ДИНДОШЛАР БИРЛИГИ ЁҲУД АСҲОБЛАР ХУЛҚИ
Маълумки динимиз биз мусулмонларни бирдамликка чорлайди. Бирдамлик биродарининг айбини яшириш, камчиллигини тузатиш ва бир бирига доимо яхши ишларда хайриҳоҳ бўлиш билан уйғунлашади. Тарих зарварақларига назар солсак мусулмонлар, хусусан саҳобалар ахлоқига ҳамда бирдамлигига тасанно айтмаслик имкони йўқ.
Уҳуд жангида енгилишгач, мусулмонлар саркардаси Уҳуд тоғига узоқ тикилиб, ёнидагилардан сўради:
—Тепаликни тарк қилган камончи-ўқчи саҳобалар кимлар эди?
Жавоб бўлмади. Бироз вақт ўтиб яна қайта сўради:
—Тепаликни қайси ўқчи саҳобалар тарк қилишган эди?
Анча сукунатдан сўнг:
— Билмаймиз, хўжам! — деб жавоб беришди ҳижолат тортишиб.
Шу пайт унинг тилидан ҳар биримизнинг қалбимизни титратадиган калималар тўкилди ва айтди:
— Тепаликни тарк қилган камончи-ўқчи саҳобалар кимлар эди! Ишонинг, буни мен ҳам билмайман...
Аслида буни ҳеч ким билмайди. Бу ҳеч бир тарих китобларида ёзилмаган...
Бу камончи-ўқчилар кимлигини, ҳатто, уларнинг ўз фарзандлари, аёллари ҳам билишмаган. Чунки мусулмон асҳоблари бу ҳақтда ҳеч кимга ҳеч нарса гапирмаган, уларнинг кимлигини махфий тутишган. Аллоҳ улардан рози бўлсин!
Ҳатто йиллар ўтиб, баъзи ҳодисалар туфайли бир-бирларига қарши бўлиб қолган саҳобалар ҳам уларни аниқ билсалар-да, "сен Уҳуд жангида тепаликни тарк этиб, қочгансан" дея маломат қилишмаган экан. Энг мушкул вазиятларда ҳам бир-бирларининг хатоларини юзларига солишмаган...
Хулоса: Бир-биримизни ёмон отлиғ қилиш учун, ғийбат қилиш учун заррача хатосини ҳам филдек қилиб, ошириб кўрсатамиз. Ҳатто, "бор нарсани гапиряпман, мени ғаразли ниятим йуқ" деб ўзимизни юпатиб, биродарларимизнинг гўштини чайнаш учун энг қулай фурсат излаймиз...
✍️ Муҳиддин Мусулманов, Шўрчи туманидаги "Домла Қосим жоме масжиди" имом хатиби.
Izohlar