“САҲИҲИ БУХОРИЙ”НИ ШАРҲЛАШДА АНВАР ШОҲ КАШМИРИЙНИНГ УСЛУБИ
Мана деярли ўн бир аср бўлдики, буюк аждодимиз Имом Бухорийнинг “Саҳиҳи Бухорий” китобига турли халқ, юрт ва тил эгалари томонидан қайтиб-қайтиб шарҳлар битишмоқда. Улар ичида Айний, Ибн Ҳажар Асқалоний ва имом Кашмирий энг машҳур шориҳлардир. Ушбу мақолада “Саҳиҳи Бухорий” китобидан дарс беришда Анвар Шоҳ Кашмирийнинг ўзига хос тутган йўллари ҳақида қисқача маълумот берилади.
Шайх Кашмирий “Жомиу-т-Термизий” китобидан дарс ўтиш давомида аҳком ҳадисларини таҳқиқ қилишга алоҳида эътибор қаратган. Унда одатига биноан мазҳаб имомларининг тутган йўлларини, далиллари қамровини баён этган ва кучли далилларни устун қўйган. Аллома умрининг охирида фақат “Саҳиҳи Бухорий”дан дарс бериш билан чекланган, шунинг учун “Жомиу-т-Термизий”га шарҳ ўлароқ ёзган “Арфу-ш-шазий” асаридагидек алоҳида эътибор қаратиш билан бир қаторда, бунда юзага чиққан бошқа муаммоларни ҳам ечиб кетган. Ушбу китобдан дарс бергандаги Алломанинг айрим тутган ўзига хос йўлларини кўриб чиқамиз:
- Аҳком ҳадисларидаги мазҳаблар далил-ҳужжатларини хоҳ фойдасига бўлсин, хоҳ зарарига бўлсин, уларни тўлиқ қамраб олган[1]. Буни биз огдинроқ Анвар Шоҳнинг умумий дарс бериш одоблари мавзусида зикр этилган одатларини ўрганиш жараёнимизда гувоҳи бўлдик.
- Аллома худди олдига шарҳ китобларни қўйиб олиб, истаганини айтиб, истамаганини айтмай кетаётганга ўхшаб, “Саҳиҳ”нинг шарҳларидан энг сара нақлларни келтирарди.
- Шарҳловчиларнинг гапларини қисқароқ қилгач, агар толиби илмлар мавзуни тўлиқроқ билишни хоҳлашса, ўша китобларга йўналтирарди[2].
- Аллома китобни шарҳлаш ва дарс бериш мобайнида кўпгина илмий муаммоларга дуч келарди. Мана шундай вазиятда ҳам уларни ечишда нозик ва қимматбаҳо маълумотларни зикр қиларди. Хусусан, калом масалаларига чуқур эътибор берган. Ўзи бу масалага Имом Бухорий ҳам йўлиққан. Айниқса, “Тавҳид китоби”да бу ҳолни очиқ кўришимиз мумкин. Аллома бундай масалаларда худди қадимги муҳаққиқ, мутакаллим олимлардек йўл тутарди. Масалан: Бухорийнинг тавҳид борасидаги қарашлари қадим уламоларнинг тутган йўлидек бўлган. Кейинги ҳадисларни шарҳловчи уламолар мутааххир олимларнинг тавҳид борасидаги фикрларига ўрганиб қолгач, уларнинг ақлий қарашлари Имом Бухорийнинг қарашларига ноқислик қилиб қолди. Ана шунда Бухорийнинг гапларини у истамайдиган даражада таъвил қилишган. Шу сабабли Кашмирий бу мавзуга чуқурроқ киришган ва бу хусусда, аслида қандай йўл тутиш кераклигини баён қилган .
- Анвар Шоҳ дарслари жараёнида ўнгу сўлига кўплаб ҳадис китобларини, хусусан ҳадис матнларини қўйиб қўярди. Агар “Саҳиҳ” борасида бирор муаммо чиқса, дарҳол китобларни очиб толиби илмларга ўқиб берар, юзага келган муаммони ечиб берарди. Агар мавзуга тегишли жойлари бўлса, уларни лафзлари билан зикр этарди. Алломанинг ҳадис дарслари бошқа фанлардаги дарсларга ҳам ўхшаб кетарди.
Алломанинг “Саҳиҳ Бухорий”даги ҳадисларни шарҳлашдаги ўзига хос услублари талайгина. Аммо биз бу ўринда уларнинг энг муҳим ва асос қилиб, намуна қилиб олиш керак бўлган жиҳатларини санаб ўтдик.
Низомиддинов Ҳошимжон - Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Сайид Шоҳид Росул Кокохел.Аллама Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти.-Покистон:Ҳоваланпур.2009.-Б.202.
[2] Сайид Шоҳид Росул Кокохел.Аллама Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти.-Покистон:Ҳоваланпур.2009.-Б.203.
Izohlar