва китоб мутолааласи билан банд бўларди. Китоб ўқишга берилиб кетар, ундан бошқа ишдан лаззат топмасди. Бу ишлари билан нафақат юртдошлари, балки бошқа юртлардан илм оламан, хусусан, ҳадис ва фиқҳни ўрганаман деганларга жуда катта манфаат етказди. Ҳаётининг охирида у зотни мулойимлик, ҳалимлик чулғаб олди. Дарс бериш, мавъиза чоғида йиғи тутарди. Ўзи ҳам йиғлар, бошқаларни ҳам йиғлатарди. Анваршоҳ Кашмирий 1933 (ҳижрий 1352) йили сафар ойидан бир кун ўтгач вафот этди. Жаноза намозига жуда ҳам кўп олиму фузалолар, толиби илмлар ва муҳиблару дўстлари қатнашди. Аллома уйи яқинидаги ҳайит намозлари ўқиладиган намозгоҳ ёнида дафн этилди[12].

Аллома ўзидан учта фарзанд қолдирди: Муҳаммад Азҳаршоҳ (энг катта фарзанди), Муҳаммад Акбаршоҳ (ўртанча фарзанди), Муҳаммад Анзаршоҳ (кичик фарзанди). Буларнинг барчаси фазилатлар эгаси, илму маърифат соҳиби бўлишган. Анваршоҳ вафот этган вақтда унинг отаси тирик бўлиб, унинг ёши 120 дан ошган эди. Аллоҳ таоло барчаларини ўз раҳматига олсин[13].

 

✍️Ҳошимжон Низомиддинов,

Имом Термизий ўрта-махсус

ислом таълим муассасаси ўқитувчиси,

Ўзбекистон Халқаро Ислом Академияси докторанти

 

ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР:

1. Абдулҳай Лакнавий. Нузҳатул хавотир. –Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.8. –Б.1198;

2. Абул Фаттоҳ Абу Ғудда.Муқаддимату ала “Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ ли Анваршоҳ Кашмирий. –Байрут: Дорул қалам. 5 нашр, 1412. –Б.13.

3. Аллома Анваршоҳ Кашмирий.Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ.–Байрут:Дорул қалам.5 нашр.1412. –Б.14.

4. Кашмирий.Расоилу имом Кашмирий. –Каротиший:Идоратул Қуръон.1 нашр.1416.Ж.1. –Б.10.

5. Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 6.

6. Анзаршоҳ Кашмирий.Ҳаёту Кашмирий.36 бет. Абдулҳай Лакнавий.Нузҳатул хавотир. –Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.8. –Б.1198.

7. Абдураҳмон Кунду.Тақаддусу Анвар.-Каротиший.Жамоатул исломийя аҳсанул улум.2003.-Б.214 – 215. Абдулҳай Лакнавий.Нузҳатул хавотир.-Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.8.-Б.1199.

 ____________________________

[1] Абдулҳай Лакнавий. Нузҳатул хавотир. –Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.8. –Б.1198;

*Абул Фаттоҳ Абу Ғудда.Муқаддимату ала “Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ ли Анваршоҳ Кашмирий. –Байрут: Дорул қалам. 5 нашр, 1412. –Б.13.

[2] Аллома Анваршоҳ Кашмирий.Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ.–Байрут:Дорул қалам.5 нашр.1412. –Б.14.

[3] Кашмирий.Расоилу имом Кашмирий. –Каротиший:Идоратул Қуръон.1 нашр.1416.Ж.1. –Б.10.

[4] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 6.

[5] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 6.

*Аллома Анваршоҳ Кашмирий.Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ. –Байрут:Дорул қалам.5 нашр.1412. –Б.15.

[6] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 26.

[7] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 48.

[8] Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б. 49.

[9] Абул Фаттоҳ Абу Ғудда.Муқаддимату ала Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ ли Анваршоҳ Кашмирий. –Байрут:Дорул қалам.5 нашр, 1412. –Б.16.

[10] Анзаршоҳ Кашмирий.Ҳаёту Кашмирий.36 бет. Абдулҳай Лакнавий.Нузҳатул хавотир. –Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.8. –Б.1198.

[11] Абдулҳай Лакнавий.Нузҳатул хавотир.–Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.–Б.1199.

[12] Абдураҳмон Кунду.Тақаддусу Анвар.-Каротиший.Жамоатул исломийя аҳсанул улум.2003.-Б.214 – 215. Абдулҳай Лакнавий.Нузҳатул хавотир.-Байрут:Дорул ибн Ҳазм.1420.Ж.8.-Б.1199.

*Юсуф Баннурий.Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар.–Каротиший:Мактабатул Баннурийя.2 нашр.1424.–Б.18-19.

[13] Абул Фаттоҳ Абу Ғудда.Муқаддимату ала Аттасрийҳу бима тавотара фий нузули Масийҳ ли Анваршоҳ Кашмирий.–Байрут:Дорул қалам.5 нашр.1412.–Б.22.

 


 

Izoh qoldirish

Izohlar