ШОМ НАМОЗИНИНГ ФАРЗИДАН ОЛДИН ИККИ РАКАТ НАМОЗ ЎҚИШ
Фиқҳий масъалалардаги ихтилофларни англаш борасидаги ҳаракатимизни давом эттирамиз. Иккинчи ўрганадиган ихтилофли масъала бу шом намозининг фарзини ўқишдан олдин икки ракъат нафл намоз ўқиш ҳисобланади. Бунинг ҳукмини билиш учун энг аввало Кашмирийнинг Абдуллоҳ ибн Муғаффал (ваф: 59/679 й.)дан қилган ривоятини кўриб чиқамиз. Бу ривоят Аллома томонидан ҳанафийларнинг қарашларини қўллаб-қуватланганига яққол бир мисол бўла олади. Бу ривоятга кўра, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай деганлар: “Хоҳлаган кишига азон ва такбир ўртасида намоз бор”[1].
Аҳмад ибн Ҳанбал ва Исҳоқ ибн Роҳавайҳ каби баъзи мазҳаб имомлари ушбу ҳадиснинг умумий маъносидан хулоса қилиб, шом намозидан олдин икки ракат намоз ўқиш мустаҳаб амал дейишган бўлса, Имом Абу Ҳанифа бу намозни макруҳ деб ҳукм чиқарганлар. Тоҳовий[2], Айний[3] каби муҳаддислар билан бир қаторда Кашмирий ҳам ҳанафийларнинг бу қарашини тўғри деб билиб, уни қўллаб қувватлаган. Кашмирий “Сунан Термизий” шарҳида бу ривоятни шофеийларнинг далили эканлигини айтиб, ҳанафийларнинг далилларини зикр этган ва юқоридаги ҳадисни таъвил қилган. Кашмирий ўзининг “Арфу-ш-шазий” асарида бу борада келтирган далиллари қуйидагилардир:
- Суннатга тўлақонли умрини берган ва ҳар бир суннатга амал қилиб юрган Абдуллоҳ ибн Умар (роззияллоҳу анҳу) шундай деганлар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) замонида ҳеч кимнинг шомдан олдин икки ракат намоз ўқиганини кўрмадим”[4]. Кашмирий ушбу ҳадис санадини “ҳасан” деб айтиб, шунга кўра ҳукм чиқарган.
- Кашмирий “Сунан Абу Довуд”да келган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Шом намозидан олдин икки ракат намоз ўқинг” дегандан кейин иккинчи марта такрорлаб туриб, одамларнинг бу намозни суннат деб тушунмасликлари учун “хоҳлаган ўқисин”[5] деган гапни қўшимча қилишларидан ҳам Аллома далил сифатида фойдаланган.
- Баззор (ваф. 292/905 й.) ва Ибн Шоҳин (ваф. 385/996 й.)нинг бу ривоятни насх-бекор бўлган деганларини ҳам далил қилган Кашмирий ҳадисда келган “Шом намози бундан мустасно”[6] деган гапни носих-олдинги ҳукмни бекор қилувчи деб таъкидлаган.
- Шунингдек, Анвар Шоҳ бу ҳадисдан мақсад азон ва иқомат орасида икки ракъат намоз ўқигудек даражада вақт ўтиши кераклигини айтган ва бу борада Баззорнинг “Муснад”ида келган “Ҳар бир азон ва иқомат ўртасида бир намоз бордир, шом намози бундан мустасно”[7] деган ҳадиси билан далиллантирган.
Хулоса қилиб айтганда, Кашмирий бу ва бунга ўхшаш далиллар билан шом намозидан олдин икки ракъат намоз ўқиш мустаҳаб амал эмаслигини исботлаган[8]. Бундан биз ҳанафийлар тутган йўлнинг нақадар тўғри эканлигини, бизнинг юртлардаги ҳолат ҳам узоқ асрлардан бери айнан шу асл йўлда барқарор бўлиб келаётганидан қувониб, Аллоҳга шукрона сифатида тилга олишимиз керак. Шу билан бирга соҳа мутахассислари, олимлар ва масъул шахсларга ёш авлодни ушбу йўлдан оғмасдан, тўғри фиқҳий ва эътиқодий мазҳабда амал қилиб яшашлари учун уларга оқни оқ, қорани қора, ҳақни ноҳақдан, тўғрини нотўғридан далил ва ишонч билан айириб кўрсатиб беришдек улкан вазифа юкланади.
Ҳошимжон Низомиддинов – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
[1] Бухорий. Азон, 14. Термизий. Солат, 23.
[2] Тоҳовий, Шарҳу мушкилул осор. XIV, 123.
[3] Айний, Шарҳу санан Абу Довуд. V, 178.
[4] Абу Довуд, Салот, 11.
[5] Абу Довуд, Солат, 11.
[6] Баззор, Муснад. X, 303.
[7] Баззор, Муснад. X, 303.
[8] Кашмирий. Арфу-ш-шазий. I, 201-202.
Izohlar