ИМОМНИНГ ОРТИДАН “ФОТИҲА” СУРАСИНИ ЎҚИМАСЛИК МАСЪАЛАСИ
Бугунги кунда илм ривожланиб, илм олиш воситалари ҳам кўпайди ва улардан турли хил услуб ва мақсадларда фойдаланиш ҳам кенг оммалашди. Ушбу воситалардан устозсиз, тушуниб-тушунмай маълумот олаётганлар ҳам кўпайиб кетди. Хусусан, диний масъалаларда, янада аниқроқ айтсак, ақидавий ва фиқҳий масъалаларда бошқа мазҳаб ё оқимларнинг маълумотларини, далил ва ҳукмларини ўқиб, кўр-кўрона унга амал қилиш анчагина хатарли ишлардан бўлиб қолди. Бундай масъалаларни албатта аниқ, ишончли, синалган устозлардан ўрганиш керак. Зеро диний масъалаларда адашиш оқибатлари жуда ҳам ёмон эканини ҳар бир озгина исломдан хабари бор инсон жуда яхши билса керак.
Ихтилофли масъалаларда адашишнинг олдини олиш ва у ҳақда аниқ, илмий жавоб бериш мақсадида баъзи ихтилофли фиқҳий масъалаларни ислом уммати тан олган уламолар китобларидан хулоса қилиб, сиз азиз ўқувчиларга ҳавола қиламиз. Бунда ҳинд ўлкасида етишиб чиққан, ўтган аср бошларида яшаган аллома Анвар Шоҳ Кашмирий (ваф. 1933 й.)нинг ихтилофли масъалаларни қандай тушунгани ва уларга қай услубда ечим излаганини кўриб ўтамиз.
Анвар Шоҳ Кашмирийнинг мазҳаблар орасидаги ихтилофли масъалаларда ҳанафий мазҳабининг фойдасига далил бўла оладиган ҳадисларни зукколик билан излаб, уни танлаб олишига ёрқин бир мисол сифатида имомнинг ортида иқтидо қилиб, намоз ўқиётган жамоатнинг “Фотиҳа” сурасини ўқимаслик масъаласидир. Мазҳаблар орасида ихтилофга сабаб бўлган бу масъала хусусида кўплаб китоблар ёзилган, шу жумладан Имом Бухорий “Ал-қироа холфал имам” номли асар ёзиб, бу борадаги ривоятларни унда жамлаган.
Ҳанафийлар бу масъалада имом ортида намоз ўқувчи қироат қилмай, жим туришини таъкидлаганлар. Бунга қарши шофеийлар фарз намоз ўқувчи муқтадийга “Фотиҳа”ни ўқишни фарз қилишган ва бу борада кўплаб китоблар ёзишган. Аллома Кашмирий ҳанафийларни қўлловчи ҳадислар икки дона бўлиб, Бухорий уларни китобида келтирмаган, деб маълум қилган[1]. Кашмирий Имом Байҳақийнинг бир ҳанафий олимга ушбу масъалада танқиди борлигига жавобан мавзуга доир бир асар ёзиш зарурати бор деб ҳисоблаган[2]. Масъалани кенг равишда олган Кашмирий “Сунан Термизий”ни шарҳлашда ўн тўрт бетда бу борада баҳс юритган[3].
Анвар Шоҳ Кашмирий Убода ибн Сомит (ваф: 34/654 й.) ривоят қилган “Фотиҳатул китоб”ни ўқимаганнинг намози йўқдир”[4] деган ҳадисни шарҳлаб, унда икки масъалага урғу берган:
Биринчиси, “Фотиҳа”нинг ҳукми бўлиб, Кашмирийнинг айтиши бўйича ҳанафийларнинг наздида “Фотиҳа” сурасини ўқиш вожиб, қолган уч мазҳабда эса, рукн ҳисобланади.
Иккинчи масъала эса, жамоат имомнинг орқасида “Фотиҳа” сурасини ўқиш ё ўқимаслигидир.
Кашмирий ушбу ҳадис билан биринчи масъалани шарҳлар экан, ҳанафийлар қарашини қўллаб қуйидаги ривоятни далил сифатида келтирган: “Ким имомга иқтидо қилса, имомнинг қироати унга ҳам қироат ҳисобланади”[5]. “Имом қироат қилса, жим туриб, қулоқ солинг”[6]. Сўнгра Убайда ибн Жарроҳ ривоят қилган ҳадисни шарҳлашга ўтиб, ( صلاة لا) – “намози йўқдир” ифодасини баъзи ҳанафийлар айтганидек “мукаммал намози йўқдир” шаклида жавоб беришга қарши чиққан ва қуйидагиларни айтган: “Менинг фикримча бундай жавоб қарши тараф фойдасига эътироз эшигини очиш саналади. Чунки “Фотиҳа”ни ўқиш бизда вожибдир. “Мукаммал намози йўқдир” деган жавобга кўра, намозда “Фотиҳа”ни ўқиш вожиб эмаслиги келиб чиқади. Зеро усул уламолари айтганларидек, субут жиҳатиданми ё далолати жиҳатиданми зонний бўлган бир ҳадис билан вожиблик собит бўлмайди”[7].
Кўриниб турганидек, Кашмирий усул қоидаларини ишлатиб, кўринишда ҳанафийлар фатвосига қарши кўринган бир ҳадисни ҳанафийларнинг далиллари таркибига олиб кирган. Шунингдек, “Ла солата” дан сўнг “камила” сўзини тақдир қилиш – бор деб фараз қилиш араб тили нуқтаи назаридан фасоҳатли гапириш бўлмаслигини, наҳв-грамматика олимлари бу ишни очиқ равишда қилмаслигини айтиб, ўз фикрини билдирган[8].
Анвар Шоҳ Кашмирий “Муззаммил” сурасидаги “Қуръондан муяссар бўлганича ўқинг” деган оят билан баҳс қилинаётган ҳадис ўртасида ўзаро мувофиқлик борлигини айтиб, бу борада ҳанафийларнинг қараши ниҳоятда тўғри эканини таъкидлайди ва намозда “Фотиҳа ва замми суранинг ҳукми бир хил ‑ вожиб деб уқтиради. Кашмирий шофеийларнинг “Фотиҳа” ўқишни фарз, замми сурани суннат дейишларини танқид қилиб, намозда бу иккисини ўқиш хабари воҳид билан собит бўлганини ва бундай ҳолатда иккисига икки хил ҳукм бериш тўғри эмаслигини таъкидлайди.
Хулоса қилиб айтганда, ҳанафийларнинг айтгани каби умумий маънода намозда қироат қилиш оят сабабли фарз, “Фотиҳа” ва замми сура бўлса, хабари воҳид билан собит бўлгани учун иккисининг ҳукми вожиб бўлиши энг тўғридир[9].
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Кашмирий, Арфу-ш-шазий, I, 302.
[2] Кашмирий, Арфу-ш-шазий, I, 302.
[3] Кашмирий, Арфу-ш-шазий, I, 302-316.
[4] Абу Довуд, Солат, 823. Ҳадиснинг матни: الكتاب بفاتحةيقرأ لم لمن صلاة لا
[5] Ибн Можа. Иқомату-с-солават, 13; Байҳақий. Сунан. II, 160.
[6] Муслим. Солат. 16, Насаий. Ифтитоҳ. 30.
[7] Кашмирий. Маорифу-с-сунан. II, 385-386.
[8] Кашмирий. Арфу-ш-шазий. I, 253-254.
[9] Кашмирий. Маорифу-с-сунан, II, 394-395.
Izohlar