ШАЪБОН ОЙИ РЎЗАСИ ВА БУ ОЙНИНГ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА
Шаъбон «тарқалиш» деган маънони англатади. Араблар ушбу ойда сув излашиб тоғ-адирлар оралаб тарқалиб кетишар эди. Шаъбон ойи фазилатли ойлардан биридир. Бу тўғрида Набий алайҳиссаломдан саҳиҳ ҳадислар келган.
1. Бу ойда имкон қадар кўпроқ нафл рўзалар тутилади.
2. Бу ойда мўмин-мусулмонларнинг солиҳ амаллари Аллоҳ Азза ва Жаллонинг ҳузурига кўтарилади.
Қуйида келадиган ҳадиси шарифлар сўзимизга яққол далил бўла олади:
1) Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Рамазондан бошқа ойнинг рўзасини тўлиқ тутганларини кўрмадим. Шаъбонда тутганчалик кўп рўза тутганларини ҳам кўрмадим». (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ушбу ривоятга асосан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фақат Рамазон ойининг рўзасини тўлиқ тутганларини билиб оламиз. Демак, Рамазондан кейин энг кўп рўза тутиладиган ой Шаъбон экан.
2) "Шаъбон ойида кўп рўза тутишнинг ҳикмати нимада?" — дейилса, Ҳофиз Асқалоний айтадилар: «Бу борада Насоий ва Абу Довуд Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳумодан ривоят қилган, Ибн Хузайма (иснодини) саҳиҳ санаган мана бу ҳадис энг муносиб жавоб бўла олади: «Бир куни мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга шундай савол бердим: «Ё Расулаллоҳ, мен биронта ойда Шаъбон (ойи) дагидек рўза тутганингизни кўрмадим?» Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалам дедилар: «Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади. Бу ойда амаллар оламлар Хожасига кўтарилади. Бас, шундай экан, мен амалимнинг ўзим рўзадор ҳолимда кўтарилишини яхши кўраман».
Ушбу ҳадисдаги «Бу шундай ойки, одамлар Ражаб билан Рамазон ўртасида ундан ғафлатда қолишади», — деб айтган сўзларида инсонлар бу икки буюк ой, яъни Ражаб ва Рамазон ойи билан овора бўлиб қолишлари, натижада, бу (Шаъбон) ойдан ғафлатда қолишларига ишора бор.
Изоҳ: Халқимиз орасидаги Ражаб ойининг фалон-фалон кунларида нафл рўза тутилади, деган гаплар ҳақида Расулллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан бирор саҳиҳ ишончли ҳадислар келмаган. Агар бу ҳусусида ҳадислар бўлса ҳам уларнинг аксари тўқилган ёки мункар (ривоят қилишга ярамайдиган) ҳадислардир.
Бу ҳақда ҳофиз Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳ шундай деганлар: «Ражаб ойининг фазилати тўғрисида, бу ойда рўзанинг фазилатли эканлиги, ёки шу ойнинг баъзи кунларида рўза тутиш афзаллигига далолат қиладиган, ёки баъзи бир кечаларида махсус таҳажжуд намозлари ўқилишига ҳужжат бўлишга арзийдиган саҳиҳ ҳадис келмаган... («Табиъин ал-аъжаб бима варада фазл Ражаб», 11)
Демак, юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:
1. Бу ойда энг афзал ибодат – нафл (қўшимча) рўзаларни кўпайтириш.
2. Агар кимда ким кўпроқ рўза тутишга қодир бўлса, марҳамат, рўзани кўпайтирсин. Қайси кунлари тутишининг мутлақо фарқи йўқ. Лекин ким кўп кунлар тутишга қодир бўла олмаса, Душанба ва пайшанба кунларида рўза тутгани маъқул.
3. Нафл намозлар фарз намозларнинг кам-кўстини тўлдирадиган омиллар ҳисобланса, рамазондан олдинги ва кейинги нафл рўзалар ҳам ана шулар жумласидандир.
4. Шу каби бу фазилатли ойда бири биримизга меҳр-оқибатли бўлиб, агар орамизда адоват, гина-кудратлар бўлса, унга барҳам беришимиз лозим.
Эслатма: Агар бирор кишининг Рамазон ойида маълум бир шаръий узр сабаб тутилмаган фарз рўзалари бўлса, унинг қазосини Рамазон ойи бошланишидан аввал Шаъбон ойида адо этиб қўйиши керак эканига уламолар иттифоқ қилишган. Улар бунга далил сифатида имом Бухорий ва Муслимнинг Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисни келтиришди. Ушбу ҳадисда Оиша онамиз айтадиларки:
«Мен (Рамазон рўзаси) қазосини Шаъбонга борибгина тутишга қодир бўлардим. Бу Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам хизматларида бўлганим учун эди».
Хулоса қилиб айтганда, Шаъбон ойи ўзидан олдинги ойлардан кўра кўпроқ нафл рўзаларни тутишлик билан ажралиб туриши лозим. Чунки, бу ой Рамазонга тайёргарлик ойидир.
Яна бир эслатма: уламолар ҳадислардан келиб чиқиб, бу ойда кўпроқ рўза тутиб юрган одамларга Рамазонга бир кун ёки икки кун қолганда янги ой кўриниб қолиш эҳтимолидан келиб чиқиб, рўза тутмасликка маслаҳат беришади.
Аммо агар инсон душанба ва пайшанба, ёки ҳар ойнинг уч кунида тутадиган одатий рўзалари бўлса, Шаъбоннинг ярмидан кейин тутилса ҳам зарари йўқ. Чунки Пайғамбар алайҳиссолату вассалом бундай деганлар: «Рамазондан бир ёки икки кун аввал рўза тутманглар. Бироқ, бир киши (нафл) рўза(ларини) тутаётган бўлса, тутаверсин». (Бухорий ва Муслим ривояти)
Ўйлаймизки, бу холис эслатмадан керакли хулосалар чиқариб, ушбу ойдан имкон қадар ғафлатда қолмасликка ҳаракат қиласиз.
Аллоҳ таоло бизларни Ўзи рози бўладиган амалларга доим муваффақ қилсин. Омийн!
Izohlar