14.07.2022

Силаи раҳмнинг фазилати

Силаи раҳм арабча сўз бўлиб, “Сила”-боғламоқ, “Раҳм”-қариндошлик, яъни қариндошликни боғлашдир.

Муҳаддислар имоми, ватандошимиз Имом Бухорий Абдурраҳмон ибн Авфдан ривоят қиладилар. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в) айтдилар: “Аллоҳ таоло: “Мен Раҳмонман. Қариндошчиликни ҳам мен яратганман. Уни мен ўз исмимдан чиқарганман. Ким уни боғласа, мен ҳам уни (раҳматимга) боғлайман. Ким уни узса, мен ҳам уни (раҳматимдан) узаман”,-деди”. Демак, “раҳм”-сўзи Аллоҳ таолонинг Раҳмон (ниҳоятда меҳрибон), деган исмидан келиб чиққан экан.

Қариндошлар деганда, авваломбор ота-она, фарзандлар, ака-укалар, опа сингиллар ва яқин қариндошлар тушинилади. Ислом динининг аввалидан қариндошлар билан, агарчи уларлар ёмон бўлса ҳам, яхши муомала қилишга ундалган. Улар билан алоқани узиш, аразлашиш ва адоват қилишдан эса қайтарилган.

Қариндошчиликнинг олий намунаси, яқинлари билан чиройли муомала қилиш, имкон топса, уларга моддий ва маънавий ёрдам кўрсатиш, паст даражаси эса, ҳеч бўлмаса салом-алик қилиб туришдир. Ўзига тўқ инсон ночор қолган яқин қариндошларига ёрдам кўрсатиши вожибдир.

Аллоҳ таоло Исро сураси 26 оятида шундай дейди: “Қариндош уруғлар, мискинлар ва йўлда қолганларга ҳаққини беринг”. Яъни сизнинг қўлингизга қараган (ота-она ва фарзанд)ларни моддий ва маънавий (таълим-тарбия) жиҳатдан таъминланг ҳамда бева-бечора, (маблағи тугаб ўзга юртларда қолиб кетган мусофирларга) закот, ушр каби садақаларни беринг. Бу оятида Аллоҳ таоло бандаларига қариндошлик ришталарини боғлашни буюрмоқда. Имкони бўла туриб, ота-оналарини ва яқин қариндошларини қаровсиз қолдирган кишилар бу каби оятлардан панд насиҳат олиши керак. Акс ҳолда, Аллоҳ таолонинг раҳматидан маҳрум бўлиб, ғазабига дучор бўладилар.

Имом Бухорий (р.а) Абу Айюб ал-Ансорийдан ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз (с.а.в) сафарда эдилар. Бир аъробий у кишига рўбарў келиб: “Мени жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амални айтинг”,- деди. Шунда у зот: “Аллоҳга, ҳеч нарсани ширк келтирмай ибодат қиласан, намозни қоим қиласан, закотни берасан ва қариндошликни боғлайсан”,-дедилар”. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в), Аллоҳ таолога имон келтириб, ибодат қилиш, намоз ўқиш ва закот бериш каби улуғ ибодатларга қариндошлар билан яхши муомала қилишни тенг қилмоқдалар. Демак силаи раҳм қилган инсон жуда катта савобга муяссар бўлар экан. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган яна бир ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в): “Ким ризқи кенг бўлиши ва умри узун бўлишини ҳоҳласа, қариндошликни боғласин ”,-деганлар (Имом Бухорий ривояти). Ҳадисдан тушунамизки, арзимас нарсалар туфайли ака-укалари ва қариндошлари билан аразлашиб, юз кўрмас бўлиб кетаётган кишиларнинг ризқи тор ва умрлари баракасиз бўлади. 

Аллоҳ таоло Бақара сураси 26-оятида дунё ва охиратда зарарга учрайдиган кишиларни зикр қила туриб: “ва Аллоҳ улашга буюрган нарсани узадиган кишилар”,-дейди. Яъни, Аллоҳ таоло улашга буюрган нарса бу қариндошликдир. Уни узган кишилар ҳасрат-надоматга учрайдилар ва ер юзида фасод чиқишига сабаб бўладилар.

Бу маъно Жубайр ибн Мутъимдан ривоят қилинган ҳадисда ҳам таъкидланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в): “Қариндошликни кесувчи киши жаннатга кирмайди ”,-деб марҳамат қилдилар (Имом Бухорий ривояти). Азиз ватандошлар, муҳтарам мўмин мусулмонлар! Агар охират азобидан қутилиб, жаннатга кириш истагимиз бўлса, ота-оналаримиз, ака-укаларимиз ва қариндошлар билан яхши муомала қилайлик, ҳеч бўлмаса бир оғиз ширин сўзимизни аямайлик!

Аллоҳ таоло барчамизга қариндошларга яхшилик қилишни осон қилсин ва икки дунё саодатини насиб айласин. Омин.

 

Аббос Қосимов, Имом Термизий ўрта махсус ислом таълим муассасаси

директор ўринбосари.

Izoh qoldirish

Izohlar