Рамазон ойининг фазилати
Диёримизга ойларнинг султони, меҳр-шафқат саховат рамзи бўлган, Қуръони карим нозил бўлган, фазилати жиҳатидан бошқа ойлардан афзал моҳи Рамазон ташриф буюрди. Аллоҳ таоло барчамизга ушбу ойни муборак қилиб, Ўзи рози бўладиган кўплаб ибодатларни бажаришимизга муваффақ айласин!
Рўза араб тилида “савм” деб аталиб, луғатда “бир нарсадан ўзини тиймоқлик”ни билдиради. Истилоҳда эса “тонгдан шомгача рўзани ният қилиб, уни очувчи барча нарсалардан ўзини тийиш”дир.
Аллоҳ таоло Рамазон рўзасининг ҳукм ва ҳикматларини Қуръони каримда батафсил баён қилиб берган:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آَمَنُوا كُتِبَ عَلَيْكُمُ الصِّيَامُ كَمَا كُتِبَ عَلَى الَّذِينَ مِنْ قَبْلِكُمْ لَعَلَّكُمْ تَتَّقُونَ) سورة البقرة/183(
Яъни: “Эй, имон келтирганлар! Сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди, шояд (у сабабли) тақволи бўлсангиз” (Бақара сураси, 183-оят).
Динимизда ойларнинг ўзига яраша фазилатлари зикр қилинган бўлиб, Рамазон ойи улар ичида алоҳида ажралиб туради. Қуйидаги ҳадиси шарифда шу фазилатларга ишора қилинади:
Бу ойнинг бир қанча фазилатлари борки, уни ўзга ойлардан устун қилади:
1. Рамазон ойи – Қуръон ва бошқа илоҳий китоблар: Иброҳим алайҳиссалом саҳифалари, Таврот, Забур ва Инжил нозил бўлган ойдир (Имом Табарий Абу Жалддан ривоят қилганлар). Бу китоблар инсониятган раҳмат ва ҳидоят бўлиб келган. Инсониятни икки дунё саодатига бошлаган. Куфр ва исён зулматидан имон ва тоат ёруғлигига олиб чиққан.
Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай дейди:
شَهْرُ رَمَضَانَ الَّذِي أُنْزِلَ فِيهِ الْقُرْآَنُ هُدًى لِلنَّاسِ وَبَيِّنَاتٍ مِنَ الْهُدَى وَالْفُرْقَانِ
Яъни: “Рамазон ойи – одамлар учун ҳидоят (манбаи) ва тўғри йўл ҳамда ажрим этувчи ҳужжатлардан иборат Қуръон нозил қилинган ойдир....” (Бақара сураси 185-оят).
Қуръони каримнинг бошқа ўринларида Қуръон нозил бўлган кеча ҳақида айтилади:
إِنَّا أَنـزلْنَاهُ فِي لَيْلَةٍ مُبَارَكَةٍ
яъни: “Албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик”. (Духон сураси 3-оят).
إِنَّا أَنْزَلْنَاهُ فِي لَيْلَةِ الْقَدْرِ
яъни: “Албатта, Биз уни (Қур'онни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр сураси 1-оят).
Қуръони карим 23 йил давомида тарқоқ ҳолда нозил бўлган бўлсада, мазкур оятларда бир кечада нозил қилингани хабари берилмоқда. Буни муфассирлар Лавҳул маҳфуздан дунё осмонига бир жумла қилиб туширилиши билан изоҳлайдилар.
2. Рамазон ойи – таровиҳ ва таҳажжуд ойидир. Бу ойда фурсатни ғанимат билиш учун одатдаги ибодатларга қўшимча равишда 20 ракат таровиҳ намози суннат қилинган. Бу эса савобларнинг бир неча баробар бўлишига сабаб бўлади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай дейдилар:
مَنْ قَامَ رَمَضَانَ إِيمَانًا وَاحْتِسَابًا غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ
رواه الامام البخاري عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه
яъни: “Ким имон билан, савоб умидида Рамазон кечалари қоим бўлса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Имом Бухорий ривоятлари).
3. Рамазон ойи – Аллоҳ таолонинг раҳмати ёғиладиган, жаннат ясантириладиган, дўзах эшиклари ёпиладиган, шайтонлар кишанланадиган ва кўп бандаларнинг гуноҳлари кечириладиган ойдир. Бу ой – гуноҳлар кечириладиган вақтдир. Бу ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:
مَنْ صَامَ رَمَضَانَ إيمَاناً وَاحْتِسَاباً ، غُفِرَ لَهُ مَا تَقَدَّمَ مِنْ ذَنْبِهِ
متفقٌ عَلَيْهِ عن أَبي هريرة رضي الله عنه.
яъни: “Ким Рамазон ойида имон билан, савоб умидида рўза тутса, унинг ўтган гуноҳлари кечирилади” (Муттафақун алайҳ).
Бундан бошқа бу ойнинг биз билган ва биз билмаган қанчадан қанча фазилатлари бор. Шундай экан азизлар бу ойни ғанимат билиб, шу фазилатларга олиб борадиган ишларга ҳар қачонгидан кўра эътиборли бўлиб ҳаракат қилишимиз зарур...
Аллоҳ таоло барчаларимизни ўзи суйган ва рози бўладиган ишларда бардавом қилсин. Ассалому алайкум ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ.
Мамаюсупов Жўрахон – Имом Термизий ўрта
махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси
Izohlar