КАШМИРИЙНИНГ АҲКОМ ҲАДИСЛАРИНИ ШАРҲЛАШДАГИ УСЛУБИ
Кашмирийнинг аҳком ҳадисларини ўрганар эканмиз бунда ҳам бошқача услубда ёндашилганини кўришимиз мумкин. Аллома ҳадисларни шарҳлар экан, асосий эътиборини шореънинг мақсадини топишга уринган. Бу йўлда у жуда ҳам тиришиб, далилларни йиғган ва уларни солиштириб, гарчи ўзи ҳанафий мазҳабида бўлса ҳам, энг кучли далил олдида таслим булган ҳамда шу асосда фатво айтиб, ўзининг раъйи, тутган йўли шу эканлигини маълум қилган. Аллома бу ишида худди моҳир мужтаҳид ва муҳаддис каби йўл тутганига гувоҳ бўлишимиз мумкин[1].
Келинг, бунга мисол сифатида “Амаллар ниятлар биландир” деган ҳадисни ўрганиб чиқамиз. Бу ҳадис “Ният ҳадиси” деб номланган. Ушбу ҳадис борасида ҳадис олимлари ва мазҳаб имомлари ўртасида узоқ тортишув кетган. Кашмирий бу масалада Имом Алмаийнинг гапларини муносиб ечим деб билган. Имом айтган: “...Буларнинг барчаси шориъ ирода қилмаган, киши ўзини беҳуда қийнаши холос. Олимларнинг бу ҳадис ҳақида айтган гапларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам мақсад қилган бўлишларини ҳақиқатдан узоқ деб ўйлайман. Росулуллоқ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳақиқий мақсадлари Аллоҳ таоло ҳузурида амалларнинг эътиборга молики чин қалбдан ният қилинганидир. Агар нияти яхши бўлса, жуда яхши, агар ёмон бўлса, унда ўзига ёмон бўлади. Яъни яхши амалларнинг кўриниши агар у холис ният ва соғлом қалб билан бўлса, бундай амал эътиборликдир. Амали солиҳ ташқи кўринишидан агарда унинг соҳиби Аллоҳ учун қилишни кўзламас экан унинг эътибори йўқ, балки унинг қилган амали Аллоҳ ҳузурида ҳабата бўлади, савоб олиш ўрнига гуноҳга ботади. Масалан, одамлар кўрсин деб илм ўрганиш, шижоатли деб танилиш, ўлжага эришиш учун уришга чиқиш, хўжакўрсинга эҳсон қилиш ва ҳоказолар. Ниятнинг ихлосли ё ғаразли экани, кучли ё заиф эканига қараб амаллар даражаланади. Бу ерда эса тортишишга ўрин йўқ”[2].
Агар ҳадиснинг бир нечта туруқ-йўллари бўлиб, шайх уни бир томонга юргизолмаса, агар имкони бўлса, уларни жамлайди, имкони бўлмаса, шориънинг мақсадига мувофиқ ё унга яқин маънога йўналтиради.
Бунинг мисолини “Ким қуёш ботишидан олдин субҳ намозидан бир ракатга етишса, у субҳни топибди” ҳадисида ҳам кўришимиз мумкин. Бу ҳадисда Пайғамбаримизнинг ҳақиқий мақсади нима эканида уламолар ихтилоф қилишган. Жумҳур имомлар буни маъзурларга хос дейишган бўлса, муҳаддис, усул уламолари, ҳанафий мазҳабидагиларнинг қарашлари турлича бўлиб келган. Аллома ҳадисни шарҳлаб бундай дейдилар: “Жумҳур имомларнинг тутган йўли мушкилдир. Чунки ҳадисни маъзурларга хослашга бирор далил ё белги йўқ. Ҳанафий аламоларнинг гаплари эса, масалани ечишга етарли эмас. Менимча, бу ҳадис вақтлар хусусида эмас, балки жамоат масаласига тегишли бўлиб, масбуқ ҳақида, яъни жамоат билан ўқилаётган фарз намозидан камида бир ракат кечиккан киши ҳақида айтилган. Бунга ҳадиснинг бир нечта ўринларда, ҳар хил йўллар билан зикр қилингани ҳам далолат қилиб турибди”[3].
Агар бир масалада ҳанафийлардан иккита қараш етиб келган бўлса, Анвар Шоҳ Кашмирий қайси бири саҳиҳ, очиқ-ойдин айтилган ҳадисга мувофиқ келса, ҳеч қандай чиранмасдан уни танлаган. Агар бу бобда очиқ-ойдин, саҳиҳ ҳадис келмаган бўлса, тўрт мазҳабдан қайси бирига мувофиқ келса, ўшани устун билган. Бу ишда аввало шофеий сўнг моликий мазҳабини танлаган. Буни шогирдлари эътироф этишган.
Анвар Шоҳ Кашмирийнинг илмий мероси жуда улкан ва бебаҳо. Уни қанча чуқурроқ ва атрофлича изланадиган бўлса шунча бизга дуру гавҳарларини тақдим этади. Хусусан, ҳадисларни шарҳлашдаги услуб ва хусусиятлари мақтовга сазовор. Биз улардан баъзиларини юқорида келтирдик. Мана шулар алломанинг ҳадисларни ўрганишдаги умумий хусусиятларнинг энг асосийларидир. Батафсил маълумотга эга бўлиш учун Алломанинг “Арфу-ш-шазий” китобига, ундан ташқари ”Нафҳатул анбар фи ҳаяти Анвар”, “Амолий”, “Файзул борий” “Маорифу-с-сунан” каби китобларига мурожаат қилиш мақсадга мувофиқдир.
Низомиддинов Ҳошимжон - Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Сайид Шоҳид Росул Кокохел.Аллама Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти.-Покистон:Ҳоваланпур.2009.-Б.204.
[2] Сайид Шоҳид Росул Кокохел.Аллама Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти.-Покистон:Ҳоваланпур.2009.-Б.204.
[3] Сайид Шоҳид Росул Кокохел.Аллама Муҳаммад Анваршоҳ Кашмирий фий зовъи интажатиҳи ал адабияти вал илмийяти.-Покистон:Ҳоваланпур.2009.-Б.205.
Izohlar