03.03.2023

МЎМИННИНГ БЕЛГИСИ

Муқаддас Ислом таълимотлари инсон зотига азият бермаслик,  тартиб-интизомли бўлишга чорлайди. Айниқса мўмин мусулмонлар турли шахсий ва ижтимоий муносабатларда бир-бирларига озор бермасликларига чақирилади. Акс ҳолда гуноҳкор бўлиб қолишлари таъкидланади...

Бу ҳақида Аллоҳ таъоло  таълим бериб марҳамат қилади: яъни: "Мўмин ва  мўминаларга қилмаган гуноҳлари билан озор берадиган  кимсалар бўҳтон ва аниқ гуноҳни ўзларига олган бўларлар" (Аҳзоб сураси, 58-оят.) Шариатимизда барча жабҳада бировга азият бериб  қўйишдан сақланишга буюрилади. Ҳатто суҳбат асносида  биз учун арзимас кўринган баъзи ҳатти-ҳаракатлар ҳам  динимиз назаридан четда қолмаган. Ҳадиси шарифларнинг  бирида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: "Икки киши учинчи кишини ёлғизлатиб суҳбатлашмасин. Чунки бу  мўминга азият беради. Аллоҳ эса мўминга азият беришни  ёқтирмайди" - деганлар (Имом Табароний ривоят қилган). Мўмин кишининг белгилари жуда ҳам кўп. Масалан: Аввало  тақвода, илмда, ҳилмда, одоб ахлоқда, муомалада,  кўринишида, кийинишида ҳаттоки ерда кетаётган чумолини босишга тўғри келиб қолганда ҳам Аллоҳдан қўрқиб уни  босмасликка ҳаракат қилишида албатта мўминликнинг белгиси  зоҳиран намоён бўлади. Ботинан эса тили билан дили бир хил бўлишлиги ҳам мўмин кишига хос хислатлардандир. Мўминлик ҳақида бошқа бир ривоятда саҳобалардан бирлари Набий саллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига келиб, "Эй Аллоҳнинг Расули, қайси мусулмонлар афзал саналади?"- деб сўради. Шунда У зот: "Мусулмон мусулмонлар унинг тили ва қўлидан саломат бўлган кишидир. Муҳожир - Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийган кимсадир", - деб жавоб  бердилар. (Муттафақун алайҳ). Мўмин киши биродари билан кўришганда ҳам юзида табассум бўлиши, савдода ҳалол бўлиши. Сабрли, босиқ, вазмин  бўлиши, ҳаттоки кўчада юрганда кўча одобларига риоя  қилиши, турли хил жамоат жойларида ҳам тартибга риоя  қилиши, жамоат транспортларида ҳам ўзидан ёши катталарга  жой бериши, кўча юзасида арзимас таёқча ётган  бўлса, чўпни четга олиб ташлаши имонлиликнинг,мо'минлик  нинг белгилариданир. Мусулмонларнинг мусулмонлик белгилари бир қанча бўлиб,  қуйида улардан баъзиларини санаб ўтамиз: 

Бирор мусулмоннинг ҳузурига унинг изнисиз кирмаслик; 

Катта ёшлиларни улуғлаш, уламоларни ҳурмат қилиш ва  болаларга раҳмли бўлиш; 

Қарзини вақтида бериш; 

Омонатга хиёнат қилмаслик, Берган ваъдасига вафо қилиш; 

Қўшничилик ҳақларига риоя этиш; 

Мусулмон биродарининг жони, моли ва обрўсига етадиган  зулмни даф қилиш ва унга бу ишда ёрдам бериш; 

Барча мусулмонларнинг айбини беркитиш; 

Ҳар бир  мусулмонга нисбатан тавозели бўлиш, улардан бирортасига мутакаббирлик қилмаслик; 

Бошқа мусулмонларга ноҳақ  туҳмат қилишдан ва ўзи ҳақида ҳам бошқаларни ёмон  гумонга боришидан сақлаш ва ҳаказолар. 

Аммо охирги  пайтларда баъзи бир мусулмон биродарларимиз  ўзининг мусулмонлигини унитиб қўймоқдалар. 

Яратганга шукрлар бўлсинки, Аллоҳнинг марҳамати билан  мустақилликдан сўнг динимизга кенг йўл очилди. Мўмин мусулмонларни эҳтиёжларини қондиришларига барча  имкониятлар яратилди. Шунинг учун ҳам бу кунларнинг  қадрига етиб, дин-у диёнатимизни сақламоғимиз керак. Ҳар  бир мўмин мусулмонар бир-бирлари билан оқибатли бўлишса,  фитнадан йироқ бўлишса, ҳалол билан ҳаромни, савоб билан  гуноҳни фарқига боришса ўша юртда тинчлик хотиржамлик  бўлади. Илоҳим юртимиз тинч, хонадонлар обод бўлсин. 

 

Абдуллаев Фатхулло - Имом Термизий ўрта 

махсус ислом таълим муассасаси 3- босқич талабаси 

Izoh qoldirish

Izohlar