23.02.2023

ШАЪБОН ОЙИ ВА УНИНГ ФАЗИЛАТИ

Аллоҳ наздида устун бўлган ойлардан яна бири Шаъбон ойидир.

Ҳақ субҳанаҳу ва таоло ҳатто набийларини ҳам фазилатлари жиҳатдан бир-биридан афзал кўрган. Шунингдек, саҳар вақти соатларнинг энг қимматлиси, жума куни кунларнинг энг фазилатлиси, Кадр кечаси кечаларнинг энг кимматлиси, Рамазон ойи ойларнин энг қимматлиси бўлганидек, ичида «Барот» кечаси бўлган Шаъбон ойи ҳам ойларнинг энг қимматлиси ҳи- собланади.

Расулуллох (с.а.в.) бу ойда жуда кўп рўза тутганлар. Бир ҳадиси шарифда: «Шаъбон, Ражаб ва Рамазон ойлари орасидаги бир ойдир. Инсонлар ундан ғофиллар. Ҳолбуки, Шаъбон ойида бандаларнинг амаллари, хоссатан, Аллоҳ таолога юборилади. Мен рўзадор бўлган ҳолимда амалларим юборилишини истайман», дебмарҳамат қилинади.

Бухорий ва Муслим иттифоқан Ойшадан (р.а) ё «Расулуллоҳ (с.а.в.) ҳеч бир ойда Шаъбонда тутганидек рўза тутмасдилар. Шаъбон ойини тўлиқ рўзадор холатда ўтказардилар», деб ривоят қиладилар.

Бир куни Ҳазрати Ойша (р.а):

Эй Аллоҳнинг Расули, нима учун бу ойда кўп рўза тутасиз? - деб сўрадилар. Расулуллоҳ (с.а.в.):

Эй Ойша, бу ойда бандаларнинг амаллари Раббул Оламинга юксаладиган ойдир. Шу сабабли кўп рўза тутаман, - деб марҳамат қилдилар.

Айниқса, Барот кечасининг мана шу ойда экани бу ойнинг шараф ва шонини бир поғона юқорига кўтаради.

Расулуллоҳ (с.а.в.) ўзлари бу ойнинг кундузида соим, кечасида қоим бўлгани боис аҳли ва асҳобини тоат-ибодатдан узоқлашмасликка чақирардилар. Бой кишилар Рамазонга тайёргарлик бўлсин, деб бу ойда, камбағал саҳобаларга закотларини берар, қарздорлар қарзларини узарди. Бу Рамазонга тайёргарлик ойи эди. Яна бир фазилати шундаки, Шаъбоннинг 16-кунида кибла Масжиди Ақсодан Масжиди Ҳаромга кўчирилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) ўша куни Бани Салама масжидида пешин намозини ўқиётганларида Аллоҳнинг амри билан ибодатларининг ярмида юзларини Масжиди Ҳаромга қаратдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.)га эргашганлар ҳам ўгирилдилар. Бироқ имони заиф бўлган кишилар диндан қайтдилар, имонларини йўқотдилар. Бу ер «киблатайн» деб номланди ва ҳалигача икки қибласи турибди.

Баъзи орифлар Шаъбон номи ҳарфларидан маъно чиқаришга уринишган: Шаъбоннинг «Ш» ҳарфи шарафни, «Айн» ҳарфи улуғликни, «Б ҳарфи биррни (яхшиликларни), Алиф ҳарфи улфатни, «Нун» ҳарфи нурни ифодалайди. Ҳайратлар фатҳ этилган, баракотлар ёғилган бу ой мўмин учун ғаниматдир.

         РАМАЗОН ОЙИ

Шаҳру Рамазоналлазий унзила фиҳил Куръану ҳудан линнаси ва баййинатин минал ҳуда валфуркани, фаман шаҳида минкумушшаҳра фалйасумху.

Рамазон ойидирки, бу ойда одамлар учун ҳидоят бўлиб ва ҳидоят ва Фурқоннинг очиқ оятлари бўлиб Куръон нозил қилинган. Бас, сизлардан ким бу ойга хозир бўлса, рўза тутсин.

(Бақара, 185).

Роббимиз барчамизга Шаъбон ойини муносиб ўтказишимизга ёрдам берсин ва Рамазонга ҳам чиройли, гуноҳлардан пок ҳолатда етказсин!

 

Бобораҳматов Абдулбосит – Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассаси 3-босқич талабаси

Izoh qoldirish

Izohlar