06.03.2023

Миссионерларнинг даъволарига раддиялар

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим.

Исломни бандаларига ҳақ  дин бўлишига рози бўлган Аллоҳ таолога ҳамду санолар, барча илоҳий китоблар ва пайғамбарлар башорат бериб келган, бутун оламларга  раҳмат қилиб юборилган охирги пайғамбар Муҳаммад алайҳис-саломга ва у зотнинг аҳли-ю асҳобларига салоту саломлар бўлсин.

Маълумки, 15 йилдан бери халқимиз машаққатли, шарафли йўлни босиб ўтди ва айтишимиз мумкинки, етарлича муваффақиятларга ҳам эришди. Буни президентимиз И.Каримовнинг 2007 йил 12 феврал куни Вазирлар маҳкамасининг мажлисида сўзлаган нутқи исботлайди. Яъни, Ўзбекистон 2006 йилни ижобий ижтимоий-иқтисодий натижалар билан якунлади ва Республикамиз иқтисоди барқарор аҳволга келди. Лекин муаммоларимиз ҳам йўқ эмас. Террор, диний экстремизм ва миссионерлик каби жамиятимиздаги тинчлик ва фаровонликка путур етказувчи, фуқаролар ўртасида парокандалик ва турли низоларни келтириб чиқарувчи ҳаракатларни бунга мисол қилиб келтиришимиз мумкин. Ватанимизда диний экстремизм билан танилган фирқалар асосан “Ваҳҳобийлик”, “Ҳизбут-таҳрир” ва “Акромийлар”дир. Бу фирқаларнинг ҳар бирининг ўзига яраша ботил даъволари бор. Яъни  Исломнинг мўтадил қоидалари ва чегараларидан ошиб кетган ўринлари бор ва бу нарса уларни тўғри йўлдан оғишига сабаб бўлган. Бу фирқаларнинг ўхшаш томонлари бир нечта:

-ҳокимиятга интилиш;

-ўзларидан бошқаларни кофирликда айблаш;

-бир неча асрлардан бери диёримизда амал қилиниб келинаётган ислом қонун қоидалари ва Ҳанафий мазҳабини тан олмаслик;

-илмсизлик.

 Ҳеч кимга сир эмаски, собиқ шўро тузуми даврида илмий атеизм номи остида барча динларга, шу жумладан ислом динига ҳам очиқдан-очиқ уруш эълон қилинган, боғчадан тортиб олий ўқув даргоҳларигача даҳрийлик тушунча ва ғоялари тарғиб қилинар, динимиз уламолари турли номлар билан аталиб, сургун-қувғин этиларди. Тўғрисини айтадиган бўлсак, халқимиз ўз дини, тарихидан маҳрум қилинган эди. Шундай бўлсада, халқимиз дин-диёнатини қўлида чўғни ушлагандек сақлади ва ислом дини анъаналарига содиқ қолди. Аллоҳ таолонинг марҳамати билан халқимиз, балки юқоридаги қийинчиликлар эвазигадир, ҳеч бир талофатсиз мустақилликни қўлга киритди. Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ виждон эркинлиги қонун билан кафолатланди. Яъни конституциямизнинг 31-моддасида: ”Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон ҳоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”-деб ёзиб қўйилди. Ўзбек халқи том маънода ўз дини ва тарихига эга бўлди. 1990 йилгача саноқли масжидлар ва 2 та диний ўқув юрти фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунгача 2000 дан ортиқ масжид ва 12 та диний ўқув юрти ишлаб турибди. Энг қувонарлиси кўп сонли ватандошларимиз муборак ҳаж ва умра зиёратларини бемалол бажара бошладилар.

Бугунги кунимизнинг яна бир муаммоси бу миссионерликдир. Миссионерлик ҳам маълум бир динга тааллуқли эмас. Лекин бизда асосан христиан динининг миссионерлик ҳаракатлари кўзга ташланмоқда. Улар кимлар томонидандир маблағ билан таъминланади, шу сабабли, янги аъзоларига маълум миқдор мукофот пули бериш, дискотекалар ташкил қилиш, чет тилларини бепул таълим бериш, бепул китоблар тарқатиш каби ҳаракатлари кўрилади. Миссионерларнинг осон топиладиган пулига учаётган баъзи мусулмонларимиз ўз динларини сотмоқдалар.  Қуръони карим  Ўзбек тилига биринчи марта 1992 йилда чоп этилгани ҳолда, миссионерлар аллақачон “Инжил”ни собиқ Совет Иттифоқидаги кўпгина миллатлар тилига таржима қилиб бўлишган.  Улар ўз олдиларига бир неча мақсадларни қўядилар:

-кундан кун нуфузи ошаётган ислом динига путур етказиш;

-маълум бир халқларни маънавий жиҳатдан ўзларига қарам қилиш;

-мамлакат ичида фуқаролар урушини келтириб чиқариш;

-дин баҳонасида мулкка эгалик қилиш.

  Африка халқлари ўртасида машҳур бир гап юради: “Миссионерлар бизнинг ёнимизга келганида уларнинг қўлида Инжил, бизнинг қўлимизда ер, мол-мулк бор эди. Бироз вақтдан сўнг бизнинг қўлимизга Инжил, уларнинг қўлига ер, мол-мулк ўтди”.

  Шуни эслаб ўтиш жоизки, миссионерлик фаолияти Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуни билан таъқиқланади. Ушбу қонуннинг 5-моддасида: “...Давлат диний конфессиялар ўртасида тинчлик ва тотувликни қўллаб қувватлайди. Бир диний конфессиядаги диндорларни бошқасига киритишга қаратилган ҳатти ҳаракатлар(прозелитизм), шунингдек бошқа ҳар қандай миссионерлик ҳаракати ман этилади. Ушбу қоиданинг бузилишига айбдор бўлган шахслар қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиладилар...”, дейилади.

  Бундай вайронкор ғоялар билан қандай кураш олиб боришнинг моҳияти Президентимиз И.Каримов томонидан асослаб берилган. Яъни, “Ғояга қарши фақат ғоя, фикрга қарши фақат фикр, жаҳолатга қарши фақат маърифат билан баҳсга киришиш, олишиш мумкин”. Демак, жамиятимиздаги диний саводхонликнинг сифатини яхшилашга уринмоғимиз лозим. Токи фарзандларимиз ким ҳақ ва ким ноҳақ эканини биладиган бўлсин. 

 

“Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасаси 

2 босқич талабаси Ярашев Хабиб

Izoh qoldirish

Izohlar