24.03.2023

ОГОҲЛИК – ХОТИРЖАМЛИК ГАРОВИ

Ҳар бир юртда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурар экан, ўша юртда тараққиёт бўлади. Бизнинг эришаётган ютуқларимиз замирида ҳам ана шу тинчлик-осойишталик ётади. Агар истиқлолнинг ўтган даврига назар ташласак,  юртимизнинг ҳар бир гўшаси, ҳатто энг чекка ҳудудларда ҳам катта ўзгаришлар рўй берганига гувоҳ бўламиз. Юртимиздаги хотиржамлик ва барқарорлик туфайли хонадонларда тўю томошалар, байраму шодиёналар бўлмоқда. Бу неъматларга чин маънода шукрона келтириш ва уларнинг қадрига етиш, доимо ҳушёр бўлиб яшаш керак. 

Юртимиз йилдан йилга обод бўлиб, халқимиз ҳаёт фаровонлиги йил сайин ортиб бормоқда. Демак, биз бунга жавобан кеча-ю кундуз бу неъматларнинг шукронасини адо этиб, ҳушёрлигимизни ошириб  бормоғимиз лозим бўлади. Ҳадиси шарифлардан бирида: “Аллоҳ таоло бандага каттами, кичикми бир неъмат берса ва банда унинг шукронаси учун “Аллоҳга ҳамд бўлсин” деса, шунда у ўша неъматдан ҳам афзалроқ нарсага эришган бўлади”, - дейилади.

Тинчлик ва хотиржамлик улуғ неъмат эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз, аммо уни қадрига етиш лозимлигини ҳар доим ҳам тўғри тушунавермаймиз. Ҳадиси шарифда: “Икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир”дейилган. 

Мавжуд тинчлик ва барқарорликнинг қадрига етмаслик, тинчлик ва хотиржамликни таъминлашга лоқайдлик, бепарволик билан қараш берилган ушбу бебаҳо неъматга нисбатан улкан ношукрлик ҳисобланади. 

Шу ўринда муҳтарам Юртбошимизнинг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарларидаги ушбу қимматбаҳо фикрларни келтириш ўринлидир: “Азалдан маълумки,  бепарво одам душмандан ҳам хавфлироқдир. Чунки душманнинг кимлиги, асл қиёфаси сиз учун олдиндан маълум бўлади. Бироқ лоқайд ва бепарво одамнинг қиёфасини бирданига билиб бўлмайди. Шунинг учун у ичингизда юриб, сизга қарши тиш қайрайдиган душманлар учун имконият яратиб беради. 

Машҳур файласуфлардан бири ана шу ҳаётий ҳақиқатни чуқур таҳлил этиб, қуйидаги ҳаққоний фикрларни баён қилган: “Душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамлардан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади”.

Шу ўринда улуғ бобомиз Алишер Навоийнинг ушбу фикрларини келтириб ўтамиз: “Дўстлар фикридан ва душманлар макридин бепарволиғ жоиз эрмас ва бу иш надоматдин ўзга натижа бермас”, 

  Мевага мағз ўлса бўлур пўст ҳам,

  Кимсага ҳам душман эрур дўст ҳам.

Лоқайдлик ва бепарволик инсониятга катта зарарлар келтириши ҳақида Абдураҳмон Жомий шундай дейди: “Бепарволик минг турли ситамларнинг сабабчисидир”.

Ҳар бир вужудга келадиган ҳолатлардан огоҳ бўлиб, дарҳол олдини олиш зарурлиги ҳақида яна бир улуғ бобомиз Мирзо Бобур шундай дейди: 

Кучинг етар экан, оловни шу он ўчир.

Агар аланга олса, жаҳонни куйдиради.

Душманни ўқ билан уришга қодир экансан,

Унинг камон керишига йўл қўйма! 

Ҳушёрликнинг аҳамияти тўғрисида Муҳтарам Юртбoшимизнинг қуйидaги фикрини келтириш ўринлидир:“Бир ҳaқиқaт ҳaммaмиз учун aён бўлиши кeрaк: ҳушёрлик, oгoҳ бўлиб яшaш, бу бир кунлик ёки бир oйлик мaсaлa эмас, бaлки кундaлик иш , кундaлик aмaлий ҳaрaкaт бўлиши кeрaк”. 

Муқаддас динимиз таълимотини ўрганар эканмиз, у кўз ўнгимизда доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик ва ҳушёрлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, бепарволик ва лоқайдлик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан доимо узоқда бўлишга буюрувчи таълимот сифатида намоён бўлади. 

 

 

Хайрулло Мардонов – Таълим муассасаси 

ўқув ишлари бўйича директор ўринбосари

Izoh qoldirish

Izohlar