Ёшларимизни ёт ғоялардан сақлаш барчамизнинг вазифамиздир
Фарзанд-Аллоҳ берган неъматларнинг энг улуғи. Шундай экан уни ҳар томонлама асраб авайлаш ҳар бир ота-онанинг муҳим вазифасидир. Афсуски бугунки кунда баъзи бир ота-оналар ёшларни фақатгина моддий таъминотини қилиш, уларни бировдан кам қилмаслик, уйли ижойли қилиш, қизлари балоғатга етса фақат уларга сеп йиғиш билан овора бўлиб қолмоқда.
Ўткинчи орзу -ҳавас деб, баъзи ота-оналар ҳатто чет элларда умрини ўтказишмоқда. Тўғри -нафақаи рўзғор фарз. Лекин нафақани ўз юртида меҳнат қилиб топишни имкони ҳам борку. Қолаверса ҳаётдан мақсад фақат ейиш учун яшаш эмаску. Фарзанд тарбиясида отанинг роли ниҳоятда муҳим эканлигини ёдимиздан чиқармаслигимиз керак.
Ота тарбиясини олмаган ёшлар айни кунларда ижтимоий тармоқ овчиларининг тузоғига илиниб, нотуғри диний оқимларнинг таъсирига тушиб, ўз онасига, отасига, керак бўлса ватанига қарши бош кўтарадиган, кимларнингдир ноғорасига ўйнайдиган “зомбига” айланиб қолишаяпди. Ё бўлмасам қаёқдаги ижтимоий тармоқдаги қимор ўйинларига илакишиб қолиб, бутун умр тўплаган ота –онанинг молу -дунёсини хонавайрон қилмоқда. Ахир ота –она фарзандини фақатгина моддий таъминотига эмас балки унинг маънавиятига ҳам жавобгарку.
Жамиятда фарзандини маънавиятини, одобини, хулқини биринчи ўринда қўйиб, уни илмли қилиб, энг муҳими соғлом фикрлайдиган инсон қилиб тарбиялаб, дунё ва охиратини обод қилаётганлар ким қанча. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларидан бирида:
“Ҳар бир гўдак –имон фитратида дунёга келади..” деб марҳамат қилинган. Демак унинг мажусийми, насронийми, яхши ёки ёмонми бўлиб қолиши албатта ота-онасига боғлиқ экан.
Афсуслар бўлсинки айни дамларда ижтимоий тармоқ орқали баъзи бир йигит-қизларимиз мутлақо тайини йўқ, манзили йўқ , Исломни фақат ўзини қариши билан ўлчайдиган чаласавод кишиларнинг алдовларига учиб, ўз юртидан четга чиқиб кетишга уриниш ҳолатлари ҳам кузатилаяпди. Қисқа қилиб айтганда булар ҳақиқий мусулмон билан радикал мусулмонни фарқига бормаяпдилар. Шу ўринда Олим Шайх Али Саллобий Ҳафизаҳуллоҳнинг ҳақиқий мусулмон билан радикал мусулмоннинг фарқи нималардан иборат эканлиги ҳақидаги фикрларини иқтибос келтирсак:
Биринчдан, имони бут ҳақиқий мусулмон ўз имони билан машғул бўлади. Радикал мусулмон эса бировларнинг имони билан шуғулланади.
Иккинчидан, чинакам мусулмон ўзини ва бошқаларни жаннатга кириши учун ҳаракат қилади. Радикал мусулмон бировларнинг дўзахий эканлигини исботлашга уринади.
Учунчидан, ҳақиқий мусулмон - кишиларнинг хато ва тойилишларини кечириш учун узр қидиради. Радикал мусулмон эса инсонларни жазолаш ва ва уларни гапириб юруш учун хатолари ва айбларини қидириб юради.
Демак биз ёшларимзни ҳақиқий мусулмон бўлишларини истасак, уларни тарбиясига беэтибор бўлишга мутлақо ҳаққимиз йўқ.
Зеро, инсон ўзи жаннатни қанчалик яхши кўрса, бошқаларни ҳам жаннатий бўлишини шундай хоҳлашии керак. Комил мусулмон бутун инсониятни дарди билан яшайди. Бу борада ўтган улуғ аждодларимиз, муҳаддису-уламоларимиз ўз ҳаётларини гаровга қўйиб бўлсада,
Росулимиз Соллоҳу алайҳи Васаламнинг меъросларини -қиёматгача мусулмонларга етиб боришида ўз хизматлари билан ҳақиқий намуна бўла олганлар. Ёшларимизни уларга муносиб авлод қилиб тарбиялашда Яратганни ўзи барчамизга мададкор бўлсин. Аллоҳнинг ўзи ёшларимизни ҳар хил ёд ғоя ва нотуғри оқимларнинг таъсирига тушиб қолишидан ўз паноҳида асрасин.
Ярашев Хабиб - Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси 2- босқич талабаси
Izohlar